Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдураҳмон Абдуназаров режиссёрлигида саҳналаштирилган драмадаги воқеалар шоир хаёлотининг кучи, теран тасаввурининг маҳсули ўлароқ биз билмайдиган олам - боқий дунёда содир бўлади. Инсон ўзига берилган умрни қандай ўтказди, унинг яхши амаллари қанчалигу янглиш, хато ишлари нечоғлик баҳоланади? Вафотидан сўнг боқий дунёга рихлат қилган одамзод руҳи қай гўшадан абадий қўним топади: жаннатданми ёки дўзахдан? Асар бош қаҳрамони бўлган Йигитга эса жаннатга йўл олмоғи учун бор-йўғи икки пайсагина савоб етмай турибди. Тарозибон йўриғи билан у Аросат дашти, Жаннат қасрида бўлади, ота-онаси билан дийдорлашади. Дўзах дарвозаси олдида учрашган чин дўстига ҳам шу икки пайса савоб етмаётганини билгач ўзининг савоб амалларидан озгинасини унга нисор этмоққа аҳд қилади. Неажабки, Дўстнинг қалбида ҳам шу орзу, шу ният бор эди. Алалоқибат, бир-бири учун бу қадар жонфидо бу икки инсон Яратганнинг инояти билан жаннат васлига нойил бўлади.
- Инсон ёши улғайиб боргани сари ортида қолаётган умрига кўпроқ назар ташлайдиган бўлиб бораверади, - дейди Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов. - Қандай яшагани, нималар қилгани, умрини нимага бағишлагани уни кўпроқ ўйлантиради. Ушбу асар ҳар бир одамни шу каби ўй-хаёлларга тортади, уни ўз-ўзини тафтиш қилишга ундайди. Қолаверса, спектаклни саҳнага олиб чиққан ижодий жамоанинг меҳнати таҳсинга сазовор.
Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, ушбу асар вилоятимиз театрида бундан роппа-роса 30 йил илгари саҳна юзини кўрган. Бу гал эса ижодкор асарни мусиқали драма тарзида томошабинга тақдим этди.
- Илк марта ўқиганимдаёқ бу асар мени ўзига оҳанрабодай тортганди, - дейди спектакль режиссёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдураҳмон Абдуназаров. - Кейинроқ билсам, мен драмани саҳналаштираётган пайтимда шоирни айни шу асари учун ноҳақ айблаб, сиқувга олишган, шўро тузуми ғоялари учун ёт асар деб баҳолашган экан. Бу ҳақида Абдулла Ориповнинг хотираларида ҳам қайд этилган. Лекин асарнинг илк намойишида иштирок этган (ўша пайтларда вилоят обкоми биринчи секретари бўлиб ишлаётган) Биринчи Президентимиз спектаклни жуда юқори баҳолаганди. Бу эса шоирнинг ҳам, менинг ҳам юзимизни ёруғ қилган, ҳақиқат қарор топган эди.
- Драма ёзилаётган вақтда шоир бетоб эди, - дея эслайди Абдулла Ориповнинг умр йўлдоши Ҳанифа Орипова. - 1978 йил эди, ҳар куни кўргани борганимизда қўлёзмани бериб юборар, мен уйга келиб машинкада оққа кўчирардим. Асар ўша даврда Ўш театрида ҳам саҳналаштирилганини яхши эслайман. Аммо Қашқадарё вилоят мусиқали драма театрида муваффақият билан саҳналаштирилгани бизни ниҳоятда севинтирганди. Бугун ҳам асарни томоша қилар эканман, назаримда, шоир руҳи ўзи илҳом билан тасвирлаган жаннатлардан бизга қараб тургандай...
Ҳаяжонли кульминациянинг кутилмаган ва ечими: икки дўст, икки чин инсонга олий мукофот - жаннатга йўл очилганидан дарак бериб, илоҳий Садо янграйди. Томошабин нафасини ичига ютиб, сўнг саҳнани кутади. Асарни Садо етказган хабар якунлаган бўлса, спектаклда бу вазифани жамоанинг биргаликда муқаддас диний манба - Қуръони каримдан олинган пурмаъно жумла билан бошланувчи, Қаҳрамон шоиримизнинг "Ҳаж дафтари" туркумидан олинган "Қум фа анзир!" шеъри асосидаги зикр-қўшиқ ижроси муваффақият билан бажарган:
Қум фа анзир! - Тур ва огоҳ эт,
Ёта берма мисоли танбал.
Қум фа анзир! - Тур ва огоҳ эт,
Зиммангга ол курашни дангал...
Вилоятимизда спектакль намойиши давом этади.
Х.ҚИЛИЧЕВА