Хўш, уларнинг даъво ва фатволари қанчалик асосли?
Аввало, шуни айтиш керак, бу тариқат вакиллари эҳтиёти пешин ўқилиши шарт, деб биладилар ва бир неча йиллардан буён Ўзбекистон мусулмонлари идорасига шу масалада фатво чиқарилишини сўраб мурожаат қилишади. Буни қуйидагича тушуниш лозим: Аллоҳ таоло жума намозини фарз қилган. Аммо жума ўқилиши учун бир неча шартлар топилиши лозим.
Д.Турсунов эса бизнинг диёрларда ҳам эҳтиёти пешин намози ўқиш лозимлигини таъкидлаб келади. Маълумотларга қараганда, у ва шогирдларидан бўлган бир неча имомлар, ҳатто Умра ва Ҳаж зиёратлари вақтида ҳам зиёратчиларни эҳтиёти пешин ўқишга даъват қилиб келганлар.
Дарҳақиқат, ҳанафий мазҳабида жума ўқилишининг бир неча шартлари бор. Жумладан, ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларидан бири “ал-Мабсут” асарида қуйидагилар санаб ўтилган: шаҳар бўлиши, ҳоким томонидан рухсат этилган бўлиши, изнул-ом, жамоат бўлиш, вақт, хутба ўқилиши лозим.
Агар ушбу шартлардан бирортаси мавжуд бўлмаса, жума намозининг мукаммал бўлиши ва ундан олдинроқ кимдир ўқиб бўлганлигига шубҳа уйғонади. Шунда эҳтиёти пешин намозини ўқиб қўйиш кераклиги тўғрисида баъзи уламолар фатво чиқарганлар. Жумладан, Имом Абу Ҳанифа мазҳабида агар жума намозининг шартларидан бирортаси мукаммал бўлмади, деб шубҳага борса, жума намозидан кейин охирги пешинни ният қилиб, одамларни иккилантирмаслик учун ўз уйида тўрт ракат ўқийди, деб фатво берилган. Бироқ уларнинг бир нечаси замон тақозоси билан ўз кучини йўқотган ва кўплаб уламолар томонидан бу ҳақда фатволар чиқарилган.
Жумладан, мусулмон дунёсининг етук илм марказларидан бири Мисрдаги ал-Азҳар мажмуасининг 734-сонли “Жума намозидан кейин пешин ўқилиши ҳақида”ги фатвоси айнан ушбу масала хусусидадир. Унда, жумладан, шундай дейилади: “Жойнинг тор бўлиб қолиши ёки эски шаҳарда икки душман тоифанинг вужудга келиши ва уларнинг бир масжидда бирлашиши фитнага сабаб бўлиши мумкин бўлганда, бир шаҳар аҳолиси бошқа масжидда жума ўқишлари мумкин.
Бундан кейин эҳтиёти пешин ўқилиши ҳақидаги гапнинг на Китоб ва на суннатдан далили йўқдир. Ишончли (саҳиҳ) гап шуки, зарурат ва эҳтиёж бўлса, бир шаҳарда бир неча жума ўқиладиган масжид бўлиши мумкин. Бу барча фуқаҳолар иттифоқ қилган ва шариат руҳига мос келадиган гапдир. Уламоларнинг фикрича, ибодатнинг моҳияти Расулуллоҳ (с.а.в.)га мувофиқ бўлишликдир. Жума намозидан кейин эҳтиёти пешин ўқиш ҳақида эса Муҳаммад (с.а.в.) ҳеч нарса демаганлар.
Иккинчи масалага муносабатимиз шуки, бу тариқат тарафдорлари Марказий Осиё мусулмон халқларининг баъзилари ўртасида тарқалган марҳумга атаб ўтказиладиган “давра” маросимининг шариатда буюрилганига етарли далиллар бор, деб исботлашга ҳаракат қилади ҳамда бу маросим амалга оширилишини талаб этади.
“Давра” дегани луғатда “айланиш” маъносини англатади. Бу ўринда “давра” ўлган кишига атаб ўқиладиган маросим бўлиб, маййитга ҳали жаноза ўқилмай туриб амалга оширилади. Бунда марҳумнинг умри давомида ўқиши зарур бўлган намозлари ва амалда ўқиган намозлари ҳисоблаб чиқилади. Рўзалари ҳам шу тарзда ҳисобланади. Шундан кейин адо этилмай маййит зиммасида қолган ибодатлар пул ёки буғдой ҳисобида кўпайтирилиб, марҳум қолдирган мулкнинг меросхўри бир қисмини эҳсон қилиши талаб этилади. Меросхўр муайян маблағни (мисол учун 200 минг сўмни) даврадагиларга беради. Улар бу маблағни олиб марҳум ибодатларини бажара олмаган йиллари миқдорида (60 ёшга кирган бўлса, унга 12 ёшда намоз ва рўза каби ибодатлар фарз бўлган деб, қолган 48 йил учун 48 марта) ҳалиги маблағни даврада бир-бирларига ўтказишади. Бунда бир киши қуйидаги сўзларни айтиб туради:
“Сизларнинг қайси бирингиз яхшироқ амалларни қиласиз, деб ўлим билан ҳаётни яратган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Фалончи фалончининг ўғлининг зиммасида рўза, намоз, ҳаж, закот ва бошқа вожиблардан Аллоҳ таолонинг ҳаққи бўлса, баъзиларини адо қилиб, баъзиларини адо эта олмай қолган бўлса, ҳозир ўлим ва намозининг фидяси сифатида сизга мана шу маблағни бераман”.
Шу тариқа даврада мавжуд бўлганларнинг ҳар бири ҳалиги маблағни қабул қилиб олади ва ундан кечади. Олди-бердининг саноғи марҳумнинг умрига қараб бўлади. Шундай қилиб, даврага йиғилганлар маййит зиммасида бўлган намоз ва рўзалар учун меросхўрдан муайян бир (баъзида аввалдан келишиб олинган) маблағни оладилар.
Бу иш ҳийлаи шаръий, яъни шариат ишида қўлланиладиган ҳийла ҳисобланиб, асл шариат манбаларида унга оид бирор кўрсатма қайд этилмаган.
Д.Турсунов ўзини Нақшбандия тариқатининг ҳақли давомчиси деб билади ва бошқа пирликни даъво қилиб келаётганларни кескин қоралайди. У Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган тариқат вакилларидан баъзиларини ошкора тарзда адашганлик ва ҳатто куфрда айблаган ҳолатлари бўлган.
Фақат ўз қарашларини тўғри деб, бошқаларни ошкора танқид қилиш фитнага сабаб бўлиши ҳеч кимга сир эмас.
Аслини олганда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро мамлакатда амалда бўлган қонун ва қонун ости ҳужжатларини, жумладан, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунни ҳурмат қилиши лозим. Бироқ ҳозирги кунда мамлакатимизда мавжуд тариқатчилар томонидан бунга риоя қилинмаётганини кузатиш мумкин. Жумладан, мазкур қонун меъёрларига зид равишда ўзига шогирд (мурид) танлашда кишиларнинг ёши, диний билими ва шариат қоидаларини қай даражада билишини текширмасдан қабул қилади. Шогирдлар ёши чегараланмаган. Бу масалага доир бир неча муаммолар мавжуд.
Хўш, тариқатчилар жамиятга қандай хавф туғдиради ўзи?
Тарафдорларнинг кўпайиши, моддий базанинг мустаҳкамланиши, тариқатлар ўртасидаги келишмовчиликларнинг чуқурлашуви жиддий ижтимоий ва сиёсий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Тариқатчилар томонидан шариат талабларининг нотўғри талқин қилиниши, анъанавий ислом тамойилларига қарама-қарши қоидалар ишлаб чиқилиши тариқат тарафдори бўлганлар ва диний муассасалар ходимлари ўртасида норозиликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Ҳар қандай тариқатга раҳбарлик қилиш бир жиҳатдан моддий тушумлар билан ҳам боғлиқ. Бу эса “тахт вориси” ким бўлади, деган масалада тариқатчилар ичида низолар юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Бунга Иброҳим эшон вафотидан сўнг унинг тарафдорлари орасида келиб чиққан келишмовчиликлар, ўзининг пирлигини исботлаш учун бошқа даъвогарларни куфрда айблаш ҳолатларини мисол келтириш етарлидир.
Тариқатнинг навбатдаги раҳбари Тожикистон, Қозоғистон ёки Қирғизистон каби қўшни давлатлардан бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бу эса айрим ғаразли кучлар учун қулай омил бўлишини унутмаслик керак.
Ёш-ёш йигитлар салла, чопон, махси-калиш кийиб, “дунё ишлари бизга қизиқ эмас”, деб жамиятдан ажралиб қолишлари, оила, қариндош-уруғлар ва бошқа яқинларидан узоқлашишлари ижтимоий вазиятга ўта салбий таъсир кўрсатиши турган гап.
Шундай шароитда нима қилса бўлади? Бу борада муаммолар бўлмаслиги учун қандай чора-тадбирларни амалга ошириш зарур?
Мазкур жараёнда бирламчи ислом манбалари асосида тариқатчиларнинг шариатга ва ижтимоий қонунларга зид бўлган амалиётларини фош этиш; жойлардаги нуфузли имомлар билан тариқатчилар ўртасида мулоқотларни ташкил этиш ва мавжуд зиддият ва тушунмовчиликларни бартараф этиш; маҳалла оқсоқоллари, маслаҳатчилар ва имомлар томонидан тариқатга кирган ёшларнинг ўз оилаларини ташлаб, пирнинг хизматига кетиб қолишлари, таркидунёчиликка берилишлари (нафақаи рўзғор – эркак кишига фарз), шунингдек, фарзандларини дунёвий таълимдан четлатишларининг олдини олиш бўйича мунтазам ишлар олиб бориш талаб қилинади.
Раҳматилло УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби