Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

07.11.2024


Жанубий вилоятлар ишбилармон доиралари иштирокида

Жаҳон ва биз

Келгуси йил 10-12 январь кунлари Хитой Халқ Республикасидаги Гуанчжоу шаҳрининг тарихий кўчаларидан бири - Бейжин Луда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси, туризм ва бизнес салоҳияти намойишига бағишланган тақдимот ҳамда b2b форматидаги музокаралар ташкил этилади.

 Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги Бош консулхонаси ходимлари томонидан "Canton Enterprises Chamber of Commerce" ташкилоти раҳбарияти билан ўтказилган учрашув чоғида келишиб олинди, дея хабар қилади "Дунё" ахборот агентлиги.

Маълум қилинишича, учрашув доирасида Хитой томонига мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳияти, бизнес муҳити ва сармоядорларга яратилган қулай шарт-шароитлар тўғрисида  батафсил маълумот берилди.

Томонлар ўзаро бизнес миссияларни ташкил этиш орқали ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, аниқ қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашди.

Икки мамлакат корхоналари ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш мақсадида    Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ишбилармон доиралари ҳамда "Canton Enterprises Chamber of Commerce" ташкилотига аъзо корхона вакиллари ўртасида онлайн бизнес-форум ўтказиш ва келажакда делегацияларнинг ўзаро ташрифларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўз мухбиримиз

Report typo