- Имконияти чекланган хотин-қизларни янги тизим бўйича иш билан таъминлаш мақсадида, биринчи навбатда, вилоят ҳокимлиги томонидан уларнинг рўйхати шакллантирилди, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Рисолат Эшқобилова. - Дастлабки маълумотларга кўра, вилоятда 90 нафар ногирон, уй-жойга муҳтож опа-сингилларимиз тикувчилик билан шуғулланиш имкониятига эга. “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятининг вилоят ҳудудий филиали томонидан уларнинг 27 нафари тикув машиналари ва хомашё билан таъминланди. Касаначиларнинг ҳар бирига меҳнат дафтарчалари очилиб, иш ҳақлари пластик карточкаларга ўтказилмоқда. Улар пахта йиғим-терим мавсуми учун зарур этак, қўлқоплар, уруғлик солинадиган қопча, махсус иш кийимлари каби соҳада зарур бўлган маҳсулотларни тайёрлаб беришмоқда. Бошпанага эҳтиёжи бор касаначиларнинг иш ҳақи “Қишлоқ қурилиш банк”да уй-жой сотиб олишга бошланғич бадал сифатида шакллантирилиши мумкин.
Бундай эътибор уй-жойга муҳтож ногирон хотин-қизларни руҳлантириб, уларнинг ўз кучига, эртанги кунига ишончини мустаҳкамламоқда.
Улардан бири Дилфуза Бўронова Қамаши туманининг Бердоли қишлоғида туғилган. Унинг имконияти чекланган бўлса-да, меҳнатга иштиёқи баланд, қалби пок, иродаси мустаҳкам, сабр-бардошли. Ана шу хислатлар унинг ҳаётда ўз ўрнини топишида қўл келмоқда.
Болалигидан қўғирчоқ ўйнашни хуш кўрадиган қизалоқ ҳар хил қийқим матолардан ўйинчоқ ясаб овунди. Аста-секин бу қўғирчоқларга кийим тикиш истаги пайдо бўлди. У ҳаракатчанлиги ва тиришқоқлиги туфайли мазкур ишнинг уддасидан чиқди.
- Ана ўша пайтларда мурғак қалбимда тикувчиликка ҳавас уйғонган эди, - дейди Дилфуза. - Шукурки, қўлларим бутун. Шунинг учун ҳам оёқларимга аталган жон қўлларимга ўтиб қолган, дея ўзимга ўзим тасалли бердим.
Дарҳақиқат, интилувчан, тиришқоқ Дилфуза фақат қўғирчоқ учун либос эмас, ўзининг тикув машинасида турли кийим-кечак, кўрпа-ёстиқ жилдлари тикиб, чеварликда тез тилга тушди. Ана шундай бир пайтда, яъни 2008 йилда “Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фонди вилоят бўлими имконияти чекланган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грантини ютиб олишга муваффақ бўлди. Ушбу грант маблағлари Дилфуза Бўронова сингари хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилди.
- “Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Шарофат Ашурова ва Ногиронлар жамияти туман бўлинмаси раиси Саодат Ҳамидова кўмагида “Дилфуза” ўқув марказини очдим ва ёш қизларга, келинларга тикувчилик сирларини ўргата бошладим, - дейди Дилфуза. - “Қамаши пахта тозалаш” АЖ, Қизилтепа санаторийси ва туман тиббиёт бирлашмаси билан шартнома имзоладик. Ҳар йили уларнинг буюртмаси билан касаначилик асосида кўрпа-кўрпача, ёстиқ ва чойшаблар тикиб бераяпмиз.
Интилган, изланган Дилфуза ҳамкорлар топди, улар билан алоқаларни мустаҳкамлади. Ана шу ҳамкорлик ортидан унга “Қамаши пахта тозалаш” акциядорлик жамияти томонидан сўнгги русумдаги тикув машинаси совға қилинди. Бунга жавобан тикувчи ўн мингта фартук тикиб, ишлаб топган маблағи эвазига янги қурилаётган арзон уйлардан бирининг эгаси бўлмоқчи.
Шундай иродали инсонлардан яна бири – биринчи гуруҳ ногирони, китоблик Нигора Собирова. 2016 йилда “Жасорат” медали билан тақдирланган. У бу мукофотга ўз меҳнати билан эришди. Нигоранинг қўлидан нималар келмайди, дейсиз, қўли гул, ҳунарманд...
Аммо... У ҳамма аёллар бажара оладиган рўзғор юмушларини бажара олмайди. Бунга қодир эмас. 20 йилдан буён аравачада, бировнинг кўмагига муҳтож.
- Дастлаб бу фожиани кўтариш оғир кечиб, умидсизликка тушдим, - дейди Нигора Собирова. - Кейин ўзимни тайёрлаб бордим. Аста-секин кўникдим. Юролмасам нима бўлибди? Жоним омон-ку. Қўлларим бутун-ку. Демак, яшасам, ишласам бўлади, дея ўзимга ўзим тасалли бердим.
У ўзини ишга бағишлади. “Қачон нафақамни олиб келишаркин?”, деб эшик пойламайди. Эртанги кунга интилиб, эртанги кундан умид қилиб яшади.
- 12 ёшимда онам ва опамдан кўйлак, кашта, дўппи тикишни, гилам, нимча тўқишни ўрганганман, - дейди Нигора Собирова. - Шу ишларни давом эттирдим. Тикувчилик ҳам, тўқувчилик ҳам қилдим. Совғабоп буюмлар, юмшоқ ўйинчоқлар, қийқимлардан чиройли қуроқлар тайёрладим. Аммо қадалиб ўтириб, чизмакашлик қилиш, кўйлак тикиш, тўқиш осон кечмади. Белларим оғриб, қўлларим толиқиб қоларди. Аммо ҳеч қачон бошлаган ишимни тугатмасдан қўймасдим. Сабр, бардош, ирода, матонат ҳамиша ғолиб чиқаверарди.
Нигора Собировани сўраб келувчилар жуда кўп. Шу сабабли уйи ҳар доим гавжум. Биров иш ўргангани, биров уни кўргани, яна биров суҳбатлашиб ўтиргани... Бундан Нигоранинг боши кўкка етади. Уларнинг ҳар бирини меҳр билан қарши олади. Меҳр билан уларга ҳунар ўргатади.
- Давлатимиз раҳбаридан жуда миннатдорман, - дейди у. – Биз каби инсонларга ғамхўрлик кўрсатилганидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Яқинда вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда бизга тикув машинаси совға қилишди. Руҳан қўллаб-қувватлашгани эса бизни келажакка умид ва ишонч билан қарашга ундади.
Бундай истеъдод соҳиблари, иродаси мустаҳкам инсонлар орамизда кўплаб топилади. Улар ҳақида ёзишдан мақсад эса, ҳаётга енгил-елпи қараб, бекорчиликда кун ўтказадиган, бирор фойдали ишнинг бошини тутиш ҳақида ўйламайдиган, гўё хорижда тўкин ҳаёт борлигини тасаввур қилиб, кейин қуллик азобини тортаётганларга айнан Дилфуза ва Нигора опадек метин иродали юртдошларимиз ибрат бўлсин, демоқчимиз. Аслида изланган, интилган одамга юртимизда имконият кенг. Зеро, эзгу саъй-ҳаракат ҳеч қачон изсиз кетмайди.
Шоҳиста БОЗОРОВА