Германияда ампутация амалиётини бажаришда фаррошдан ёрдам сўраган жарроҳ ишдан бўшатилди, дея хабар тарқатган LADBible манбаси.
Манбанинг ёзишича, ампутация жараёнида фаррош беморнинг оёғини ушлаб, жарроҳга зарур асбобларни узатиб турган. Амалиёт туш вақтида, шифокорлар билан тўла шифохонада ўтказилган. Дўхтирга бир ҳамкасби ёрдам бериши керак бўлган, бироқ уни шошилинч жараёнга чақиришган.
Шифокорлар фаррош жиддий амалиётда иштирок этганини унинг қўлида қонли дока ўрамларини кўргач билишган. Ҳолат юзасидан бўлган муҳокама якунида жарроҳ ишдан бўшатилган, шифохона бош врачи эса барчадан узр сўраган.
"Бундай бўлмаслиги керак эди", дейилади масъуллар баёнотида.
Ишдан бўшатилган дўхтир ҳолатга изоҳ беришни истамаган. Фаррош ҳам жазоланганми ёки йўқлиги номаълум.