Маълумки, жиноятчилик, қонунбузилиш ҳолатлари ҳар қандай жамиятнинг энг оғриқли нуқталаридан бири саналади. Бундай салбий ҳолатлар авж олган жойда ҳеч қачон аҳолининг тинчлиги ва хотиржамлиги таъминланмайди.
Қайд этиш лозим, сўнгги бир ярим йил давомида бевосита Президентимиз ташаббуси билан соҳада олиб борилаётган ўзгаришлар туфайли мамлакатимизда қонунбузарлик, жиноятчилик ҳолатлари кескин камайган бўлса-да, унинг энг оғир турлари саналмиш ўз жонига қасд қилиш, қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, безорилик, фирибгарлик, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ жиноятлар сони ҳамон юқорилигича қолмоқда. Энг ачинарлиси, ўзбек оилаларида вояга етмаган ўғил-қизларнинг жиноятга қўл ураётганликларини қандай изоҳлаш мумкин? Агар биз бу каби ҳолатларга бефарқ бўлсак, беэътибор қарасак, ўз илдизимизга ўзимиз болта урган бўлмаймизми?
Шу ўринда эътироф этиш керак, мамлакатимизда ички ишлар органларининг моддий-техника базаси тубдан яхшиланди, соҳада кадрларни танлаш, тарбиялаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ишлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Соҳа ходимларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳам юқори. Бироқ соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш ҳамон энг оғриқли нуқталаримиздан бири бўлиб қолаяпти. Айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ўз манфаати йўлида хизмат вазифасини суиистеъмол қилиши, мўмай даромад топаман, деб коррупцияга берилиш ҳолатлари ҳам учраяпти. Давлатимиз раҳбари видеоселекторда бу борадаги камчиликларни аниқ рақамларда келтириб ўтди. Соҳани юрагида ўти, қалбида жасорати бўлган, ҳалолликни ўзи учун дастуриламал қилган кадрлар билан таъминлаш бўйича аччиқ, аммо адолатли фикр-мулоҳазалар илгари сурилди.
Президентимиз айтганидек, фуқароларнинг тинчлиги ва хотиржамлиги бизнинг энг улуғ неъматимиз саналади. Тинчлик-хотиржамлик таъминланган жойга хорижлик инвесторлар, сайёҳлар келади, иқтисодиётимиз жадал ривожланади. Инсонлар бу борада энг аввало давлатимизга, қолаверса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ишонишлари керак. Бу юксак ишончни оқлаш учун эса нафақат соҳа ходимлари, балки барча давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ҳамкорликда иш олиб боришлари зарур бўлади.
Таъкидлаш ўринли, Президентимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолияти очиқлиги, ошкоралигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Масалан, жорий йилнинг бошида республикамиздаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ўтказилган видеоселекторда соҳа раҳбарларига жойларда содир этилаётган қонунбузарликлар, жиноятлар бўйича оммавий ахборот воситаларида мунтазам чиқишлар қилиб бориш бўйича аниқ топшириқлар берилганди. Бироқ афсуски унинг ижроси эътибордан четда қолаяпти.
Прокуратура, ички ишлар бўлимларидан маълумот сўраб, аниқ ахборот ололмай қийналиб юрган ОАВ вакиллари ҳам кўплаб топилади. Ваҳоланки, жойларда содир этилаётган ҳар бир жиноят, қонунбузарлик ҳолатлари ОАВда берилиб, аҳоли эътиборига ҳавола қилиниши керак.
Аслида амалдаги қонунларимизга кўра бу борадаги ахборотларни нафақат ОАВ вакиллари, балки исталган фуқаро мурожаат этиб олиш ҳуқуқига эга. Жиноятни яшириш ёки уни ҳисобга олмаслик энг оғир оқибатларга олиб келади. Халқимизда “Кеча жўжани ўғирлаганга эътибор қаратилмаса, эртага у туяни ўғирлайди” деган нақл бор. Оқибатда ўша жойда жиноят илдиз отади.
Аслида бугун жиноят кўчасига кириб қолганлар биз учун бегона эмас, улар ҳам кимнингдир фарзанди, кимнингдир маҳалладоши, яна кимнингдир ака-укаси, ёру дўстидир. Ички ишлар бўлимлари ҳар бир содир этилган жиноят бўйича тезкор ахборотларни фуқаролар йиғинлари, ҳокимият идоралари, оммавий ахборот воситаларига етказишлари шарт. Тўғриси, бу борада кўрсаткичлар ортидан қувишдек салбий ҳолатларга барҳам бериш вақти етди. Қачонки кенг жамоатчиликнинг жиноятчилик, қонунбузарлик ҳолатларига муносабатини кескин ўзгартира олсак, бугун очилмаган жиноятлар, қидирувда юрган жиноятчилар сони кескин камаяди, албатта.
Президентимиз жиноятчилик ҳолатлари ҳақида энг аввало оммавий ахборот воситалари жар солиши керак, деган фикрни билдирдилар. Жиноятчининг асл башараси ОАВ орқали очиб берилса, бу қамоқ жазосидан кўра жиноятчига оғирроқ таъсир кўрсатади.
Йиғилишда қайд этилганидек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда кўрсаткичларни олдинги давр билан таққослаш амалиёти авж олган. Шу сабабли энди жиноятчиликни жиловлаш бўйича ишлар бутунлай янгича тизимда ташкил этилади. Бу тизим “Жиноят ҳақиқати ва адолат” деб номланади. Масъул раҳбарлар жойларга бориб, содир этилган жиноятнинг сабабларини ўрганади, муҳокама қилади, такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра ҳар ойда шаҳар, туман ички ишлар бўлимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиқлари ҳисоботларини маҳаллий кенгашларда ҳамда МФЙларда эшитиш тартиби жорий этилган бўлса-да, ҳали-ҳануз бу масалага ҳам етарли даражада эътибор берилмаяпти. Натижада маҳаллий Кенгаш депутатларининг бу борадаги фаолияти ҳам деярли сезилаётгани йўқ. Туман, шаҳар ҳокимликлари буни режали ташкил этишлари, ахборотларни эшитиш юзасидан назоратни кучайтиришлари керак.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи туман, шаҳар кенгашлари, бошқа жамоат ташкилотлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда иш олиб борсалар, жиноятчиликнинг илдизига болта урган бўламиз.
Исломиддин АБРОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси