Назорат ва натижа
Ўтган пайшанба - 25 июнь куни ўтказилган профилактика тадбирлари давомида шубҳа уйғотганлиги учун 388 нафар шахс ички ишлар органлари таянч пунктларига олиб келиниб, улар билан профилактик суҳбат ўтказилган ва бармоқ излари олинган бўлса, 5 та тезкор қизиқиш уйғотувчи маълумотлар текшириб кўриш учун масъул хизмат ходимларига тақдим этилган. Хонадонларни ўрганиш жараёнида 499 нафар фуқаронинг ҳуқуқбузарлик содир этгани аниқланиб, маъмурий тартибда чоралар кўрилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси хабар бермоқда.
Маълумки, илгари судланган, жазо муддатини ўтаб қайтган фуқаролар қайта жиноят содир этмаслиги, бошқалар тинчлигига дахл қилмаслиги учун маълум муддат назоратда туради.
Қарши шаҳар Қиличбек қўрғончаси маҳалласида яшовчи, 1983 йилда туғилган, илгари судланган О.Саидов эса белгиланган муддатларда ички ишлар идорасига келиб рўйхатдан ўтмаган. Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 206-моддаси бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Қарши шаҳар маъмурий судига юборилди.
Ғузор тумани Ёнқишлоқ маҳалласида яшовчи, 1993 йилда туғилган Н.Омонқулов ҳали ёш бўлса-да, шу пайтгача 4 марта суднинг қора курсисида ўтиришга улгурган. 2010 йилда Жиноят кодекси 169-моддаси 4-қисми "в" банди билан, 2016 йилда 169-модда 1-қисми, 2017 йилда 168-модда 1-қисми, 2017 йилда 169-модда 3-қисми билан судланган.
Натижада Н.Омонқуловга нисбатан 2019 йил 25 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Ғузор тумани суди томонидан 6 ой муддатга маъмурий назорат ўрнатилган. Бироқ фуқаро ушбу назорат қоидаларини бузган ва 2020 йил 12 мартда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 206-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, базавий ҳисоблашнинг 1 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган. Шунга қарамасдан 2020 йил 21 май ва 2 июнь куни тунги вақтда яшаш уйида йўқлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Н.Омонқуловга нисбатан Ғузор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 226-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Дунё миқёсида коронавирус билан касалланиш кўрсаткичлари ўсиб борар, бутун инсоният синовли кунларда яшаркан, кишиларда ўтган хато ва гуноҳларини сарҳисоб қилиш истаги устувор бўлаётгани ўринли, албатта. Чунки ҳар қандай синов бежиз бўлмайди ва қилинган гуноҳлар учун қачондир жавоб бериш муқаррар. Шу сабаб тақво йўлини тутиб, одамларга қўлидан келганича яхшилик қилаётган, хулқи, феъл-атворини яхшилашга уринаётган кишилар сони кўпаймоқда.
Аммо шундай кишилар ҳам борки, қон-қонига сингиб кетган ёмонлик, ахлоқсизликдан ҳар қандай вазиятда ҳам ўзларини тийиб тура олишмайди.
Мисол учун, Қарши тумани Манғит маҳалласида яшовчи, 1988 йилда туғилган М.Тошев Қарши тумани Пахтазор маҳалласида жойлашган "Ўткир ПТК" МЧЖ биносининг қоровулхонасида 1995 йилда туғилган, Ғузор тумани Хумдон қишлоғида яшовчи М.Самадова ва Яккабоғ тумани Хиёбон қишлоғида яшовчи, 1995 йилда туғилган Д.Ғузоровга яқинлик қилишлари учун шароит яратиб берган ва бунинг эвазига 50 минг сўм олган.
Миришкор тумани Янги Миришкор маҳалласида яшовчи И.Наширова эса яшаш уйида Р.Нургелдиев, М.Ражаббоева, Н.Собиров ва Н.Нуруллаевага шароит яратиб бериб, бунинг эвазига улардан 400 минг сўм пулларини олиб, қўшмачилик қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миришкор тумани ИИБ тергов бўлими томонидан И.Нашировага нисбатан Жиноят кодекси 131-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Маълум бўлишича, шу уйда фоҳишалик қилаётган Н.Нуруллаева 50 минг сўм эвазига, М.Ражаббоева эса 20 минг сўм эвазига "хизмат кўрсатган".
Қарши шаҳар Комилон маҳалласида Қарши тумани Човқай қишлоғида яшовчи, 1992 йилда туғилган С.Тошева 50 минг сўм эвазига Қарши шаҳар Қарлиқбоғот маҳалласида яшовчи, 2001 йилда йилда туғилган Ш.Нурмуҳаммедов билан яқин муносабатда бўлгани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан С.Тошевага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 190-моддаси бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, чора кўриш учун Қарши шаҳар маъмурий судига юборилди.
Яккабоғ тумани Гулистон қишлоғида туғилган М.Равшанова Ғузор тумани ҳудудида 20 минг сўм эвазига Ф.Раҳимқулов билан бирга бўлган пайтда тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олиниб, М.Равшановага нисбатан расмийлаштирилган ҳужжатлар чора кўриш учун Ғузор тумани маъмурий судига юборилди.
Нишон тумани Пахтакор маҳалласида яшовчи, 1988 йилда туғилган Ш.Юлдошева эса кеч соат 23:20 ларда ўз яшаш уйида Навбаҳор маҳалласида яшовчи, 1996 йилда туғилган Ш.Ботировга 5 минг сўм пул эвазига "хизмат кўрсатган".
Юқоридаги ҳолатлардан кўриш мумкинки, барча ҳолларда фоҳишаларга нисбатан чора кўрилган. Аммо "мижоз" бўлмаса, уларнинг ҳам "савдо"си синиши тайин, албатта. Шундай экан, саёқ юрган, нафсини ҳаром йўллар орқали қондиришга ўрганган кимсалар ҳам жазосиз қолмаслиги керак. Фоҳишалик қилгани учун жарима тўлашса, унинг "хизмат"ига борган ҳам жаримани қурутдай тўлаб қўйиши керак. Ҳуқуқбузарликни икки бузуқ содир этсаю, бири сувдан қуруқ чиқиб кетаверса? Қачонки, бу борада ҳам адолат бўлса, тарозининг ҳар икки палласи тенг қўйилса, ҳуқуқбузарликлар сони камайишига эришиш мумкин.
Хулқдаги нуқсонни турли йўллар билан тўғирласа бўлади, аммо онгдаги бузилишни тузатиш учун озмунча вақт кетмайди.
Шаҳрисабз тумани Мактабод қишлоғида яшовчи М.Хамроев телефон аппаратида тақиқланган диний мазмундаги материалларни сақлагани етмагандай тарқатиб ҳам юраркан. Маъмурий баённома шунга биноан расмийлаштирилган.
Нишон тумани Талимаржон шаҳри Тинчлик маҳалласида яшовчи, 1992 йилда туғилган Ф.Тўрақуловнинг ҳам "Samsung J5" русумли қўл телефон аппаратида тақиқланган диний мазмундаги материаллар мавжудлиги профилактика инспектори томонидан аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар Касби тумани маъмурий судига юборилди.
Дин ўрганаман, тоат-ибодат билан шуғулланаман, деган киши учун шароит, зарур адабиётлар, манбалар етарли. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита рухсати ва тавсияси билан чоп қилинаётган китоблар дин арконларини билишга етиб-ортади. Шундай экан, бу борада нимадир ўрганиш учун тақиқланган манбаларга, материалларга мурожаат қилишнинг ҳожати йўқ. Турли сайтлар, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган айрим хабарлар тақиқланишига сабаб нима? Сабаб шуки, бундай материалларда тинчликка таҳдид туғилади, кишилар орасида ихтилоф келиб чиқади.
Нафс истаги инсонни не кўйларга бошламайди?! Шаҳрисабз тумани Қоратут қишлоғида яшовчи М.Бердиев 1999 йилда туғилган, тоғни урса талқон қиладиган, ўқиб, ҳунар ўрганадиган ёшдаги йигит. У эса бунинг ўрнига 20 та елим идиш тайёрлаб, каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини парваришлабди.
Мазкур ҳолат юзасидан, Шаҳрисабз тумани ИИБ ТБ томонидан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Афсуски, бу йигит умрининг энг гуллаган дамларини панжара ортида ўтказишига тўғри келади.
Умр - оқар сув, деганлари бежиз эмас. Шоир ҳам "Энг гуллаган ёшлик чоғимда..." деб бекорга ёзмаган. Ёшлик даврида олинган билим, эгалланган ҳунар бир умр асқатади, ҳаёт йўлларини ёритиб туради.
Аммо 1999 йилда туғилган, Самарқанд вилояти Нарпай туманида яшовчи Г.Худойбердиева Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли истироҳат боғида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, бемақсад юргани аниқланди. Натижада у ИИБ ҳузуридаги реабилитация марказига жойлаштирилди.
Биламизки, Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ, тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Буни тўғри англаган кўплаб фуқаролар бундай буюмларни ўз ихтиёри билан топширмоқда.
Қарши тумани Тўрақул қишлоғида яшовчи, 1999 йилда туғилган Ф.Абруев марҳум бобосига тегишли бўлган "ИЖ" русумли Н56113 серия рақамли, 1964 йилда ишлаб чиқарилган, 16 калибрли ов қуролини яшаш ҳовлисининг ташландиқ қисмидан топиб олиб, ўз ихтиёри билан туман ИИБ ходимларига топширган.
Китоб тумани Жилисув қишлоғида яшовчи, 1985 йилда туғилган Ҳ.Омонов ҳам бобосидан қолган, 1976 йилда ишлаб чиқарилган 16 калибрли ов қуролини молхонадан топиб олиб, қонунга биноан иш тутди.
Маълумотларга кўра, профилактика тадбирлари ўтказилган кун давомида жиноятлар кўп содир этиладиган, одамлар гавжум бўлган жойлар ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиладиган объектларнинг атроф-ҳудудларида 74 та патруллик йўналишлари ташкил этилиб, 136 нафар ов қуролига эга шахслар билан ов қуролини сақлаш, олиб юриш, ов қилиш қоидалари бўйича суҳбатлар ўтказилган.
Албатта, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар вақтида аниқлангани ва бартараф этилгани яхши. Аммо қонунга зид қилмишлар синовли кунларда ҳам тўхтаб қолмагани кишини чуқур мушоҳадага ундайди: инсон хатолардан хулоса чиқариши, тўғри йўлга кириши учун қандай вазиятда қолиши керак?
Н.ХЎЖАЕВ