Жумладан, жисмоний шахслар асосий иш жойидан ташқари бошқа корхона ва ташкилотларда ўриндошлик асосида меҳнат қилиш ҳамда ўзига тегишли мол-мулкни ижарага бериш каби қонун билан тақиқланмаган фаолиятлар билан шуғулланиб, чекланмаган миқдорда даромад олиши мумкин. Олинган даромадлар эса қонунчиликда белгиланган тартибда солиққа тортилади. Жисмоний шахсларнинг даромадларини декларация асосида солиққа тортиш муносабатлари Солиқ кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар асосида тартибга солинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги 3454-сонли қарори билан 2018 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган энг кам даромадини аниқлаш мақсадида уй-жойни ижарага берганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдорлари жорий қилинди.
Унга кўра, ижарага берилаётган турар жойларнинг 1 квадрат метр майдони учун ойлик ижара тўловининг энг кам миқдори Тошкент шаҳрида 4,5 минг сўмни, Нукус шаҳри ва вилоятлар таркибидаги шаҳарларда 3 минг сўмни, бошқа аҳоли пунктларида 1,5 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жисмоний шахсларнинг нотурар жойини ижарага берганлик учун ижарага берилаётган нотурар жойларнинг умумий майдонининг 1 квадрат метр майдони учун ойлик ижара тўловининг энг кам миқдори Тошкент шаҳрида 9 минг сўм, Нукус шаҳри ва вилоятлар таркибидаги шаҳарларда 6 минг сўм, бошқа аҳоли пунктларида 3 минг сўм этиб белгиланган.
Жисмоний шахсларнинг енгил автотранспорт воситасини ижарага берганлиги учун 330 минг сўм, микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллари учун 645 минг сўм ижара тўлови ставкалари белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 189-моддасига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари, агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаса, фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадлари декларация асосида солиқ солинадиган даромадлар сирасига киради. Асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги, икки ёки ундан кўп манбадан олинган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар ҳам шулар жумласидандир.
Жисмоний шахснинг асосий бўлмаган иш жойидан олган даромадидан унинг аризасига кўра энг юқори ставка асосида солиқ ушлаб қолинган бўлса, декларация тақдим этилмайди.
Маълумотларга қараганда, 2017 йилда жами 21 минг 284 нафар жисмоний шахс икки ёки ундан ортиқ манбалардан олган даромадлари бўйича декларация тақдим этганлар. Уларга 2 миллиард сўмдан ортиқ солиқлар ҳисобланган.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ҳамда Уй-жой кодексига мувофиқ фуқаролар ўртасида тузилган кўчмас мулкни – уй-жойни ва нотурар жойни ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланиши шарт. Ижара шартномасининг бўлмаслиги ёхуд унинг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя қилмаслик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.
Мансур ҚУДРАТОВ,
вилоят Давлат солиқ бошқармаси масъул ходими