Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Жорий йилда Қашқадарёга 1 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб қилинади

Ўз мухбиримиз

07.05.2024


Жорий йилда Қашқадарёга 1 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб қилинади

Қашқадарёга 2023 йилда 704 миллион доллар ҳажмида хорижий инвестициялар кириб келган бўлса, 2024 йилда жалб этиладиган чет эл сармоялари миқдорини 1 миллиард доллардан ошириш режа қилинган.

Ушбу рақамларни вилоят ҳокими ўринбосари Олимхон Рустамов III Тошкент Халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилган “Ўзбекистон ҳудудлари сармоявий салоҳияти” параллел сессиясида эълон қилди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг расмий сайтида хабар берилганидек, Олимхон Рустамов ҳудуднинг инвесторлар учун жозибадор томонларини очиб берди.

-  Қашқадарё жуда ҳам қулай географик жойлашувга эга ҳудуд ҳисобланади, - деди вилоят ҳокимининг ўринбосари. - Вилоятда транспорт инфратузилмаси ривожланган бўлиб, бу бизнес вакиллари, хусусан, инвесторлар учун айни муддаодир. Ҳудуднинг урбанизация даражаси 42 фоизни ташкил қилади. Олий таълим қамрови эса сўнгги йилларда 9 фоиздан 47 фоизга етди.

Бундан ташқари, Қашқадарёда аҳоли сони тез ўсиб бораётгани, ҳар йили 100 мингта чақалоқ туғилиши, бунинг ортидан қурилиш ишларига катта талаб мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Вилоят ҳокими ўринбосари ҳар йили 20 мингта уй қуриш учун эҳтиёж борлигини айтиб, инвесторларни бу соҳага эътибор қаратишга чақирди.

-  Дунёдаги нуфузли консалтинг компанияларни жалб қилган ҳолда, 201 та истиқболли лойиҳа ишлаб чиқдик, - деди  Олимхон Рустамов Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида. - Қиймати 500 минг доллардан 10 миллион долларгача бўлган бу лойиҳалар нефть-газ, кимё, электр техника, текстиль, чарм-пойабзал каби соҳаларда бўлиб, улар ҳақидаги барча маълумотларни инвесторлар эътиборига ҳавола этганмиз ва ўзимизнинг платформамизга ҳам қўйганмиз. Бу ҳақида аввалроқ элчихоналар орқали инвесторларга маълум қилганмиз. III Тошкент халқаро инвестиция форумида сармоядорлар билан юзма-юз кўришиб, яна бир бор тақдимот қилдик ва улар билан мулоқотда бўлдик. Кўпгина инвесторларимиз томонидан бу лойиҳаларга қизиқиш билдирилмоқда. Ўйлайманки, кейинги йилларда уларни амалиётга татбиқ этамиз.

Шу ўринда айтиш жоизки, ўтган ҳафтада ўтказилиб, 93 мамлакатдан 2,5 мингдан ортиқ делегатни жамлаган III Тошкент Халқаро инвестиция форумида жами қиймати 26,6 миллиард долларга тенг келишувлар имзоланди.

Ўз мухбиримиз

 

Report typo