Бинобарин, Конституциямизнинг 67-моддасида “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди”, дея белгиланган бўлса, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларда ОАВ ходимларининг қатор ҳуқуқ ва эркинликлари кўрсатилган.
Аслида журналистга эркинлик унинг ўз вазифасини тўлақонли бажариши, яъни жамоатчиликни тезкор ва ишончли ахборот билан ўз вақтида таъминлаши учун керак.
Дейлик, бирор тадбир ўтаяпти. ОАВ ходими уни ёритиши, имкон қадар тезроқ омма эътиборига етказиши зарур. Аммо кириш эшиклари ёнида “мумкин эмас” деган баҳона билан қўриқлаш хизмати ходими унинг диктофони, тадбирни тасвирга тушириш имконини берадиган воситаларини олиб қўйса ва буни табиий қабул қилса, шундай ҳолатда журналистни эркин деб бўладими?
Бошқа жойни билмадиму, бизда журналистлар аксар ҳолларда дуч келадиган муаммо шу. Балки тадбирнинг бошқа иштирокчиларига алоқа воситаларидан фойдаланиш чеклангани тўғридир, бироқ ОАВ ходимини асосий иш қуролидан маҳрум қилиш қанчалик тўғри? Аввало у ўша тадбир тафсилотларини ёритиш учун айнан таклиф этилган бўлади. Ваҳоланки, таҳририят ходимидан диктофонни ташлаб киришни талаб қилиш телевидение мутахассисларига микрофон ва камерасиз киришни айтиш билан баробар-ку. Ақли бор одам бундай талаб қўймайди, тўғрими? Бироқ ҳозирча деярли барча таҳририят ходимлари нуфузи ва нуфуси салмоқлироқ тадбирга диктофонсиз киришга мажбур.
Бундан ташқари, оммавий байрам тадбирларига киришда ОАВ ходимларидан қандайдир рухсатнома ёки чипта талаб қилиниши ҳам мантиқдан эмас. Гувоҳномаси борлиги етарли чамамда. Боз устига, журналист бундай тадбирларга ошиқаркан, “эшик оға”ларидан ичкарида (одатда театр ёки амфитеатр) жой йўқ, деган жавобни олади. Ваҳоланки журналистга жойнинг кераги йўқ, у ўтириб, бир жойни банд этадиган томошабин эмас, тадбир тафсилотларини ёритадиган мутахассис. Бунинг учун ташкилотчилар, иштирокчилар билан гаплашади, интервьюлар олади, яъни у аниқ бир жойга ўтирмайди, ўтирмаслиги керак.
Ёки жуда кўп ташкилотларга, масалан, суд, ҳуқуқ-тартибот идораларига флешка, фото ва видеотасвирга олиш воситалари билан кириш тақиқланиши кўрсатиб қўйилган. Бу дегани бундай жойлардан каттароқ ҳажмдаги маълумотларни олиб бўлмайди дегани. Агар қоғозда имзолаб бермаса, ҳар бир мансабдор шахс билан қилинган суҳбат ҳеч қандай кучга эга эмас дегани. Чунки айтилган гаплар имзоланмаган ёки диктофонга ёзиб олинмаган бўлса, мансабдор пайт келиб айтганларидан тониб қолиши ҳам мумкин.
Флешкасиз кириларкан, ўз-ўзидан маълумот берувчи ҳам қоғоз сарфини баҳона қилиб, камроқ ахборот беради. Демакки, тайёрланаётган материал жонли чиқишидан, рақам ва далиллар мўллигидан умид қилмаса ҳам бўлади.
ОАВ вакиллари фаолияти давомидаги кўп ҳолларда ички ишлар ходимлари билан рўбарў келади. Чунки идора биносини қўриқлаш, тадбирларда жамоат тартибини сақлашга улар масъул. Аммо жуда кўпчилик ички ишлар ходимлари ОАВ соҳасидаги қонунчиликдан деярли хабардор эмас. Айнан улар сабаб журналистлар кўп ҳолларда сарсон бўлишига, ортиқча вақт йўқотишига тўғри келиш ҳоллари учраб турганини ҳарқалай бугун очиқ айта оламиз.
Журналист ҳуқуқлари, дахлсизлиги, журналист текшируви, унинг касбга доир фаолияти кафолатларини аслида бошқалардан кўра ички ишлар ходимлари кўпроқ билиши керак. Афсуски, айни пайтда бундай эмас. Телеканал ходимларининг видеокамерасини синдирмоқчи, таҳририят ходимларининг иш воситаларини тортиб олиб, зўрлик қилмоқчи бўлган касб эгалари учраб туриши боиси шундан.
Балки бунга соҳага оид қонунларда аниқлик йўқлиги ҳам сабабдир. Мисол учун, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддаси “Журналистнинг дахлсизлиги” деб номланиб, унда, жумладан, “Журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади.
Танқидий материаллар эълон қилганлиги учун журналистни таъқиб қилишга йўл қўйилмайди”, деган умумий фикрларни кўриш мумкин.
Таққослаш учун, “Судлар тўғрисида”ги Қонун 70-моддасида судья дахлсизлиги ҳақида айтилган ва судьянинг дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорт ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқли экани баён этилган. Кўриниб турибдики, судья дахлсизлиги батафсил, журналистники эса умумий тарзда қайд қилинган.
Бу бир таққос, холос. Аслида эса журналист дахлсизлиги ҳам шу тарзда аниқ, батафсил кўрсатилиши зарур. Чунки судьянинг ҳар бир қарори ёки Республика номидан ўқиган ҳукми қайсидир томон манфаатини ҳимоя қилиб, қайсидир тарафни норози этса, журналистнинг ҳар бир танқидий чиқиши фақат ва фақат “душман”ни юзага келтиради. Дахлсизлиги аниқ кўрсатилмагани сабаб ҳам танқидий мақоласи эълон қилингандан кейин бирданига дўқ-пўписаларга учраган ва керак бўлса, қўққисдан жиноятчига айланиб қолган журналистлар дунё амалиётида кузатилган.
Шу қонунда яна давлат журналистга ахборотни эркин олиши ва тарқатишини кафолатлаши, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлаши кўрсатилган. Бироқ қандай ҳолатда ва қай тарзда? Журналист ўзи истаган ахборотни эркин ололмаса, кимга мурожаат қилинади бундай вазиятларда? Маълумот бермаганга қандай чора кўрилади? Ёки айни ҳолатдаги муносабатлар иссиқни совутиш учун етар вақт ўтадиган фақат суд тартибида ҳал қилинадими?
Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун айнан қандай жавобгарлик белгилангани мавҳумлиги ҳам ОАВ ходимлари ҳуқуқлари чекланишига сабаб бўладиган масалалардан биридир.
Масалан, фирибгарлик, ўғрилик, қўшмачилик учун аниқ жавобгарлик кўрсатилган: жарима, ахлоқ тузатиш, қамоқ тарзида.
Бироқ журналистга тўсқинлик қилганлик учун қандай жазо белгиланган қонунларимизда? Уни зарур ахборот билан таъминламасликка-чи? Диктофонсиз ишлашни талаб қилганга, хизмат гувоҳномаси бўла туриб, фаолият олиб боришига тўсқинлик қилганга, ОАВ сўровига ўз вақтида жавоб бермаганга ва ҳоказоларга қандай чоралар кўрилади?
Эҳтимол тегишли қонунларга аниқ чоралар ҳам киритилса, шунда журналистлар эркинлиги ҳозиргидан янада яхшироқ бўларди.
Бундан ташқари, 2018 йил 18 апрелдаги қонун билан таҳрир киритилган “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун 4-моддасидаги “Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларининг цензура қилинишига йўл қўйилмайди.
Ҳеч ким журналистдан эълон қилинаётган хабарлар ёки материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёхуд уларнинг нашрдан бутунлай олиб ташланишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас”, деган қоида жамиятнинг барча қатламига етиб бориши ва бунга қатъий амал қилинишига эришиш керак.
3 май жаҳонда матбуот эркинлиги куни сифатида нишонланаркан, бундан мақсад фикрлар турли-туманлиги ва матбуот эркинлигини кенгайтиришдир. Матбуотга эркинлик яратиб эса у берадиган маҳсулотнинг асосий харидори – жамият ютади.
Б.ЎКТАМ