Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАРГА КОМПЬЮТЕР ВА СМАРТФОНЛАР БЕРИЛГАНМИ ЁКИ КЎРПА, ЁСТИҚ ВА "БАННИЙ ХАЛАТ"?

Ўз мухбиримиз

11.06.2021


ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАРГА КОМПЬЮТЕР ВА СМАРТФОНЛАР БЕРИЛГАНМИ ЁКИ КЎРПА, ЁСТИҚ ВА "БАННИЙ ХАЛАТ"?

Давлат харидлари

  Тан олиш керак, кўпгина ҳолларда уддабуронлик қилиб ва зукколик кўрсатиб, катта-катта ишларни қойилмақом тарзда бажариш уддасидан чиқамизу, ҳужжат қилишга келганда, албатта, нимадир панд бериб қолади. Нега бундай бўлади, англаш қийин. Бунинг аҳамиятини тушунмаймизми ёки масъулияти ҳақида унутамизми ёхуд асосий мақсад эмас, бошқа нарсалар ҳақида ўйлаймизми? Бироқ нима сабабдан бўлсаям,  қилаётган ишларимизни  ҳужжатлаштириш жараёнида баъзан шундай хатоларга йўл қўямизки, уларни кўрган киши на кулишини билади, на йиғлашини.

 Масалан, шу йил 2 июнда вилоят ҳокими "3 май - Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан журналист ва блогерларни моддий-техника воситалари билан тақдирлаш билан боғлиқ харажатларга маблағ ажратиш тўғрисида" қарор қабул қилган.

       3 май санасидан қарийб бир ой (!) ўтгач расмийлаштирилган бу ҳужжатга асосан, "вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари А.Содиқовнинг мурожаат хатига кўра, журналист ва блогерларнинг шароитлари ўрганиб чиқилгани сабабли уларни моддий-техника воситалари билан таъминлаш, жумладан, 1 нафарининг шартнома пули масаласи, 1 нафарига кондиционер,   1 нафарига расмлар монтажи билан ишлаши учун компьютер ҳамда 5 нафарига телефон аппарати олиб бериш билан боғлиқ харажатлар"га вилоят маҳаллий бюджетининг 2021 йилги захира    жамғармаси маблағлари ҳисобидан  25 миллион 200 минг сўм ажратилган.

 Қарорда айнан қайси журналист ва блогерлар қандай ютуқ ва хизматлари учун тақдирланаётгани айтилмаган. Бугунги ошкоралик даврида, ҳокимларнинг қарорлари интернет тармоғида очиқ эълон қилинаётган ва бу қарорлар матнида ижтимоий ёрдам олаётган фуқаролар, васийликка берилаётган вояга етмаганлар ва ҳатто Меҳрибонлик уйига топширилаётган болаларнинг ҳам исми ва фамилияси тўлиқ кўрсатилаётган бир пайтда, давлат маблағлари ҳисобидан мукофотланаётган (ёки совға олаётган) шахсларнинг сир тутилиши бироз шубҳали, албатта, бироқ бу асосий масала эмас...

 Вилоят раҳбарининг шу йил 2 июндаги қарори ижросини таъминлаш учун ҳокимликда 2 июннинг ўзида танлов ўтказилиб, журналист ва блогерлар учун компьютер, кондиционер ва смартфонлар етказиб беришга тайёр бўлган учта хусусий корхона томонидан айнан 2 июнь куни тақдим этилган тижорат таклифлари кўриб чиқилди ва улардан биттасининг "товарлари нархи арзонлиги ва сифати яхшилиги" эътироф этилди. Шу корхона билан шартнома ҳам 2 июнь куни тузилди. Унда смартфонлардан бири - Realme RMX2001 6 (8/128 Gb) русумли замонавий телефоннинг нархи (4 миллион 450 минг сўм) ундан кўп ҳам фарқ қилмайдиган, фақат тезкор хотирасининг ҳажми 4 гигабайт кам бўлган Realme RMX2001 6 (4/128 Gb) русумли смартфондан 2 миллион сўм қиммат қилиб кўрсатилгани бироз шубҳали, албатта, бироқ бу ҳам асосий масала эмас...

         Энг қизиғи, вилоят ҳокимлигида ўтказилган танлов баёнининг қарор қисмида компьютер, кондиционер ва бешта смартфон ҳамда уларни етказиб бериши лозим бўлган корхона ҳақида лом-лим дейилмаган. Бунинг ўрнига  "Падушка, Курпа ва Бани халат харид қилиш учун "Фалончаева Фалонча Фалончаевна" ЯТТ билан шартнома тузиш вилоят ҳокимлиги ҳисобхонасига тавсия қилинсин" дея қайд этилган (муайян сабабларга кўра, танлов баёнида кўрсатилган хусусий корхоналарнинг номлари ва якка тартибдаги тадбиркорнинг исми ва фамилиясини ошкор қилмаяпмиз).

 Ачинарлиси, бири боғдан, бири тоғдан ёзилган бу баён вилоят ҳокимлигининг беш нафар масъул ходими - танловни ўтказган йиғилиш раиси ва тўрт нафар аъзоси томонидан имзоланган. Бундан кўриниб турибдики, уларнинг бирортаси ҳам баённи бошидан охиригача ўқиб кўрмаган ёки ўқиган бўлса ҳам мазмунини англамаган. Акс ҳолда компьютер билан ёстиқ, смартфон билан кўрпа ва кондиционер билан ҳаммом халати фарқига боришмасмиди?

 Масъулларнинг бюджет пуллари билан боғлиқ ҳужжатларга ўқимай ёки мазмунини англамай имзо чекиши бироз эмас, анчагина шубҳали, албатта, ва айнан шу биз айтмоқчи бўлган асосий масала...

 Ўз мухбиримиз     

 P.S. Дарвоқе, ҳокимнинг қарорида журналист ва блогерлардан бир нафарининг шартнома пули масаласи ҳам қайд этилганди, ишқилиб, уни ҳужжатлаштиришда бундай қўпол хатолар бўлмасин, деймиз...

 

Report typo