Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ЖЎРАЕВ

10.04.2018


ЎЗИ ҲАМ, ДАРОМАДИ ҲАМ ҲАЛОЛ

Вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, ҳудудда кенг майдонни ташкил этувчи табиий кўллар жойлашган. Сунъий ҳавзалар барпо этиш учун ҳам имкониятлар етарли. Улардан ўз ўрнида фойдаланиш, соҳага балиқ етиштиришнинг интенсив усулларини олиб кириш, кичик жойдан ҳам мўл маҳсулот олинишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шунга мувофиқ балиқчилик йўналишида кўплаб янги лойиҳалар рўёбга чиқарилаётгани воҳамизда балиқ овлаш ҳажми йилдан-йилга ошишига хизмат қилаяпти.

Нишон туманидаги "Мусулмонов Баҳодир Аҳмедович" хусусий корхонаси ҳам бир неча йилдан буён шу соҳада фаолият олиб бораяпти. Ўз ишини аввалига кичикроқ ҳавзада балиқ етиштиришдан бошлаган мазкур тадбиркорлик субъекти тасарруфидаги ишлаб чиқариш майдони ўтган даврда бир неча баробар кенгайди. Бултур корхона томонидан қиймати 300 миллион сўмлик лойиҳа амалга оширилгани бунга кенг йўл очди.

- Тегишли дастур доирасида тижорат банкидан кредит олиб, фаолиятимизни бир қадар ривожлантирдик, - дейди корхона раҳбари Мухлиса Аҳмедова. - Бу маблағни мавжуд сув ҳавзамиз ҳудудини кенгайтириш, озуқа базасини янада мустаҳкамлашга йўналтирдик. Ҳозир ихтиёримизда 65 гектарга яқин майдон бор. Шунинг 34 гектари табиий кўл. Ҳар йили маҳсулдорликни ошириб бораяпмиз. Ўтган йили ҳавзамиздан 80 тоннадан кўп балиқ овланди. Маҳсулотни ҳудуд аҳолисига етказиб бердик. Хўжалигимизда асосан дўнгпешона, сазан, оқ амур каби балиқ турлари боқилади. Яқинда "леш" ва "усач" деб аталувчи балиқлар етиштиришга киришдик.

Ишбилармоннинг айтишича, балиқнинг бу икки тури ҳам саноатбоп. Биргина "леш" 6 килограммгача вазн тўпласа, яхши ва узоқ боқилганда "усач"нинг оғирлиги 10 килограммдан ҳам ошади. Асосийси, улар ҳудуд иқлим-шароитига мос, қолаверса, ўзида кўплаб фойдали хусусиятларни жамлаган. Бу жиҳатлар эса харидорларга ҳам маъқул келмоқда. Бу йил ҳам корхона ҳавзаси ўз вақтида балиқлантирилди. Бироз аввал кўлга 70 минг донадан ортиқ чавоқ ташланди. Шунинг 5 минг донаси "леш", 3 минг донаси "усач" балиғидир. Икки-уч йил боқилса, маҳсулот сотишга тайёр бўлади. Корхона вакиллари жорий йилда ҳам катта маррани кўзлаган. Режа - мавсумда овланадиган балиқ миқдорини 90 тоннадан ошириш.

Эътиборлиси, тадбиркорлик субъекти томонидан етиштирилган товар балиқни узоқ муддат сақлаш, қайта ишлаш масаласига ҳам эътибор қаратилган. Айни пайтда маҳсулотнинг бир қисми дудланган ҳолида реализация қилинаётган бўлса,    корхонага тегишли умумий овқатланиш муассасасида ҳам аҳоли  балиқли таомлардан баҳраманд бўлаяпти. Шунингдек, туман ҳудудидаги бир қанча жойда балиқ сотишга мўлжалланган савдо дўконлари ташкил этилгани тадбиркорга ҳам, харидорларга ҳам қулайлик яратмоқда.

М.ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo