Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

27.03.2017


ҚЎЗИҚОРИН

Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, сайёрамизда қўзиқоринларнинг 100 мингдан 250 мингга яқин тури мавжуд бўлиб, уларнинг бор-йўғи 5 фоизигина ўрганилган, холос. Ўзбекистонда қўзиқоринларнинг 150 дан ортиқ тури ўсади ва шулардан 20 дан зиёд тури истеъмолга яроқли, 7 тури заҳарли, қолганлари эса истеъмол учун яроқсиз ҳисобланади.

- Қўзиқориндан заҳарланиш одатда март, апрель ва май ойларида кузатилади, - дейди республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали бўлим мудири Хўжа Кўчаров. - Заҳарланиш аломатлари истеъмол қилинган қўзиқорин турига қараб турлича намоён бўлади. Бу уларни истеъмол қилгандан сўнг 1-3 соат ўтгач сезила бошлайди. Дастлаб беморнинг кўнгли айниб, тез-тез қайт қилади, ошқозон-ичак фаолияти бузилиб, қоринда оғриқ пайдо бўлади, аъзойи-бадан бўшашади, организмга тушган заҳарли моддалар жигар, буйрак, меъда ости бези ва марказий асаб тизими аъзоларини қаттиқ шикастлайди. Сўлак оқиши, кўп терлаш, кўздан ёш оқиши, юрак фаолияти ва томир уриши сустлашиши, алаҳсираш, титраш, кўз қорачиғининг кенгайиши ёки торайиши каби белгилар кузатилади. Бундай ҳолатларда беморга ўз вақтида тез тиббий ёрдам кўрсатилса, одатда 1-3 кунда соғайиб кетади. Ўз вақтида даво чоралари кўрилмаган тақдирда оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ёввойи ҳолда ўсадиган қўзиқоринларнинг саломатлик учун хавфли томони, уларга термик ишлов берилганда, яъни қайнатилганда ёки қовурилганда таркибидаги заҳарли моддалар парчаланиб кетмайди. Шунинг учун уни истеъмол қилиш турли кўнгилсизликларга олиб келади. 

- Истеъмолга яроқли ва заҳарли қўзиқоринларни ажратиш жуда қийин, - дейди Хўжа Кўчаров. - Кўп ҳолларда улар бир-бирига ўхшаб кетади. Оқ қўзиқуйруқ, кўк оёқ, шампиньон ва опёнок каби қўзиқорин турларини бемалол истеъмол қилиш мумкин. Қизил, кулранг, оқ мухамор, сатанин, сариқ сохта қўзиқорин кабиларини эса  дастурхонга яқин йўлатмаган маъқул.

Қайд этиш керакки, қўзиқорин ўзига хос таъми билан иштаҳани қитиқлайди. Энг асосийси, у оқсилга бой. Фосфор ва кальций эса худди балиқ гўштидагидек миқдорда. Айни дамда у паст калорияли ва тўйимли маҳсулот саналади. Бироқ қўзиқоринни ҳаддан зиёд кўп ейиш сурункали панкреатит, ошқозон ости бези яллиғланиши ва ошқозон-ичак тизимидаги бошқа кўнгилсизликларга олиб келиши мумкин. 

Эслатиш ўринли, магистраль йўл ёқалари, заҳарли оғулар ҳамда кимёвий моддалар сақланадиган омборхоналар теварак-атрофида ўсадиган қўзиқоринлардан ҳам заҳарланиш хавфи юқори. Чунки автомобиллардан чиқадиган исгази ва заҳарли моддаларни қўзиқоринлар мочалкага ўхшаб, ўз таркибига сингдириб олади ва бундай ҳолатларда истеъмолга яроқли қўзиқоринлардан ҳам заҳарланиб қолиш мумкин.

Шунинг учун кўзиқоринларни харид қилаётганда ёки уни истеъмол қилишдан олдин сотувчидан ушбу маҳсулотнинг сифатини кафолатловчи ҳужжат борлигини аниқлаб олинг. Бозор ҳудудидан  ташқарида ёки белгиланмаган жойларда сотиладиган, сифатини кафолатловчи ҳужжатга эга бўлмаган ҳамда ёввойи ҳолда ўсадиган нотаниш қўзиқоринларни териб истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

Шунда ўз соғлиғингизни турли салбий таъсирлардан  ҳимоялаган бўласиз.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo