Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сожида АЛЛАЁРОВА

25.07.2017


ЎЗИМИЗНИНГ ШАРШАРАЛАР

- Сув оқими йўналиши баланд кесилган тик қоядан тушиши натижасида шаршара ҳосил бўлади, - дейди қўриқхона бошлиғининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Бахтиёр Оромов. - Ушбу табиат тилсимлари анҳор ёки дарё ўзани етарли даражада қаттиқ, мустаҳкам ер жинсидан иборат бўлсагина узоқ сақланади. Албатта ер жинси қанчалик катта бўлмасин, эртами-кечми сув уни емириши тайин. Шу сабабли вақти келиб, ҳар қандай шаршара йўқолиб ёки шакли ўзгариб кетади.

Маълум бўлишича, қўриқхона ҳудудида бир-бирини такрорламайдиган шаршаралар кўп. Масалан, унинг Қизилсув бўлими чегарасидан оқиб ўтувчи узунлиги 13-15 километрни ташкил этадиган “Қалъаи Шерон” сойи қирғоқларида 100-150, айрим жойлари 300 метргача етадиган тик қоялар мавжуд. Маҳаллий аҳоли “Байтал думи” деб атайдиган шаршара сойнинг ўнг қирғоғида жойлашган 200 метр баландликдаги қоядан отилиб тушади. Шаршаранинг бундай номланишига асос бор. Чунки, тепаликдан тушаётган сон-саноқсиз сув зарралари шамолда от думининг ҳилпирашига ўхшаш манзара ҳосил қилади. Ушбу шаршара денгиз сатҳидан 3970 метр баландликдаги “Хўжа Пир-пир ота” қояларидаги қорлар эришидан ҳосил бўлади. Яъни, уни йилнинг фақат апрель ва май ойларидагина кўриш мумкин.

Маълумот ўрнида: машҳур улкан Ниагара шаршараси йилига 0,7-0,9 метр тоғ жинсини “ейди”. Бугунги кунга келиб, бу шаршара ўзи пайдо бўлган жойидан 10 километрдан узоқроқ жойга силжиган. Шаршара атрофидаги ҳаво жуда соф ва оромбахшдир.

“Байтал думи”дан сой оқими бўйлаб 1-1,5 километр йўл боссангиз, яна бир ғаройиб тилсимга дуч келасиз. 35 метр баландликдан тик қоянинг ҳўкиз бурнига ўхшовчи иккита тирқишидан отилиб чиқаётган мазкур шаршара кўринишига монанд “Ҳўкизбурун” деб аталади. Мазкур шаршара серсувлиги билан ажралиб туради. Унинг захирасида жуда катта қор уюми ва кўплаб булоқлар бор. Шу туфайли қишнинг аёзли кунларида ҳам унинг суви отилишдан тўхтамайди ва музламайди. Фақат қаттиқ аёзли кунларда тирқишлар атрофини юпқа муз қоплайди, холос. Пастки қисмида эса сув зарраларининг қояларга урилиши натижасида турли эртак қаҳрамонларини эслатадиган манзаралар, ажиб шакллар пайдо бўлади. Аммо “Ҳўкизбурун” бор тароватини ёз ойларида кўпроқ намоён қилади. Гап шундаки, шаршарадан отилиб тушаётган сув мавжланиб, камалаксимон товланади ва турфа тусда олис-олислардан кўзга яққол ташланиб туради. Уни бир бор кўрган одам яна чиройидан, таъми ёқимли сувидан баҳра олгиси келаверади.   

Қўриқхонанинг Мироқи бўлими ҳудудида “Сувтушар” шаршараси бор. У мамлакатимиздаги энг узун ва серсув шаршара ҳисобланади. 84 метр баландликка эга шаршарадан йилнинг май-июль ойларида ҳар сонияда 5-6 куб метр сув отилиб тушади. Шу жараёнда ҳосил бўлган заррачалар 250-300 метр, кучли шамол эсиб турган пайтларда 500-600 метргача сачраб тарқалади ва ажойиб микроиқлим ҳосил қилади. Натижада бу ерда ёзнинг жазирамасида ҳам ҳаво салқин ва мўътадил бўлади.

Айниқса, шаршарани узоқдан томоша қилиш жуда мароқли. Шунда у янада маҳобатли ва виқорли кўринади. Шунинг учун уни ҳудуддаги Сувтушар қишлоғидан туриб томоша қилганлар ўзгача завқ-шавқ олишади. Қалин арчазорлар орасидан кўзга ташланиб турган шаршара овози ҳам тиниқ  эшитилади. Сув зарраларининг ажиб манзаралар ҳосил қилиб, камалак рангларида товланиши кишига ҳузур бағишлайди. Бундан ташқари, қўриқхона ҳудудида “Куркирак” ва “Оқ камар” шаршаралари ҳам мавжуд бўлиб, улар ўзига хос кўриниши, гўзаллиги билан кишини мафтун этади.

Сожида АЛЛАЁРОВА

Report typo