Сараланган сатрлар
"Боқий дарбадар", "Озод", "Генетик" каби романлари билан тилга тушган ёзувчи Исажон Султон кейинги йилларда тарихий мавзуларда ажойиб асарлар яратди. Жумладан, "Алишер Навоий" романи минглаб нусхада қайта-қайта нашр этилмоқда. Таниқли саҳна устаси Маъсума Қориева ҳақидаги "Маъсума", буюк аждодларимиз ҳаётидан сўз очган "Абу Райҳон Беруний" романи адиб ижодий имкониятлари кенглигини кўрсатади. Адибнинг яна бир романи "Билга ҳоқон" деб номланиб, унда Иккинчи Кўктурк хоқонлигининг қалқиниш даври, миллий қаҳрамонлар Билга Ҳоқон, Кул Тигин, Билга Тўнюқуқ ҳаёти, илк Кўктурк давлатининг қурилиши ва турк ясасининг жорий қилиниши, Ўрхун-Энасой битикларининг яратилиши тарихи ҳақида сўз боради.
Тарихдан маълумки, VI асрда Бумин ҳоқон қурган Кўктурк давлати еттинчи юз йилликда Хитой ишғолига учрайди. 682 йили Қутлуғ Хон Кўктурк давлатини янгидан қуради. Ўрхун обидалари деб номланувчи устун шаклидаги битиклар турк ёзувларининг энг қадимги намуналаридир.
Бу обидалар 720-725 йиллари орасида вазир Тўнюқуқ номи билан боғлиқ. Қутлуғ Хоннинг ўғли Билга ҳоқон укаси Кул Тигин ва вазир Тўнюқуқ замонида Кўктурк давлати ҳар тарафлама кучаяди. Давлат турк тилида гаплашувчи қавм ва элатларни бирлаштириб, шу тариқа турк дунёсининг тамал тошини қўйганди.
Асарни ўқиб, аждодларимиз нақадар куч-қудратга эга бўлганини, дунё тизгини улар қўлида эканига ишонч ҳосил қиламиз ва булар бадиий тўқима эмас, тарихий фактлар экани билан аҳамиятлидир.
* * *
Илон ўзининг эгрилигини билмасдан, туяга бўйнинг қийшиқ, дер экан.
* * *
Қарға ғоз бўламан деб тиришса, бути йиртилибди.
* * *
Жангжу - сочини қамчига ўхшатиб ўриб юрадиган, от думини хотинлар сочидай ўриб-безайдиган, уришгиси келмайдиган эл эди. Туркийлар жирканадиган неки бор, барини ейишлари билан таниқли эдилар. Эшак, тўнғиздан тортиб илону эчкемаргача егани учун туркийлар уларни ёқтирмасди. Табғач ерлари эски Ўтукан ила туташ бўлгани учун табғачлару жангжулар қийқира-қийқира босиб келиб қолишар, бироқ, эли-хоқони теграсида туркийлар сингари жипслашолмагани учун тирақайлаб қочар, қочиш баробарида йишу қўрғонларни талаб кетишарди.
* * *
Бир туя ошлиқ бўлса-да, очнинг кўзига оз кўринади.
* * *
Юпқа йиғин енгишга қулай эмиш, ингичка йиғин узишга қулай эмиш. Юпқа қалин бўлса, енгадиган баҳодир эмиш. Ингичка йўғон бўлса, узадиган баҳодир эмиш.
* * *
"Ўлсак ўлайлик, бироқ қул бўлмайлик".
* * *
Тангримга не дедим?
"Эй бир Тангрим! Эй бор Тангрим, бу будун улуғ эди, ўксик бўлди", дедим.
"Кўкси тоғ, алп эди, боши эгик бўлди", дедим.
"Тикбошлиги қолмади, очлигидан, йўқсуллигидан бир-бирини еяр турумга келди", дедим.
"Эрлари бўйинларини эгиб табғачга ошлиқ-емиш сўраб борар бўлдилар, берган оз нарсасига учиб, уни кўкка кўтарар бўлдилар", дедим.
"Бир-бирини кўтариш ўрнига бир-бирини эзиб-янчар бўлдилар. Буни кўриб, ичим қайғуга, кўзим ёшга тўлди", дедим.
"Сен бору йўқни билувчи Тангрисан, будуним ўзининг ёмонлигидан, бир-бирини ардоқламаганидан шундай кунга қолди, дедим. Эзгунинг ичи эзгу бўлгай, бузуқнинг ичи бузуқ бўлгай. Бир-бировини кўзга илмай, ёлғиз қорним оч қолмасин деб ёвузлашди, аянч бўлди. Ўзининг билгисизлигидан шундай бўлди", дедим.
Шуни деганимда Тангрим тоза кўкда чақмоқ чақтирди, устимга қор юборди. Қорни кўриб бу тозалик, оқлик дедим, эзгуликка йўйдим.
* * *
Киши ўғли ўлгани туғилармиш. Бир Тангри яшагай. Бу кун, йўқса эрта барибир ўлажаксан! Шунга дейман: қўрқма! Шоқолдайин очликдан ўлма! Силланг қуриб чўзилиб ётма! Ўлсанг бошингни тик тутиб ўл! Қолсанг кўксингни кериб-кериб яша!
* * *
Той от бўлса, от тин олур, ўғил эр етилса, отаси тин олур.
* * *
Ўлаётган арслон сичқон инини кўзлар.
* * *
От минганингда ёйни елкангга ос. Ёйни ўнг қўлда тут. Керак бўлмаса бир айлантириб елкангга осиб кетаверасан, ёйни сира сўлда тутма. Урушга кирганингда ўқдонни ё ўнг биқинингга, ё эгарга ос. Елкангда бўлса, энкайиб от чоптирганингда олишга қийналасан.
Тиғни чап биқинингга ос. Шунда ўнг қўлинг елкангдаги ёйниям, биқинингдаги тиғниям бирдай олади. Билмас киши ўнг биқинига осади, ололмай қийналади. Санжақни отни ўнг ёнига терс ос, чопқин чоғида ўнглаб олгайсан.
Тиғ уришда отга қулоқ сол. От олд туёғини кўтариб ирғишлаганида урсанг, сенинг кучинг билан отнинг кучи бирлашади, уришинг кучли бўлади. Урушга яхши от танла, яхши от шуки, сен-ла бирга уришсин. У сени сезгай, сен уни сезгайсан, бир бўлгайсан. Булар - бизнинг улуснинг эски ишларидан, туркий эр борки, буларни билиб ўсади. Шуни ўргансанг, чин эр етилгайсан.
* * *
Арслон ўкирса от туёғи майишади.
* * *
Кўкка қадар юксалган, устини туман босган чўққига, ўтлаб юрган қўй-қўзига, ўт-ўлани елларда чайқалган ялангларга қараб достон айтадиган кишини кўз олдингга келтирсанг, ичингда бир нима чирсиллаб ёна бошлайди-я! Яна, ҳар улус ўзига бир достон тўқиб олгани-чи? Туркий тўпланса "Алпомиш"ини айтади, ўғуз бир бўлса "Дада Қўрқут"ини, қирғиз ўтов тикса, "Манас"ини айтаверади...
* * *
Ана, жангжуни қара, лойдан киши ясаб, ўшанга топинади. Тангри бизни яратди, ўзини билдирди. Жангжуга-да ўзини билдирди, бироқ кимдир унга Тангри ўзгача деб айтди. Шунда жангжу уни тупроқдан ўзича ясаб олди. Кўк Тангри тоқ эмасми? Очунни бошқариб турган, ҳоқонни-ю ерсувни берадиган, сену мени ўлдирадиган, у эмасми? Тангримиз бир экани учун баримиз бирмиз. Жангжу бўлак-бўлак айрилиб кетган, тангриси-да турлук...
* * *
Бир киши янглишса, барча будунни энг яқинларигача қуритар эмиш. Чучук сўзига, юмшоқ қилиғига алданиб, эй турк будун, ўлдинг!
* * *
Ҳой эл! Тўғри бўлсанг, тўғри ҳоқон берар экан. Эгри бўлсанг эгри ҳоқон берар экан.
Ўзинг тузук будун бўлмасанг, нега сенга тузук ҳоқон берсин?
Ининг билан, оғанг билан уришсанг, нега сенга ботир ҳоқон берсин?
Ўзинг ўксик бўлсанг, ўксиз бўлсанг, нега сенга алп берсин?
Бир-бирингни эзсанг-янчсанг, нега сенга сени кўтарадиган ҳоқон берсин?
* * *
Қандай кун кўраман, чўлиқ-жўжиғимга не егизаман, йилқимни қандай боқаман деманг! Муни сизга элингиз, ҳоқонингиз қилгайдир. Тангрили элингизда яйраб-яшнаб яшанг! Ўғил-қизларингиз алп ботирларни туғишсин, йилқи-сурувингиз мўл бўлсин. Ясангизни қаттиқ тутинг. Энди эллисиз, ҳоқонлисиз! Тўнли, ошли, шундай яшагайсиз.
Яша, турк эли!
Яша, турк эли!
* * *
Турк будун, тўғри бўл - эзгу бўласан. Уйингга кирасан, қайғусиз бўласан.
* * *
Эй, ер юзида тирик юрганлар, айтинг, будуним, сулув қизларим, асов ўғлонларим не бўлди? Элини туза олдими? Донғи юксалдими? Турк будун эрлари ер юзида кўксибоши тик кезмоқдами?
* * *
Сўзлашар тили, туси, тутуми ўзга экани учун ёки ер-сув, ўт-майса учун киши ўғлининг ўлдирилиши ўйга сиғмайди. Чумоли каби тиришиб яшаб келмоқда бўлган кишиларга, чирсиллаб ёнган ёнартошларга, ўти гуриллаб, сандони тарақлаган темирчиларга, ёвга қарши гуриллаб жўнаётган черикка боқар экансиз, бутун очун биргина кишининг қизил қонига арзийдими, деб ўйлайсиз.
Тангри ер юзини ёйиб-текис қилди. Ўт-ўлан, оғоч ундирди, қут чиқарди. Киши ўғли ўлгани туғилармиш. Уларнинг бир-бирини эзиб-янчишини, олтину йилқи дея кўкрак керишини, ўрмон ё ўтлоқ узра ўзгалар қонини тўкишини ўйимга сиғдира олмайман.
* * *
Бошига билгич ҳоқон келгани билан, элнинг ўзи билгич бўлмаса иш чиқмас экан. Бир ботир бўлса-ю эли ботир бўлмаса, яна-да оғир экан. Эрк, эркинлик барча эллар тўплаган олтин-кумуш, бойликдан улуғ эса, киши ўғлининг қизил қони буларнинг баридан қутлуғ экан!
* * *
"Устда кўк босмаган бўлса, остда ер тилинмаган бўлса, эй будун, элингни, тўрингни ким буза олур?"
"Эй будун! Титра, ўзингга кел!"
"Тиклан! Мангу яша!.."
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.