Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

21.09.2023


ЎЗИНИ ЎЗИ РАҒБАТЛАНТИРГАН ҲОКИМНИНГ ҚАРОРИ БЕКОР ҚИЛИНДИ

Шу тариқа коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чоралари кўрилди

 Вазият

Куни кеча вилоят ҳокими Муротжон Азимов ўз қарори билан Қарши шаҳар ҳокимининг 2023 йил 25 августдаги қарорини бекор қилди. Бунга Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлигининг тақдимномаси асос бўлган.

Шу ўринда эслатиш жоизки, жорий йил 25 августда Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев "Қарши шаҳар ҳокимлигининг харажатларига маблағ  ажратиш тўғрисида" қарор қабул қилган эди. Унда, жумладан, "Қарши шаҳар ҳокимлигининг 2023 йилдаги захира   жамғармаси маблағлари ҳисобидан шаҳар ҳокимлигига фаолият самарадорлиги кўрсаткичига кўра вилоят миқёсида "Энг ташаббускор сектор" деб эътироф этилган Қарши шаҳар 1-сектор раҳбарини рағбатлантириш харажатларига 75 миллион сўм  маблағ ажратилсин" дейилган.

Қарши шаҳар 1-сектор раҳбари айнан Нормўмин Холбоевнинг ўзи бўлгани учун ҳам "E-qaror" электрон тизимига жойлаштирилган мазкур қарор ижтимоий тармоқлар ва бир қатор интернет-нашрларда кенг муҳокама қилиниб, "Қарши шаҳар ҳокими ўзини ўзи мукофотлади", "Қарши шаҳар ҳокими ўзини рағбатлантириш учун 75 миллион сўм маблағ ажратди" мазмунидаги кўплаб хабарлар тарқала бошлади.

Бундай хабарларга расмий муносабат билдирар экан, Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати 1-сектор раҳбарини рағбатлантириш  харажатлари учун маблағ "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августдаги 536-сонли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш Агентлигининг 2023 йил 16 февралдаги алоқа хати ижросини таъминлаш мақсадида, шунингдек, вилоят ҳокимлигининг 2023 йил 24 августдаги вилоятда "Энг ташаббускор сектор" деб эътироф этилган Қарши шаҳар 1-сектор раҳбарини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш тўғрисидаги кўрсатма хатига асосан" ажратилганини маълум қилди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августдаги "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 536-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг  14-бандига асосан баҳолаш натижалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида "Энг ташаббускор сектор" номинациясида ғолиб бўлган секторлар (аҳамият беринг, секторлар раҳбарлари эмас, айнан секторлар) 1-ўрин учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари (бугунги кунда - 66 миллион сўм) миқдорида пул маблағи билан рағбатлантирилади. Низомнинг 15-бандида эса "Энг намунали сектор" ва "Энг ташаббускор сектор" деб топилган ҳудудий секторларнинг фаолият самарадорлигига таъсир этувчи ташкилотлар ходимлари (сектор аъзолари) фақат ўзлари масъул бўлган кўрсаткичлардан келиб чиқиб тақдирланади" дейилган.

Демакки, қонун талабига кўра, вилоят даражасида "Энг ташаббускор сектор" номинациясида ғолиб бўлгани учун Қарши шаҳридаги 1-секторнинг раҳбари - шаҳар ҳокими эмас, балки секторнинг ўзи рағбатлантирилиши, унинг ютуқларига ҳисса қўшган сектор аъзолари эса муносиб тақдирланиши лозим эди. Аммо шаҳар ҳокимининг 2023 йил 25 августдаги қарорида негадир асосий ишни қилган ва секторларнинг фаолият самарадорлигига таъсир кўрсатган    ташкилотлар ходимлари ҳақида лом-лим дейилмаган.

Вилоят ҳокимининг жорий йил 19 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси  Коррупцияга қарши кураш агентлигининг 2023 йил 15 сентябрдаги коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисидаги тақдимномасига асосан Қарши шаҳар ҳокимининг 2023 йил 25 августдаги қарори бекор қилинди. Ўйлаймизки, ўз кучини йўқотган мазкур қарор бўйича 1-сектор раҳбари рағбатлантириш пулларини олиб улгурган бўлса (чунки одатда бундай ҳужжатлар тезкорлик билан ижро этилади), нотўғри ажратилган маблағ белгиланган тартибда шаҳар ҳокимлигининг захира жамғармасига қайтарилади, ахборот хизмати эса бу ҳақда кенг оммани хабардор қилади...

Ўз мухбиримиз

Report typo