Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

01.08.2017


ЎЗЛИГИМИЗ ДАЛИЛИ

Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, бугун ёшларни турли диний оқимларнинг бузғунчи ғояларидан асраш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришда Абул Муин ан-Насафийнинг илмий-маънавий мероси муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан улуғ аллома Абул Муин ан-Насафий абадий қўним топган масканни обод қилиш, у зотнинг илмий меросини чуқур тадқиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида жойлашган зиёратгоҳни том маънода ақида илми мактабига айлантириш бўйича қизғин ишлар давом этмоқда. Лойиҳада зиёратчиларга барча қулайликларни яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда зиёратгоҳга кираверишда автотураргоҳ, чойхона, новвойхона, қассобхона, дўконлар барпо этилади. Мажмуада таҳоратхона, тўртта супали айвон, иккита айвон ва яна кўплаб ёрдамчи бинолар қурилади. Ҳозирда мавжуд бўлган 8х8 метр ўлчамдаги масжид ёнида 24х15 метр ўлчамли яна бир масжид қад ростлайди.

Маълумки, Х-ХII асрларда нафақат Мовароуннаҳрда, балки бутун Шарқда “Насафий” нисбаси анча   машҳур бўлган. Бу даврда фиқҳ, ҳадис, тафсир ва ақоид илми ривожланган. ХV асрда Насафий алломалар туркий тилда ислом дини аҳкомлари ва бошқа ижтимоий соҳаларга оид асарлар ёза бошлаган. Амир Темур ва темурийлар даврида Насафда илм-фан, маданият ва санъат янада ривожланган. Умуман, бу ерда ўз соҳасининг юзлаб зукко билимдонлари камол топган. Зиёратгоҳда Насафий алломалар музейини бунёд этиш кўзда тутилмоқдаки, бу музей уларнинг бой маданий меросини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.

Лойиҳага кўра, Абул Муин ан-Насафий зиёратгоҳида 8х8 метр ўлчамда кутубхона барпо этилиши мўлжалланмоқда. Барпо этилажак бу кутубхона ақлларни ўткирлайдиган, зеҳнларни чархлайдиган, тафаккурни юксалтирадиган, улуғ алломаларнинг янгидан-янги авлодларини етиштиришга хизмат қиладиган маърифат маскани бўлиши шубҳасиз.

Бу зиёратгоҳда буюк алломанинг мақбараси жойлашгани, Хитой ипак қоғозига битилган Қуръони карим қўлёзмаси мавжудлиги, мазкур мажмуада духтархона, яъни хотин-қизлар мадрасаси бўлгани каби далиллар қадамжони мазмунан бойитади ва зиёрат истовчилар сонининг ошишига хизмат қилади. Зиёратгоҳда қурилиш ва реставрация ишлари олиб борилиши натижасида уни фусункор ва бетакрор гўшага айлантириш кўзда тутилмоқда. У ўзлигимизга, аждодларимиз ақл-идрокига далолат бўлади.

Б.САЙФИЕВ

Report typo