Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Улуғбек ҚОБИЛОВ

01.03.2018


ЎЗНИ ТУБСИЗ ЧОҲГА ОТМАНГ!

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, бугунги кунда дунёда 210 миллиондан ортиқ гиёҳванд қайд этилган. Ҳар йили ёшлар ўртасида гиёҳвандларнинг сони 15-20 фоизга кўпайиб бормоқда, 200 мингдан зиёд киши ушбу ажал тўридан чиқолмай ҳаётдан кўз юммоқда. Ўз навбатида, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.

Маълумотларга кўра, ҳозир Ер юзидаги наркобизнесда айланаётган пул маблағи дунё аҳолисининг озиқ-овқат, кийим-кечак, турар жой, таълим тизими ва тиббий хизматга сарфлаётган харажатларидан анча кўпки, бу ўта ташвишланарли ҳолатдир. Аср вабосига айланган ушбу иллат домига илиниш эса оғир жиноят, ўткир ижтимоий муаммо эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Боиси, ушбу хатар инсонни гепатит, ОИВ ва ОИТС, сил, таносил ҳамда руҳий касалликларга мубтало этибгина қолмай, турли қинғир ишлар содир этишига сабаб бўлади. Мамлакатнинг моддий-техник, интеллектуал салоҳиятини пасайтиради, миллат генофондига путур етказади.

Юртимизда гиёҳвандлик ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Шунга уйғун тарзда бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг ташкилий-ҳуқуқий асоси мустаҳкамланган. Мамлакатимиз БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари тўғрисидаги ягона конвенциясига, Психотроп моддалар тўғрисидаги, Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ғайриқонуний равишда муомалага киритишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияларига қўшилган. 1999 йилда “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши эса шу йўналишдаги тадбирларни янада жадаллаштиришда катта аҳамият касб этаётир.

Ўз навбатида, Ички ишлар вазирлиги, ҳокимликлар, манфаатдор идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида ҳар йили 1 февралдан 1 мартгача юртимизда ёшлар ўртасида гиёҳвандлик моддаларининг тарқатилишига қарши кураш ойлиги ташкил этилаётгани бунга бир мисолдир. Ойлик доирасида таълим муассасалари, корхоналар, ташкилотларда давра суҳбатлари, тарғибот-тушунтириш ишлари ўтказилиб, гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари, унинг таъсирида келиб чиқаётган турли муаммолар, ушбу иллатнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот берилаётир. Мазкур ойликдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш, сотиш ва истеъмол қилиш ҳолларининг олдини олиш, ёшлар орасида мазкур салбий одатнинг зарари ва оғир оқибатларга олиб келиши ҳақида кенг тушунча беришдир.

Бироқ айрим рақамлар кишини жиддий хавотирга солади. Экспертларнинг маълумотига кўра, Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси бир неча юз миллион сўмни ташкил қилади. Уларнинг асосий қисми қўшни мамлакатлардан кириб келади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, республика бўйича 2017 йилда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларнинг 21,7 фоизини ёшлар ташкил қилган. Ачинарлиси, уларнинг 4,1 фоизини олий ва ўрта-махсус ўқув юртлари ёшлари ҳамда мактаб ўқувчилари ташкил этди.

Ушбу турдаги жиноятларга ўқитувчи-мураббийларнинг ҳам қўл ураётганлиги энг ачинарли ҳол бўлиб, ўтган 2017 йил давомида гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларни содир этганликлари учун бир нечта ўқитувчи жиноий жавобгарликка тортилди.

Аммо жазо қанчалик оғир ва муқаррар бўлмасин, ўз қилмишининг оқибатини ўйламаган инсоннинг кўзи очилиши қийин. Чунки гиёҳвандликнинг ёвуз чангалига илинган инсон ундан қутулиб чиқиши амримаҳол бўлиб, аксинча у ўз тўрини ҳар томонга ёйишга интилиб, янги-янги қурбонларни домига тортади. Улар келтирган офат оилалар бузилиши, гўдаклар мажруҳ, ногирон бўлиб қолиши, ёш умрлар хазон бўлишида намоён бўлади. Шу боис, бундай иллатга қарши курашиш самарадорлигини ошириш учун фарзандларимизни миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимиз руҳида тарбиялаш, фарзанд тарбияси билан шуғулланмайдиган ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан якка тартибдаги алоҳида таъсирга эга профилактик ишларни кучайтириш талаб этилади. Зеро, пировард мақсад миллатни асрашдир.

Улуғбек ҚОБИЛОВ,

республика ИИВ масъул ходими, майор

Report typo