Дарҳақиқат, ушбу инсон жуда оғир йилларда республикамизга раҳбарлик қилган. Чунки бу давр урушдан кейинги энг оғир йиллар, Тошкент зилзиласи ва ундан кейинги, чўлни ўзлаштириш ҳамда пахта майдонларини кенгайтириш йилларига тўғри келган. Қолаверса, бу вақтда барча ишлар марказдан – Москвадан туриб бошқариларди. Марказнинг умрида Ўзбекистонга келмаган, халқнинг турмуш тарзи, орзу-истаклари, миллий менталитетидан мутлақо хабари бўлмаган қайсидир раҳбарлари ўз курсисида ўтириб мамлакат ҳаётига доир қарорларни ҳал қилиб қўя қолар, бу ердаги вазият уларни заррача қизиқтирмасди. Улар маҳаллий раҳбарлар устидан очиқчасига ҳукмронлик қилишни, уларни обрўсизлантиришни истарди. Шароф Рашидов биринчи раҳбар бўлиб иш бошлаган дастлабки йилда вилоятимиз билан боғлиқ ана шундай ҳолатлардан бири рўй берди.
1959 йилнинг сўнгги кунларида Қарши шаҳрида “Қашқадарё вилоятининг порлоқ истиқболи” деб номланган уч кунлик халқаро кенгаш ўтказилди. Унда мамлакат раҳбарлари, кўзга кўринган олимлар, мутахассислар муҳим ва мазмунли маърузалар билан вилоятнинг эртанги куни, тараққиётини аниқ рақамлар, турли схемалар, кўрсаткичлар билан очиб бердиларки, бу шу ерлик ҳар бир киши қалбини тўлқинлантириб юборгани бор гап. Бошланажак ислоҳотлардан ёшу қари бирдек завқланиб, ғайрати жўшиб, воҳанинг эртанги тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга шай бўлиб турган бир пайтда - кенгаш тугаганининг эртаси куниёқ Марказдан келган хабар ҳаммани ҳангу манг этиб қўйди: “Қашқадарё вилояти Сурхондарё билан қўшилади”. Мана сизга Марказнинг ишга, мамлакат тақдирига муносабати. Ахир шундай мақсад, режа бор экан, бундай йирик кенгашни ўтказиш, мамлакат раҳбарлари, вилоят масъуллари, мутахассисларни Қашқадарёнинг тараққиёт йўлини белгилаб олиш учун йиллаб бош қотириш, қанча-қанча лойиҳаларни ишлаб чиқишга жалб этишнинг нима кераги бор эди? Қолаверса, бир ёғи Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон республикаларига туташган, ҳудуди Бухоро, Самарқандга қадар чўзилган бу икки вилоятни бирлаштиришдан нима наф? Бу қандай натижа бериши мумкин? Ҳар қанча эътирозлар, қарши фикрлар билдирилмасин, Марказ раҳбарлари ўз билганидан қайтишмади. Улар учун хаёлига келган ишни амалга ошириш одат тусига кириб қолганди.
Москвадаги раҳбарлар ўз билганича иш тутадиган, бошқалар билан заррача ҳисоблашмайдиган бир даврда уларнинг кўнглига йўл топиш, юртимиз, халқимиз манфаатига мос келадиган қарорлар қабул қилишга ундаш чиндан-да қийин эди. Аммо Шароф Рашидов ўзининг киришимлилиги, тадбиркорлиги, уддабуронлиги, керак бўлса қайсарлиги билан бу ишни лозим даражада уддаларди. У кишининг жасурлик билан жуда катта лойиҳаларни, бунёдкорлик ишларини бошлагани, қандай қилиб бўлмасин, бу ишлар учун Марказни маблағ беришга кўндирганига кўп бора гувоҳ бўлганмиз.
Яна бошлаган мавзуга қайтайлик. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг қўшиб юборилишиданоқ бу ишнинг ҳеч қандай натижа бермаслиги кундек равшан эди. Уч йил ичида ҳар иккала вилоятнинг қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёти ва бошқа соҳалари кескин орқага кетди. Халқнинг турмуш тарзи қийинлашиб қолди. Шундан сўнг, 1964 йил 8 февралда Қашқадарё вилояти яна қайта ташкил этилди. Аммо бу вақтга келиб вилоят иқтисодиёти ниҳоятда чарчаган, кўпгина соҳалар издан чиққан, корхоналар, ташкилотларни иш жойлари, яъни бинолар билан таъминлаш жуда мушкул вазифага айланганди.
Мен эса худди шу йиллари вилоят радиоси учун талабга жавоб берадиган жой топиш илинжида эшикма-эшик юрардим. Лекин бундай жойнинг топилиши, топилганида ҳам радио учун ажратиб берилиши амримаҳол эди. Бу борада масъул мутасаддиларга қайта-қайта қилган мурожаатларимдан сўнг радио жамоаси Қарши шаҳридаги Бекмир қозоқ мадрасасига вақтинча жойлашди. Бу ердаги кичик-кичик хоналарда эркинроқ ўтириб ишлашга шароит йўқ эди. Ўша пайтда менга узоғи билан бир-икки йил шу жойда ишлаб туринг, кейин бошқа бино қуриб, кўчирамиз, дейишди. Бу эса роппа-роса ўн етти йилга чўзилди. Ниҳоят вилоят радиоси учун ҳам жой ажратилиб, бино қуриладиган бўлди. Айниқса, радио уйининг очилиш маросимига Шароф Рашидовнинг шахсан ўзи ташриф буюриши маълум бўлгач, масъуллар чора излаб югуриб қолишди. Бинога замонавий овоз ёзиш ва узатиш ускуналари ўрнатилди. 1982 йилнинг февраль ойида “Радио уйи” тантанали равишда очилди. Шароф Рашидов қизил лентани кесиб, ичкарига кирди. Бу ердаги шарт-шароитлар билан обдан танишди. Техник монтаж ишларини амалга оширган мутахассисларга миннатдорлик билдирди. Қўлимни сиқиб кўришар экан, қаерда таълим олганим, иш фаолиятим, ҳатто ота-онам кимлиги, оилавий аҳволимга қадар самимият билан сўраб-суриштирди. Келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида ўз маслаҳатларини берди. Мазкур учрашувда у кишидаги вазминлик, самимийлик, олижаноблик ва ғамхўрликни янада теран ҳис этдим.
Ҳа, Шароф Рашидов одамийлик, инсонпарварлик, самимийлик, мулоҳазакорлик хислатлари жуда юқори инсон эди. У киши ҳар қандай вазиятда ҳам халқнинг руҳини чўктирмасликка, оддий одамлар қалбида порлоқ келажакка ишонч уйғотишга ҳаракат қиларди.
Ўша пайтларда “афғон шамоли” деган бир офат бор эдики, ҳар йили Сурхондарё ва Қашқадарё қишлоқ хўжалиги ундан жуда катта талафот кўрар, ёз ўрталарида, ғўза айни ҳосилга кираётган бир даврда қуюндек ёпирилиб келадиган бу бало минглаб гектар ерлардаги экинга зарар етказарди.
Саксонинчи йилларнинг бошида содир бўлган бир воқеа ҳамон кўз олдимда гавдаланади. Ўша вақтда Чироқчининг қоқ бўз майдонларида янги туман ташкил топди. Унга яхши ният билан Кўкдала номи берилди. Шижоат соҳиблари – бободеҳқонлар янги ерларда яхши ният, орзу-ҳавас билан иш бошладилар. Ўша йили ҳудудда ғўзанинг жуда зўр ривожланаётгани, янги туман деҳқонлари катта хирмон кўтариши ҳақидаги гаплар вилоят миқёсидаги йиғилишларда ҳам тез-тез тилга олина бошланди. Аммо… Айни саратон, ғўзалар иссиқдан баҳра олиб, ҳам бўйига, ҳам энига ўсадиган бир паллада “афғон шамоли” шундоғам бостириб келдики, бир неча кун ичида деҳқонлар меҳнатини, умидини ер билан яксон қилди. Серавж ғўзалар ҳосили баргигача тўкилиб, шип-шийдам чўпга айланиб қолди.
Буни эшитган Шароф Рашидов офат келтирган зарар миқёсини кўриш, деҳқонларга далда бериш мақсадида Кўкдалага етиб келди. Аҳвол ғоятда ачинарли, барчанинг чеҳрасига оғир тушкунлик соя ташлаганди. Ҳукумат раҳбари аҳволни зимдан кузатгач, деҳқонларга қараб ниҳоятда самимият ва айни вақтда босиқлик билан гапира бошлади. Ўша сўзлар ҳали-ҳамон қулоғимда жаранглаб тургандек бўлади:
- Сиздек шижоат соҳиблари даврасида эканимдан мамнунман, - деди у киши. – Ҳа, бизнинг деҳқонларимиз чинакам шижоат соҳиби, ҳақгўй, қадр-қимматни жуда юксак қадрлайдиган, ҳақиқатдан бошқасини тан олмайдиган, бошига ҳар қандай офат келмасин, ўзини сира йўқотмайдиган, маслак ва эътиқодларидан мутлақо чекинмайдиган инсонлар. Бундай офатлар учраб туради. Аммо ишончим комилки, у сизнинг қаддингизни бука олмайди. Бу ерда баъзиларнинг кўзида ёш кўрдим. Бугунги қийинчиликлар ота-боболаримиз кўрган, бошидан ўтказган кулфатлар олдида ҳеч гап эмас. Энг муҳими, жонга жафо етмаган, барчангиз соғ-саломатсиз. Мен учун бу энг катта бахт. Сиз мўлжаллаган юксак хирмон бу йил бўлмаса, келаси йил яратилади. Очиғини айтганда, ҳали ҳеч нарса йўқотилмаган. Ғайрат қилинса, сиз кутган даражада бўлмаса ҳам, камроқ ҳосил олиш мумкин. Бунинг учун сизларга бутун вилоят, Ўзбекистоннинг энг тажрибали деҳқонлари, олимлари ёрдамга келади. Асло кайфиятни туширманг, орзу-ҳавасингиз сира сўнмасин.
Чиндан ҳам шундай бўлди. Шижоат билан қилинган меҳнат, ҳар томонлама кўрсатилган ёрдам эвазига яланғоч ғўзалар қайта жонланди. Ҳосил деҳқонлар кутган даражада, бироз кеч бўлса-да, пахта етиштирилди.
Шароф Рашидов ана шундай оғир кунларда халқнинг дилини топиб, уларни руҳлантира олар, янги марралар сари олға бошлай биларди. У кишининг Қашқа воҳаси, унинг меҳнаткаш, дангал ва ҳақгўй халқига ҳурмати баланд эди. Вилоятга қачон келмасин, йиғилганларнинг ҳар бири билан қўл бериб кўришиб, амалга оширилган ишлар, жафокаш инсонлар меҳнатига юксак баҳо берар, ўз навбатида уларнинг олдига жуда ширинсуханлик билан янги вазифалар қўярди. Қарши даштини ўзлаштириш, газ саноатини ривожлантириш борасида улкан ишлар авж олиб кетган, айниқса, Амударё сувини чўлга бошқариш учун сафарбарлик эълон қилиниб, чинакам мардлик-матонатлик кўрсатилаётган пайтларда вилоятга тез-тез ташриф буюрар, қачон келмасин, ёнида бу улкан ишларга маблағ, асбоб-ускуна, хомашё ажратадиган Москвадаги ташкилотларнинг раҳбарлари бўларди, уларнинг тилини топиб, керакли ёрдамни олишга интилар ва бунга эришарди ҳам.
Бир сўз билан айтганда, Шароф Рашидов юрт истиқболи, халқ равнақи учун чинакамига ёниб-куйиб ишлаган фидойи инсон, жонкуяр раҳбар, доно сиёсатчи, атоқли ижодкор эди. У кишининг жонбозлиги, халқ фаровонлиги йўлида қилган ишлари самараси бугун ҳам ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида акс этиб турибди.
Қурбон ЭГАМБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими