Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Ўтиб кетган Янги йил арчасини безатиш бўйича қарийб 1,2 миллиард сўмлик шартнома тузилди

15.07.2022


Ўтиб кетган Янги йил арчасини безатиш бўйича қарийб 1,2 миллиард сўмлик шартнома тузилди

Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси июнь ойида “2022-Янги йил байрамини кутиб олиш мақсадида Янги йил арчаси ва Мустақиллик майдони сайилгоҳини безатиш” объекти бўйича электрон танлов ўтказиб,  аллақачон бажарилган бу буюртмани бажариш юзасидан “энг яхши таклиф” киритган ғолибни аниқлади.

Давлат харидлари электрон тизимида эълон қилинган маълумотларга кўра, ободонлаштириш бошқармаси бош муҳандиси Рустам Джабборов раислигидаги харид комиссияси мазкур танловни 2022 йил 10 июнь куни (яъни Янги йил байрамидан беш ярим ой ўтиб бўлгач) ўтказган ва иккита иштирокчи томонидан тақдим этилган таклифларни кўриб чиқиб, биттасини – “Abbos sohil qurilish loyiha” масъулияти чекланган жамиятини ғолиб деб топган. 

2022 йи 13 июнь куни Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ва “Abbos sohil qurilish loyiha” МЧЖ ўртасида 1 миллиард 197 миллион 534 минг 711 сўмлик шартнома тузилган. Демак, Қарши шаҳрида  ўтган Янги йил байрамида ўрнатилган арчани безатиш билан боғлиқ ишлар учун маҳаллий бюджетдан айнан шунча пул сарфланадиган бўлди.

Шу ўринда эслатиш жоизки, Қарши шаҳрида Янги йил арчаси учун байрамдан кейин 1-2 ой ўтгач катта миқдорда маблағ ажратиш ва фирмалар ўртасида номигагина “танлов” ўтказиш амалиёти ҳақида "Qashqadaryo" газетасининг 2021 йил 17 декабрь сонида чоп этилган "Қашқадарёнинг марказий Янги йил арчаси қанчага тушади?" мақоласида батафсил ёзган эдик.

2022 йил 3 мартда эса бу мавзуга қайтиб, “Қаршилик депутатлар баҳор арафасида... Янги йил арчаси учун 1 миллиард сўм ажратишга қарор қилишди” мақоласини эълон қилгандик. 

     Аммо ўшанда бу мақолаларнинг иккаласи ҳам мутасаддилар томонидан жавобсиз қолдирилди. Яъни 15-20 кунлик байрам учун халқнинг жуда катта миқдордаги пулини ўйловсиз совуриш, боз устига, танловни ҳамма ишлар бажариб бўлингач, номигагина ўтказиш баъзи-бир раҳбарларимиз учун одатий ҳолга айланиб бораяпти, шекилли...

 

 

Report typo