Арманистон бош вазири Никол Пашинян мухолифатдаги «Кучли Арманистон» фракцияси депутати Эдгар Казарян устидан фуқаролик даъвоси билан судга мурожаат қилди. Бу ҳақда Factor нашри ёзган.
Даъвога халқ вакилининг 27 сентябрь куни ОАВга берган интервьюси сабаб бўлган. Депутат ўшанда Никол Пашинян Хонкенди (Степанакерт)даги қўмондонлик-штаб пунктида бўлиб ўтган йиғилиш давомида олинган маълумотларни Озарбайжон томонига етказгани ва шу орқали Қорабоғнинг Боку назорати остига ўтишига кўмаклашганини айтган.
Пашинян суддан Эдгар Казарянни ушбу баёнотларни ошкора рад этишга мажбурлашни сўрамоқда. Нашр келтирган даъво матнига кўра, депутат тарқатган маълумотлари «бутунлай ёлғон, ҳақиқатга мос келмайдиган ва бош вазирнинг шаъни, қадр-қимматига путур етказувчи» эканини очиқ эътироф этиши керак.
Раддия «Ньюс Ай Эм» компаниясининг тўғридан-тўғри эфири орқали, махсус сарлавҳа остида ўқиб эшиттирилиши лозим. Бунда Эдгар Казаряннинг ўзи ёки учинчи шахслар томонидан қўшимча изоҳлар берилишига йўл қўйилмаслиги керак.
Бундан ташқари, бош вазир депутатдан 6 миллион арман драми, яъни қарийб 195 миллион сўм миқдорида компенсация ундиришни сўраган. Даъво Ереван шаҳрининг умумий юрисдикцияга эга биринчи инстанция судига берилган. Иш судья Марина Ташчянга бириктирилган.