8 ноябрь – Тиббиёт ходимлари куни
Айни пайтда 3 миллион 800 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган Қашқадарёда, маълумотларга кўра, 337 та давлат ва 778 та хусусий тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатмоқда.
Хўш, уларда тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва қамровини ошириш, юқори технологик операцияларни кенгайтириш, касалликларни эрта аниқлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шарт-шароитларни замонавийлаштириш борасида қандай натижаларга эришилаяпти? Шу савол билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Низом ҚУРБОНОВга юзландик.
– Давлат тиббиёт муассасаларининг 53 таси стационар хизмат кўрсатувчи бўлиб, жами 9 минг 472 та ўринга эга, – дейди у. – Жумладан, 12 та Республика марказлари филиали, 17 та вилоят ва 36 та туман даражасидаги шифохона, 232 та амбулатор муассаса аҳоли хизматида. Уларда жами 55 минг 267 нафар тиббиёт ходими меҳнат қилмоқда. Шундан 5 минг 427 нафари шифокор, 33 минг 706 нафари ўрта тиббиёт ходимидир.
Жорий йилнинг олти ойи давомида вилоятда 3 минг 806 та юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ўтган йилнинг мос даврида ушбу кўрсаткич 2 минг 46 тани ташкил этган эди. Демак, бу борада қарийб икки баробар ўсишга эришилди ва, энг муҳими, илгари айрим мураккаб ташхислаш ва даволаш амалиёти учун пойтахт ёки бошқа ҳудудларга боришга мажбур бўлган беморлар энди вилоятнинг ўзида ҳам юқори малакали тиббий ёрдам олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Халқ саломатлигини таъминлашда касалликни даволаш қанчалик муҳим бўлса, унинг олдини олиш ва эрта аниқлаш ҳам шунчалик аҳамиятли. Шу нуқтаи назар билан ўтган ойлар давомида ҳудуддаги 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган аҳолидан 649 минг 97 нафари профилактик тиббий кўрикдан ўтказилди. 40 ёшдан ошган аҳоли ўртасида юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 440 минг 325 нафар аҳоли скрининг текширувларидан ўтказилиб, бу борада тасдиқланган режа аллақачон 95,7 фоизга бажарилди.
Онкологик касалликларни эрта аниқлаш борасида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Ўтган йили 107 нафар беморда онкологик касалликлар илк босқичда аниқланган бўлса, 2026 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 121 нафарни ташкил этди.
Шу йил март ойидан бошлаб Қашқадарёда реимбурсация дастури жорий этилди. Унинг доирасида поликлиникалар диспансер назоратида турган беморларга қатор сурункали касалликлардан даволаниш учун 46 турдаги дори воситаси бепул тақдим этилмоқда. Бугунги кунга қадар 9 та касаллик тури бўйича диспансер рўйхатида турган 153 минг 745 нафар бемор ушбу дастурга қамраб олинган.
Президентнинг 2026 йил 17 февралдаги «Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ республика бўйича ижтимоий реестрга киритилган 6 минг нафар беморни соғломлаштириш белгиланган эди. Шундан 754 нафари Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келади. Соҳа ходимлари томонидан ҳар бир беморнинг касаллик тури ва саломатлик ҳолатидан келиб чиқиб, алоҳида режа-график ишлаб чиқилган. Тегишли тиббиёт муассасаларига 764 нафар бемор ётқизилиб, уларнинг 45 нафарида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
Шунингдек, камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтожлар қатламига мансуб 293 минг 725 нафар фуқарони тиббий кўрикдан ўтказиш режалаштирилган бўлиб, амалда 294 минг 441 нафар аҳоли қамраб олинди. Текширувларда аниқланган беморларнинг 30 минг 862 нафари амбулатор, 2 минг 842 нафари эса стационар шароитда соғломлаштирилди.
Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимининг барқарор ривожланишида давлат тиббиёт муассасалари билан бир қаторда хусусий секторнинг ҳам ўрни тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда вилоятда фаолият кўрсатаётган хусусий тиббиёт муассасаларининг 620 таси амбулатор, 158 таси стационар йўналишда 72 турдаги ихтисослик бўйича аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Уларда бир кунда 10 мингга яқин аҳолига ташхис, маслаҳат ва даволаш хизматларини кўрсатиш имконияти ҳамда жами 5 минг 356 та шифо ўрни мавжуд.
Жорий йилнинг биринчи ярмида тадбиркорлик субъектлари томонидан хусусий тиббиёт тизимида умумий қиймати 200 миллиард сўмлик 50 та янги лойиҳа амалга оширилди. 42 та хусусий тиббиёт муассасаси фаолиятга рухсат берувчи лицензия олди, мавжудларидан 11 таси эса ўз ишини кенгайтирди. Бунинг натижасида 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Умуман, Қашқадарё тиббиётининг бугунги тараққиёти ва келажакдаги юксалиши йўлидаги ҳар бир эзгу қадам, ҳар бир янгилик ва ҳар бир фидойи меҳнат замирида битта улуғ мақсад мужассам: инсон саломатлиги таъминлаш ва қадрини улуғлаш!
Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.