Мулкдор ва давр
2026-2027 йилларда вилоятда давлат ва давлат иштирокидаги 44 та корхонанинг кўчмас мулк объектлари, «Қашқадарё йўллардан мунтазам фойдаланиш корхонаси»нинг 100 акция пакети (улуш) оммавий савдоларга чиқарилади. Бундан ташқари, давлат ва давлат иштирокидаги 8 та корхонанинг активларини оммавий савдоларга чиқариш ва сотиш жараёнлари жадаллаштирилади.
Бу вазифалар Президент иқтисодиёт тармоқларида трансформация ва давлат иштирокидаги йирик корхоналарни хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш орқали инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида шу йил 28 августда имзолаган ва 8 сентябрдан кучга кирган «Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонда белгиланган.
Ҳужжатга кўра, 2026-2027 йилларда Қамаши туманидаги 17 та маҳаллий бошқарув органини бир жойда мақбул жойлаштириш ҳам кўзда тутилган. Натижада бўшаган 9 та давлат кўчмас мулк объекти электрон онлайн аукцион савдолари орқали сотилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Қарши тумани бўлими балансидаги Қовчин қишлоғи 222/1-уй манзилида жойлашган Янги ҳаёт МФЙ биноси ҳам нодавлат нотижорат ташкилотларига оператив бошқарув ёки текин фойдаланиш ҳуқуқи билан бириктирилган ҳамда 2026-2027 йилларда хусусийлаштириладиган давлат кўчмас мулк объектлари рўйхатига киритилган.
Яна бир муҳим йўналиш: тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини ташкил этиш учун Қашқадарёдан жорий йилда 401,8 гектар ер участкалари устувор равишда мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади.
8 та туман ҳудудида жойлашган 211,15 гектар ер эса 468 та лотга бўлиниб, 2026-2027 йилларда мастер режа асосида электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилади.
Шунингдек, Қарши шаҳри ва ҳар бир тумандан 4 тадан ҳамда Шаҳрисабз шаҳридан 2 та, жами 62 та ер участкаси муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишнинг техник шартлари ва қурилишга рухсат берувчи барча ҳужжатлар асосида «Тайёр пакет» усулида электрон онлайн аукцион савдоларида сотилади.
Деҳқонобод, Муборак, Қарши, Нишон ва Кўкдала туманларида жойлашган 8 та кўчмас мулкни 1 миллион сўм бошланғич қийматда электрон онлайн аукцион савдолари орқали сотиш кўзда тутилган.
Умуман, фармон асосида давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли 84 та жамият устав капиталидаги улушларни, 1 минг 242 та кўчмас мулк объектини ва 8 минг гектар ер участкаларини савдога чиқариш; давлат иштирокидаги 85 та корхонани тугатиш ва қайта ташкил этиш; умумий қиймати 100 триллион сўмга яқин давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар активларини ҳамда ер участкаларини савдога чиқариш ва камида 14 триллион сўм тушумни таъминлаш жорий йилги иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ҳамда хусусийлаштириш дастурининг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланган.
* * *
Фармонда хусусийлаштириш ва давлат мулкини ижарага олишдаги қатор янги имтиёзлар ҳам кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар оммавий савдоларга чиқарилаётган давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар активлари, кўчмас мулк объектлари ва ер участкаларининг жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Хусусан, давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиб олишда аванс тўлови 15 фоиз миқдорида ва уни тўлаш муддати 30 календарь кун этиб белгиланади ҳамда талабгорларга қолган суммани қонунчиликда белгиланган муддатларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.
Сотиб олиш тўловлари базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма уч минг бараваридан юқори бўлган электрон онлайн аукцион, танлов ва биржа савдоларида сотилган давлат активлари ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз минг бараваридан юқори бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича:
100 фоиз тўловни олти ой давомида тўлаган харидорга жами суммага нисбатан 25 фоиз чегирма қўллаш;
50 фоиз тўловни олти ой давомида тўлаган харидорга қолган суммани фоизсиз 7 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш;
35 фоиз тўловни уч ой давомида тўлаган харидорга қолган суммани фоизсиз 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.
Давлат активлари учун тўловнинг камида 50 фоизини тўлаган харидорларга уларни реконструкция қилиш (янгидан қуриш учун бузиш) ва таъмирлаш ҳуқуқи берилади.
Бундан ташқари, давлат активлари очиқ электрон онлайн аукцион ва биржа савдоларида уч ой давомида сотилмаганда уларнинг бошланғич нархи қолдиқ (баланс) қиймати ёки соф активлари миқдоридан қатъи назар 10 фоизигача босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтирилади. Улар икки ой давомида сотилмаганда эса Давлат активларини бошқариш агентлигига давлат активларини лотларга бўлган ёки бирлаштирган ҳолда қайта савдога чиқариш ваколати берилади.
Давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар активлари, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиш бўйича электрон онлайн аукцион савдоларида аукцион қадами аукцион объекти бошланғич нархининг бир фоизи миқдорида белгиланади;
такрорий савдоларда фақат бир нафар талабгордан ариза келиб тушган тақдирда, унга ушбу савдода эълон қилинган нархда лотни ихтиёрий сотиб олиш таклиф этилади;
электрон онлайн аукцион ва танлов савдосини ўтказиш тўғрисидаги хабарномани эълон қилиш муддати 30 кундан 15 кунга, такрорий савдоларда эса 10 кундан 5 кунга қисқартирилади.
Фармон асосида йўлга қўйилаётган давлат мулкини сотишнинг янги механизмларига кўра, кўчмас мулк объектлари хусусийлаштирилганда уларга бириктирилган ер участкаларига нисбатан сотилгунга қадар бўлган ҳуқуқлар (умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ва ижара ҳуқуқи) уларни хусусийлаштириб олган субъектлар учун амалдаги тартибда сақланиб қолади.
Хусусийлаштириш субъектларига тегишли ер участкасининг бир қисми йўлнинг ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларининг муҳофаза зонаси ҳудудида жойлашганда, унинг муҳофаза зонасига тушмаган қисмини хусусийлаштиришга йўл қўйилади.
* * *
Умуман, фармон ижроси ва унда кўзда тутилган имтиёзлар орқали миллий иқтисодиётда хусусий сектор улуши ортади. Тижорат банклари балансида йиллаб реализация қилинмай ётган активларнинг сотилиши жадаллашади. Давлат иштирокидаги йирик корхоналар хусусийлашади. Давлат мулкидан самарали фойдаланиш тизими такомиллашади. Аукционда сотилган ер участкаларидан режали фойдаланиш кўрсаткичи ўсади. Натижада инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шарт-шароит яратилади.
Демак, фармонда иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича кўзда тутилган қўшимча чора-тадбирлар, энг аввало, мавжуд ресурсларга янгича иқтисодий тафаккур билан ёндашиш, фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш, хусусий ташаббус ва инвестицияларга кенг йўл очиш, тадбиркорлик муҳитини янада жонлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Ўз мухбиримиз