Қашқадарё газетаси Маънавият У ШЕРЛАР ИЧРА ШЕР, СУВОРИЙЛАР АРО ЭНГ ДОВЮРАК ЭДИ
Маънавият

У ШЕРЛАР ИЧРА ШЕР, СУВОРИЙЛАР АРО ЭНГ ДОВЮРАК ЭДИ

Жалолиддин Мангуберди… Унинг саркардалик маҳорати ва шуҳратига мўғуллардан учраган мағлубияти соя солиб туради. Аммо… Ўтмишга ҳозирги замон тепаликларидан туриб эмас, боз XXI аср кўзойнагини ечиб назар солсак, кўп ҳақиқатлар баробарида ушбу масала ҳам ойдинлашади: мўғуллар тарих саҳнасида ёз осмонидаги яшин мисоли қўққисдан қай тариқа пайдо бўлди? Умуман, улар қандай қудрат касб этдики, Европага довур ларзага келди?
Демак, масалага айни жиҳатдан ёндашиш ўринли: Жалолиддин қандай шарт-шароитда яшаб, кураш олиб борди ва мўғуллар қандай рақиб эди?
Тарихчи Нурёғди Тошовнинг «Жасорат» туркумида чоп этилган «Жалолиддин Мангуберди» илмий-оммабоп рисоласида айни шу саволларга атрофлича жавоб топиш мумкин. Тарихнинг эътибордан четда қолаётган жиҳатлари ҳақида кенг ва қизиқарли маълумотларга эга бўлишни истасангиз, ушбу рисолани мутолаа қилинг.

***

1242 йил баҳорида мўғул қўшини Европанинг қоқ марказида жойлашган Австрия пойтахти Венадан ўн чақиримча ерда савашга шай ҳолда турарди. Бутун Европа даҳшат оғушида охират кунини кутар, Англиянинг бошқа давлатлар билан савдо-сотиғи тўхтаб қолган, Германияда одамлар: «Эй парвардигор, бизни татарлар  азобидан қутқар!» дея ибодат қиларди. Хуллас, мўғул ё татар номи етиб борган ер борки, одамларни даҳшату ҳайрат чулғаб олган, муаррих Ибн ал-Асир ҳам ёзганидек, инсоният тарихида мисли кўрилмаган воқеалар юз бермоқда эди. Бир неча ўн йил давомида бирда кучайиб, бирда сусайиб кечган урушлар натижаси ўлароқ Евроосиё қитъасининг қарийб тўртдан уч қисми мўғул истилочилари қўлига ўтди.

***

Ёзма манбаларда Евросиё кўчманчи халқларида истеъмолда бўлган «ҳуштак чалувчи ўқлар» ҳақида маълумотлар учрайди. Археологлар шундай камон ўқларининг эски қабрларда ва бошқа ерларда сақланиб қолган бир нечта намунасини топиб ўрганишган ҳам. Бу ўқлар бир неча йўллар билан, шу жумладан, пайконнинг остида ўйилган ковакка соққача (шарча) ўрнатиш орқали ясалган. Соққача асосан ичи бўш суякдан қилинар, бир неча жойидан тешиб қўйиларди. Камондан отилган бундай ўқ ҳавода гир айланиб учар ва ўткир, айрим йиртқич қушларнинг сайрашига ўхшаш бўғиқ овоз чиқарар экан. Ҳуштак чалувчи ўқлар маълум хабарни етказиш (сигнал бериш), овланаётган ҳайвонни эсанкираб, бир ерда туриб қолишга мажбурлаш, пайконни мустаҳкамроқ бириктириш каби мақсадларга хизмат қилган, аммо уларнинг яна бир, эҳтимол, энг муҳим вазифаси бор эди. Бирваракайига отилган юзлаб бундай ўқлар ғанимни (унинг отларини ҳам) саросимага солар, унга руҳан оғир таъсир этарди. Сайровчи ўқлар бир томондан уларни ихтиро этганларнинг қурол-аслаҳа ясаш соҳасидаги маҳоратини кўрсаца, иккинчи томондан уларнинг ҳарбий санъати нечоғлик юксак ривож топганидан дарак беради.

***

Барча қилмиш-амалларидан қатъи назар, Аълоуддин Муҳаммад авлодлар ёдида омадсиз подшо, манглайига шафқациз ва адолациз ёзмиш битилган инсон сифатида қоладиган кўринади. Кўпчилик наздида у юзлаб йиллар ухлаб ётган ёвуз девни уйғотган одамни эслатади. Қизиғи, Ануштегинийлар давлати қулашидан кўп ўтмай Мўғулистон томонларда яратилган «Мўғулларнинг яширин тарихи» номли асарда у ҳатто эслатилмаган; асар муаллифи уни ўғли Жалолиддин билан чалкаштиргандай таассурот уйғонади. Лекин ўша давр мусулмон тарихчиларининг кўпи унга ижобий баҳо беришган. Хусусан, Ибн ал-Асир уни кенг билимли, илм аҳлини ардоқловчи, бардошли, халқпарвар, айш-ишратга бефарқ ҳукмдор сифатида таърифлайди.

***

Жалолиддин Мангуберди хоразмшоҳ Аълоуддин Муҳаммаднинг Ойчечак исмли хотинидан туғилган тўнғич ўғли эди. Айтилишича, Ойчечак келиб чиқиши бўйича канизак, яъни қуллардан бўлган. Россиялик тарихчи Д.М.Тимохин Мангубердининг волидаси Ойчечак Деҳли султонлиги ҳукмдори Шамсиддин Элтутмиш (1211–1236)нинг опаси ё синглиси бўлганини эҳтимолдан холи тутмайди. Бироқ бошқа тадқиқотчилар фикрича, Шамсиддин Элтутмиш бир муддат Деҳлидаги ҳукмдор саройида яшаган Феруз Элтутмиш исмли бир Хоразм шаҳзодаси билан чалкаштирилган. Кейинги фикр ҳақиқатга яқинроқ, чамаси. Мангуберди билан Элтутмиш орасидаги муносабатлар табиати ҳам уларнинг қариндош бўлишгани ҳақидаги тахминга қарши ишлайди.

***

Шаҳобиддин Насавий ўзининг «Сират ас-Султон Жалолиддин Мангбурни» номли асарида Жалолиддинни шундай таърифу тавсиф қилади: «У қорачадан келган, калта бўйли эди. Кўриниши ва нутқи туркий, аммо форсий тилда ҳам сўзларди. Шижоатига келсак, бу ҳақда айтиш учун унинг мен баён этган жанглари етарлидир. У шерлар ичра шер, суворийлар аро энг довюрак (суворий) эди. Ва юмшоқтабиат бўлиб, ўзини йўқотмас ва сўкинмас, жиддий қиёфада юрар, кулмас, фақат табассум қилар ва кўп гапирмас эди. У адолатни севарди, аммо у тўқнаш келган нотинч замон уни ўз гирдобига олди ва феъл-атворини ўзгартирди. У раиятнинг ҳаётини яхшилашни ёқтирарди, бироқ таназзул даврида ҳукмронлик қилгани боис жабр-зулмга қўл урди».

***

Одамлар орасида мўғуллардан қўрқув қай даражада бўлганини тасаввур қилиш учун Ибн ал-Асирнинг бир неча гувоҳликларини келтириш кифоя қилади. Мўғуллардан бири бир мусулмонни тутиб олиб, уни ўлдирмоқчи бўлади. Аммо ёнида қуроли йўқлиги учун унга бошини ерга қўйиб ётишни ва кетиб қолмасликни буюради ва ўзи қурол излаб кетади. Мўғул қилич билан қайтиб келгунча тутқун уни кутиб туради ва келтирилган қурол билан боши олинади.

***

1225 йили Жалолиддин Бағдод устига юрди, аммо шаҳарни олмай, Озарбайжонга юзланди. 1225 йили уни забт этди ва Элдегизийлар (ёки Озарбайжон отабеклари) сулоласининг сўнгги вакили Ўзбек ибн Жаҳонпаҳлавонни (1211–1225) пойтахт Табриздан ҳайдади. Энди у Озарбайжоннинг катта қисми, Ғарбий Эрон ва Хуросоннинг бир қисмини ўз ичига олувчи давлатнинг ҳукмфармоси эди. Шундай қилиб, Жалолиддин Мангуберди жисми кетиб, исми қолган Хоразмшоҳлар давлатини тиклашга муваффақ бўлди.

***

Диёрбакр қишлоқларидан бирида уни курд қароқчилари қўлга туширадилар. Шулардан бири Жалолиддиннинг султон эканлигига ишонмай, Хилот қамали пайтида хоразмликлар томонидан ўлдирилган акасининг ўчини олиш, бошқа тахминга кўра эса султоннинг қимматбаҳо нарсаларини қўлга киритиш мақсадида уни найза санчиб ўлдиради. Бу машъум воқеа 1231 йил август ойининг ўрталарида рўй берди.

Ўз ҳукмдорининг вафоти ҳақида ҳикоя қилар экан, Шаҳобиддин Насавий ёзади: «Агар ҳатто бу воқеа сабаб шафақ ўз чойшабини тилка-пора қилса, бунга ҳақли эди, ахир бу энг катта мусибатдир! Башарти ой ўз чеҳрасини тирнаб ташласа, фалаклар мотамга бурканса, юлдузлар кулга айланса – юз берган фожиа буларга ҳам лойиқ эди».

***

Ачинарли ҳоллардан бири шундан иборатки, Мангубердининг қабри ҳалигача топилгани йўқ. 2021 йили туркиялик олимлар араб тарихчиси Сибт ибн ал-Жавзий (1186–1256)нинг умумий тарихга оид «Миръот аз-замон фи тарих ал-аъён» («Машҳурлар тарихи бўйича замон кўзгуси») асарида келтирилган маълумотга таяниб, Жалолиддиннинг қабри Туркиянинг Силван (эски Маяфориқин) шаҳри яқинидаги Буржи Малик қалъаси атрофида бўлиши мумкинлигини аниқлашди, деган шов-шувли хабарлар тарқалди. Бўлиши мумкин. Аммо бу тахмин фактга айланиши учун ҳали кўп изланишлар олиб боришга тўғри келади.

***

Маълумки, 1260 йил 4 апрель куни Фаластиндаги Айн Жалут деган булоқ ёнида бўлиб ўтган жангда мўғуллар тор-мор келтирилиб, уларнинг ғарбга қараб юришлари тўхтатилган эди. Жангдан сўнг Сайфиддин Қутуз фахр билан: «Мен мўғулларни яксон қилдим ва хоразмшоҳ амакимнинг ўчини олдим», деган экан. Зеро, манбалардан маълум бўлишича, Қутузнинг онаси Мангубердининг опаси, отаси эса унинг амакиваччаси эди.

З.М.Буниётов маълумотига кўра, хоразмийларнинг авлодлари ҳозирга қадар Туркия, Сурия, Миср ва Ироқ мамлакатларида Хоразм, Хурзум, Хўзўм ва шунга ўхшаш номлар билан аталувчи қишлоқларда яшаб келишмоқда.

***

Алғов-далғовларга қарамай, Жалолиддин Мангуберди ўзининг ҳукмдор сифатидаги бурч ва мажбуриятларини адо этишга, ўз ҳокимиятининг легитимлигини асослашга қаратилган ишларни ҳам канда қилмаган. Хусусан, у ҳали Ҳиндистонда эканлигида ҳозирги Покистоннинг Карачи шаҳри шарқидаги Дамрилада бир масжид қурдирган. Айтилишича, унинг харобалари ҳозиргача сақланиб қолган. Бундан ташқари, у Исфаҳон, Мароға ва Хилот шаҳарларида турли иморатлар барпо этганини биламиз.

Мўғулларнинг давомий ҳамлаларини бошидан кечириб, қирғинбарот жангларга, сон-саноқсиз қурбонлар-у вайронагарчиликларга гувоҳ бўлган халқ онгида Жалолиддин Мангубердига нисбатан ишонч, унинг ғалабасига умид шунчалар катта бўлгандирки, унинг вафотидан сўнг одамлар орасида: «Султон ўлгани йўқ, у лашкар тўплаб юрибди», деган овозалар тарқалади. Жувайнийнинг гувоҳлик беришича, йиллар ўтиб ҳам вақти-вақти билан халқ орасида: «Султонни фалон жойда кўришибди» ёки «у хирқа кийиб, тасаввуфга берилибди», деган гаплар юрарди. 1236 йилда эса бир киши ўзини Султон Жалолиддин деб эълон қилиб, мўғулларга қарши бош кўтаради. Мўғул амирлари Жалолиддинни танийдиган бир гуруҳ кишиларни олиб келиб, унинг ёлғон гапираётганидан воқиф бўлишади ва уни қатл қилишади. Шу тарихчининг ёзишича, 1254 йилда, яъни Жалолиддин вафотидан 23 йил кейин бир гуруҳ савдогарлар Амударё бўйига етиб келишади. Улардан бири ўзини Султон Жалолиддин деб таништиради ва қанча қийнасалар ҳам ўз сўзидан қайтмайди, натижада мўғуллар уни ҳам ўлдирадилар.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.


Exit mobile version