Қашқадарё газетаси Жараён Нега “Кофиртепа?”
Жараён

Нега “Кофиртепа?”

Қашқадарё ва дунё

Қарши шаҳрининг ғарбий қисмида, Ғубдиндаги Таллисортепа яқинида Кофиртепа номли қадимий шаҳар қолдиқлари мавжуд. Аввало, жой номининг аталиши ҳақида фикрлашиб олсак.

Таниқли археолог олим Абдисабур Раимқулов маълумотларига кўра, Марказий Осиё ҳудудида Кофиртепа, Кофир-қалъа, Муғтепа, Муғқалъа, Гяурқалъа номлар билан аталувчи қадимий ёдгорликлар кўплаб ҳисобга олинган. Кофиртепа, Кофирқалъа каби номлар билан аталувчи ёдгорликлар Самарқанд шаҳридан жануб томонда – Дарғом канали бўйида, Нарпай туманидаги Чархин қишлоғида, Сурхондарёнинг Узунида, Термиз яқинида – Амударё бўйида, Жанубий Тожикистонда, Афғонистоннинг Давлатобод шаҳрига яқин бўлган Задиён қишлоғи атрофида, Гяурқалъа номли ёдгорликлар эса Марв ва Хоразмда учрайди.

«Кофир», «гяур», «гаур», «муғ» сўзларининг маъноси битта, яъни бизнинг тилимиздаги «кофир», «ғайридин» каби умумий маъноларга эга. Бу номлар билан юритиладиган қишлоқлар ва қалъаларда араблар келганидан  кейин ҳам маълум муддат ўзларининг аввалги маҳаллий динида қолган ва исломни қабул қилмаган аҳоли гуруҳлари яшаган. Ислом динини қабул қилган аҳоли маълум муддат исломга кирмаган одамлар яшаётган манзилларни Кофирқалъа, Гяурқалъа, улар муқаддам яшаб ўтган аҳоли манзилларини эса Кофиртепа номлари билан атаганлар.

Бу ном билан юритиладиган қишлоқ ва қалъаларнинг аксариятида араблар истилосигача ёки истило арафасида ерли маҳаллий давлатларнинг юқори табақали, ҳокимиятга дахлдор синф вакиллари истиқомат қилганлар, иншоотлар уларнинг ҳашаматли турар жойлари, арклари, саройлари сифатида фаолият кўрсатган.

Кофиртепада олиб борилган археологик қазишмаларнинг шоҳидлик беришича, бу ерда ҳаёт дастлаб III-IV асрларда бошланган ва V-VI асрларда жами тепаликларда аҳоли яшаган ҳамда тепаликлар мажмуасидан иборат бўлган илк ўрта аср қишлоғининг ёки шаҳарчасининг умумий майдони 6 гектарга етган. VII-VIII асрларга келиб мудофаа деворларининг аксариятида таъмирлаш ишлари олиб борилган, шаҳарчанинг умумий майдони эса ўзгармасдан қолган. Араблар истилосидан кейин, IX асрдан бошлаб ҳаёт Кофиртепанинг марказий тепалиги ва ундан шарқдаги тепаликда ҳамда уларнинг жанубидаги майдонда давом этган. Бу майдонда  ҳунармандлар фаолият кўрсатган.

Илк ўрта асрлар даврида бир нечта алоҳида мудофааланган қалъа ва қасрлар мажмуасидан иборат Кофиртепа ўрта асрларга келиб бутун бошли шаҳарчага айланиб кетган. Марказий тепалик VII-VIII асрларда шаҳар арки вазифасини бажарган. Бизга маълумки, VIII-IX асрларда Ўрта Осиёнинг кўплаб шаҳарларида аркларнинг мудофаа иншооти сифатида ҳарбий қобилияти йўқолиши жараёни рўй берган. Бу жараён Кофиртепа аркини ҳам четлаб ўтмаган бўлса керак.

Қайд этилишича, Кофиртепа каби бир нечта алоҳида   қисмлардан иборат шаҳарлар Ўрта Осиёда учраб туради. Зарафшоннинг юқори оқимидаги Наврўзшоҳ ёдгорлиги аввал бир неча алоҳида мудофааланган қасрлар мажмуасидан ташкил топган бўлиб, кейинчалик улар асосида бутун бошли шаҳарча шаклланган.

Кофиртепа 1946 йилда А.Тереножкин, 1947 йилда      С.Кабанов томонидан қисман ўрганилган, ёдгорликнинг  нураган жойларида археологик тозалаш ишлари олиб борилган. 1974 йилда эса Р.Сулаймонов бошлиқ археологик гуруҳ томонидан ёдгорликнинг тарҳи қоғозга туширилган, 1976 йилда Б.Кочнев томонидан дастлабки археологик қазишма ишлари олиб борилган.

Exit mobile version