Германияда суд 52 ёшли полиция катта комиссари Томасга Аушвиц-Биркенау (Освенцим) мемориал мажмуасини бориб кўриш мажбуриятини юклади. Бу ҳақда Bild нашри хабар берган.
Вайсвассер шаҳридаги округ суди полициячини конституцияга қарши ташкилотлар тарғибот материалларини тарқатганликда айблаб, уни экскурсияга жўнатди.
Томас ижтимоий тармоқларга тўрт ишчи ва нацислар ҳужум бўлинмаси шиори туширилган барельеф (текис юзага ишланган бўртма тасвир) жойлаган. Яна унга ўзи ҳам худди шу руҳдаги шиор билан изоҳ қолдирган.
Полициячи судда ўнг қанот экстремистлар тарафдори эмаслиги, сўзлари эса тасодифан чиқиб кетганини таъкидлаган. Судья огоҳлантириш билан чекланиб, унга Освенцимдаги ёдгорликни бориб кўриш ва бир йил ичида ушбу экскурсияни тасдиқловчи далилларни судга тақдим этиш мажбуриятини юклаган. Агар Томас бу шартларни бажармаса, 4,2 минг евро жарима тўлашига тўғри келади.