Қашқадарё газетаси Жараён ҚАМАШИДА АНТИК ДАВРГА ОИД ҚАЛЪА ЎРНИ ТОПИЛДИ
Жараён

ҚАМАШИДА АНТИК ДАВРГА ОИД ҚАЛЪА ЎРНИ ТОПИЛДИ

Археологик тадқиқот

Қамаши туманида Бобиртепа деган жой бор. Маҳаллий аҳоли бу тепаликни Захириддин Муҳаммад Бобур номи билан боғлаб келади. Ривоятларга кўра, Самарқанддан чекинган бобомиз Афғонистонга йўл олганида айнан шу ерда қўноқ бўлиб, қалъа барпо этган.

Туманнинг Пасттол маҳалласи ҳудудида жойлашган мазкур манзилда Самарқанд археология институти тадқиқотчилари изланишлар олиб боришди. Қазилма ишлари натижалари Бобиртепа қалъаси антик даврга оид эканини кўрсатмоқда.

– Тўртбурчак шаклдаги ушбу археологик ёдгорлик майдони 6,2 гектарни ташкил этади, – дейди Самарқанд археология институти илмий тадқиқотчиси Санжар Абдураҳимов. – Бу ерда 2023 йилда дастлабки дала-қидирув тадқиқотларини амалга оширган бўлсак, 2024 йилда тепаликнинг уч нуқтасида қазилма ишларини олиб бордик. Унинг марказий қисмида бўйи 9,3 метр, эни 5 метр бўлган катта ва иккита майда хона топилди. Деворларида суратлар чизилган бўлиб, улар тўлиқ сақланмаган. Шунингдек, бу ердан аёл киши ва от ҳайкалчаси топилди, улар Зардуштийлик даврига хос. Топилмалар асосида қалъани сўнгги антик давр – милоддан аввалги III ва милодий III-IV асрларга тегишли, деб хулоса қилдик. Жорий йилда ўша даврдаги мудофаа тизими қандай ташкил этилганини аниқлаш мақсадида қалъа деворларида қазилма ишларини давом эттиряпмиз. Девор пахсадан қурилган бўлиб, қалинлиги 8 метрни, ҳозирги сақланган баландлиги эса 10 метрни ташкил этади. Шунингдек, девор тепасида аскарлар минораларининг қолдиқлари ҳам аниқланган.

Қалъа Лангар дарёси бўйида, баланд қирликлар этагида жойлашган. Бу эса ўша давр одамлари учун деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланишда қулай бўлган. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, кейинчалик қалъа стратегик аҳамиятини йўқотган ва бу ерда ҳаёт тўхтаган. Орадан бироз вақт ўтгач, ҳунармандлар қалъа деворларининг ташқи қисмини кавлаб, устахоналар ташкил этишган.

– Қашқадарё вилоятидаги археологик ёдгорликларни шартли равишда уч: Шаҳрисабз – Кеш, Қарши – Нахшаб, Насаф ва Ғузор – Хусор тоифасига ажратиш мумкин, – дейди Самарқанд археология институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори Абдусобир Райимқулов. – Бу шаҳарларнинг моддий маданияти асосан кулолчилик буюмларида намоён бўлган. Улар шакл ва нақш жиҳатидан фарқ қилади. Бобиртепадан чиққан сопол парчалари Кеш кулолчилик анъанасига хос бўлиб, қалъа Самарқанд, Кеш, Ғузор ва Термиз карвон йўли устида жойлашган.

Тадқиқотчилар бир неча йиллар давомида Қамаши туманида дала-қидирув ишларини олиб боришди ва 100 га яқин археологик аҳамиятга эга манзилни аниқлашди. Қарши шаҳридаги Ерқўрғон ҳамда Китоб туманидаги Подойтахт – Сангиртепа ёдгорликлари илмий жамоага аввалдан маълум бўлган бўлса, Қамашининг Қоратепа қишлоғидан уч километр ғарбда Одирмонтепа ёдгорлиги топилди. У ҳам антик даврга тааллуқли бўлиб, майдони 32 гектарни ташкил этади. Бу шаҳар Самарқанд, Жом ва Ғузор карвон йўлларини боғлаб турган. Кеш ва Нахшаб орасида жойлашган ушбу манзилда ҳам келгуси йили қазилма ишлари олиб бориш режалаштирилган. Бобиртепа ёдгорлиги эса қадимийлик жиҳатидан Одирмонтепага тенг ҳисобланади. Шу боис олимлар бу қалъани тўлиқ ўрганиш янги тарихий манбалар топилишига сабаб бўлишига ишонишмоқда.

– Бу қалъа антик даврдаги Жанубий Сўғд давлатининг чегара минтақаси бўлиши эҳтимолдан холи эмас, – дейди Самарқанд археология  институти илмий тадқиқотчиси Дилмурод Омонов. – Бу ерда одамлар 6-7 аср давомида яшаган, кейинчалик эса қалъани тарк этган. Бу ҳолат ёдгорликнинг қимматини янада оширади. Сабаби, жамият ривожланиши жараёнида ҳар бир давр маданияти аралашиб кетади, натижада аниқ бир даврга хос манбаларни топиш қийинлашади. Худди шундай қалъалар Бухоро ва Самарқанд ҳудудларида ҳам учраган, аммо уларнинг майдони Бобиртепаникидан анча кичик. Шу жиҳатдан мазкур ёдгорлик катта илмий аҳамиятга эга. Қазув ишлари босқичма-босқич давом эттирилади ва яна кўп қимматли манбалар топилишига ишончимиз комил.

Қалъа босқин ёки вайронагарликлар сабаб эмас, балки даврлар ўтиши билан ўзининг муҳим стратегик аҳамиятини йўқотгани учун тупроқ остида қолган. Эҳтимол, дарё ўзани пасайган ёки карвон йўли бошқа йўналишга кўчгани сабабли одамлар бу жойни тарк этган бўлиши мумкин.

Дарвоқе, қишлоқда яна бир тепалик бор. Олимлар «Захириддин Муҳаммад Бобур айнан шу ерда тўхтаб ўтган бўлиши мумкин, чунки Темурийлар даврига хос маданий излар учрайди. Вақт ўтиши билан маҳаллий аҳоли тепалик номларини адаштирган бўлиши мумкин», дейишмоқда.

Шунингдек, ёмғир ёққан пайтда тепалик жигарранг тусга киради. Эҳтимол,   дастлаб бу жой «Бовуртепа» деб аталган бўлиб, вақт ўтиши билан талаффузда ўзгариб, «Бобиртепа» кўринишига кирган.

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

журналист

Exit mobile version