Қашқадарё газетаси Жараён СУВ ИНШООТЛАРИ ХАВФСИЗЛИГИ ВА ТУРИЗМ ИМКОНИЯТЛАРИ
Жараён

СУВ ИНШООТЛАРИ ХАВФСИЗЛИГИ ВА ТУРИЗМ ИМКОНИЯТЛАРИ

Талимаржонда гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда замонавий туризм инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига бағишланган уч кунлик ўқув-семинар ташкил этилди.

Мазкур ўқув-семинар Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти – Миллий тадқиқот университети профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассислари иштирокида ўтказилди. Унда Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси ҳамда унинг тасарруфидаги  насос станциялари, гидроузеллар ва сув омборлари раҳбарлари, бош муҳандислар, энергетиклар ҳамда гидротехника йўналиши мутахассислари қатнашди.

Семинарнинг асосий мақсади сув омборлари ва уларга туташ ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, гидротехника иншоотларининг ишончли фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, сув омборлари атрофида туризм ва рекреация объектларини жойлаштиришда сув хўжалиги талабларини инобатга олиш бўйича мутахассисларнинг назарий билимлари ва амалий кўникмаларини оширишдан иборат бўлди.

Талимаржон сув омбори Қарши магистрал канали тизимининг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. У вилоятдаги суғориладиган ер майдонларини ресурс билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги барқарорлигини сақлаш ва ҳудуднинг иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутади. Шу боис мазкур иншоотнинг хавфсиз ишлашини таъминлаш, сув ресурсларини тежамкорлик билан бошқариш ва сув сифатини муҳофаза қилиш нафақат соҳа мутахассислари, балки бутун ҳудуд аҳолиси учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

– Айни пайтда сув омборлари атрофида туризмни ривожлантириш учун ҳам катта имкониятлар мавжуд, – дейди Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Илҳом Қурбонов. –Бироқ бундай ҳудудларда дам олиш масканлари, сервис ва рекреация объектларини ташкил этишда, биринчи навбатда, гидротехника иншоотларининг муҳофаза зоналари, сув режими, экологик талаблар ва хавфсизлик меъёрларига қатъий амал қилиш лозим. Зеро, туризмни ривожлантириш сув хўжалиги фаолиятига салбий таъсир кўрсатмаслиги, аксинча, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланишга хизмат қилиши керак.
Уч кун давом этган семинар доирасида университет профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассислари томонидан ўнта асосий йўналиш бўйича маърузалар ва амалий машғулотлар ташкил этилди. Уларда гидротехника иншоотларининг техник ҳолатини баҳолаш, хавфсизлик талабларига риоя этиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, сув ресурсларини бошқариш, сув омборлари соҳилларидан самарали фойдаланиш ҳамда туризм инфратузилмасини жойлаштиришнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.

Семинар иштирокчилари Талимаржон сув омбори соҳилидаги истиқболли ҳудудларни бевосита жойида кўздан кечириб, уларда туризм ва рекреация объектларини ташкил этиш имкониятларини ўргандилар. Шу билан бирга, мавжуд хавф-хатарлар, иншоотлар хавфсизлигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омиллар ва амал қилиниши зарур бўлган чекловлар таҳлил қилинди.

Семинар якунида иштирокчилар томонидан туризм объектларини хавфсиз жойлаштириш, сув омборидан самарали фойдаланиш, гидротехника иншоотларининг ишончлилигини таъминлаш ва соҳа ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Exit mobile version