Қашқадарё газетаси Жамият Абдулла Орипов шеър бағишлаган боғбон ким?
Жамият

Абдулла Орипов шеър бағишлаган боғбон ким?

Қашқадарёга оид

Бағишлов шеърлар ҳақида биласиз. Кўпинча у нўноқ шоирлар томонидан бирор амалдорга ёқиш, хушомад, мадҳ этиш мақсадида битилади. Буюк ижодкорлар эса шеърини ҳаммагаям бағишлайвермайди ва бағишлов мақсадида ёзилган мисралар ортида катта шахслар туради.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг 1983 йилда ёзилган «Боғбон» шеърини ўқигансиз албатта.

Қашқадарё деган сўз айтилган чоғ,

Ҳануз мийиғида кулгувчилар бор.

Эмишким, у ерга нораводир боғ,

Тўрт туёқ емишин ўйлар чорвадор.

Мана пайдо бўлди Темур Мирзолар,

Турфа чечакларни ўстирган инсон.

Не-не боғбонлар ҳам ундан дарс олар,

Мана, нималарга қодир тирик жон.

Қарши кўчасидан ўтсангиз магар,

Сизни кузатади минг-минглаб чароғ,

Қаёқдан келмоқда бу ҳид муаттар!

Бу – Темур Мирзолар барпо этган боғ.

Айни шеърда собиқ иттифоқ даврида Қашқадарёга бўлган муносабат ҳамда бу ерда боғ барпо қилган фидойи инсон ҳақида сўз бормоқда.

Шеърда тилга олинган инсон Темир Мирзаев 1921 йилда Қарши туманининг Тўқманғит қишлоғида таваллуд топган.

Педагогика техникумини тамомлаб, мактабда ўқитувчи, кейинроқ директор вазифаларида самарали фаолият олиб борган. 1948 йилда Қарши тумани партия комитетининг бўлим мудири, кейинроқ халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши раиси вазифаларида ишлаган.

Уч йил Москвадаги Олий партия мактабида ўқиган. Сўнг Кўкабулоқ райони партия комитетининг биринчи раҳбари бўлиб ишлаган. Темир Мирзаевнинг кўтарилиш суръати айрим раҳбарларга ёқмайди ва бир раҳбарни ишдан олиш боис, бутун бир район тугатилади.

Шундан сўнг Темир Мирзаев ер олиб, боғ барпо қилади. Хўжалик тузади. Йиллар ўтиб мевали кўчат етиштирувчи бу хўжалик республикада танилади. Тўқманғит, Узуннаво, Сарой қишлоқлари янада обод бўлади.

Темир Мирзаев 1990 йил 15 августда вафот этган. 1991 йилда хўжаликка унинг номи берилган.

Exit mobile version