Қашқадарё газетаси Иқтисодиёт Аввало ДАРОМАДЛИ, кейин эса ПАРҲЕЗБОП ва ИММУНИТЕТНИ МУСТАҲКАМЛОВЧИ маҳсулот
Иқтисодиёт

Аввало ДАРОМАДЛИ, кейин эса ПАРҲЕЗБОП ва ИММУНИТЕТНИ МУСТАҲКАМЛОВЧИ маҳсулот

Кичик бизнес

Бугунги кунда аграр соҳада хотин-қизлар фақат ижрочи эмас, балки инновацион ғоялар ташаббускори, замонавий агробизнес эгалари сифатида ҳам намоён бўлмоқда. Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида истиқомат қилувчи Дилшода Норқобилова улардан бири. У ичига компост жойланган 710 та қоп юзасида қўзиқорин етиштириб, мавсум давомида 3 тонна ҳосил олиш ва 90 миллион сўм даромад қилишни режалаштирмоқда.

Мутахассислар фикрича, қўзиқорин етиштириш агротехникасида асосий омиллар – ҳарорат, ҳаво  намлиги, ёритиш ва санитария қоидаларига қатъий амал қилишдир. Интенсив технология асосида парваришланган қўзиқоринлар 1 квадрат метр майдон ҳисобига 20-30 килограммгача ҳосил беради. Бу кўрсаткич анъанавий экинларга нисбатан бир неча баробар юқори самарадорликни англатади.

– Асли фермерман, деҳқончиликнинг ҳамма йўналишига қизиқаман, – дейди Дилшода Норқобилова. – Кўп жой талаб қилмаслиги, тез айланма маблағли бизнес эканлиги сабаб қўзиқоринчилик эътиборимни тортди. Дастлаб кичик ҳажмда иш бошладим, натижа яхши бўлгач, фаолиятимни кенгайтирдим.

Тадбиркор аёл янги йўналишга қўл уришдан олдин икки ой давомида соҳанинг назарий ва амалий жиҳатларини ўрганди. Компост тайёрлаш, мицелий (замбуруғ) экиш, инкубация ва ҳосил йиғиш жараёнларини илмий тавсиялар асосида ташкил қилди. Замонавий вентиляция ва намлантириш тизимларини жорий этиш орқали қўзиқорин ўстириш учун барқарор микроиқлим яратилди. Бу эса ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот сифатини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Аграр иқтисодчилар таъкидлашича, қўзиқоринчиликнинг афзаллиги – ишлаб чиқариш циклининг қисқалиги (30-45 кун) ва бозор талабининг барқарорлигидир. Айниқса, шаҳарларда соғлом овқатланишга бўлган қизиқиш ортиб бораётгани мазкур маҳсулотга талабни оширмоқда.

– Маҳсулотимиз харидорлари орасида чакана савдо нуқталари, умумий овқатланиш шохобчалари ва бошқа доимий мижозлар бор, – дейди тадбиркор фермер. – Бугунги кунда, турмуш ўртоғим, уч нафар ўғлим ва маҳалладаги хотин-қизлар қўзиқоринчилик ишимизга жалб қилинган. Келгусида шу йўналишда кластер ташкил этишни мақсад қилганмиз. Унинг асосида бошқа етиштирувчиларни бирлаштириш, маҳсулотни қуритиш ва қадоқлаш цехини йўлга қўйиш, экспорт бозорига чиқиш каби режаларимиз бор.

Бу ташаббус нафақат бир оиланинг даромад манбаи, балки аёллар тадбиркорлиги, аграр соҳада инновацион ечимлар ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги амалий намунадир.

Қўзиқорин таркибида 20-30  фоизгача оқсил, В гуруҳи витаминлари, темир, калий ва бошқа минерал моддалар мавжуд. Диетологлар уни парҳезбоп ва иммунитетни мустаҳкамловчи маҳсулот сифатида тавсия этади. Шу жиҳатдан ҳам у нафақат озиқ-овқат, балки функционал озуқа сифатида қадрланмоқда.

Ш.БОЗОРОВА

Exit mobile version