Маълумки, юртимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик, мамлакатни обод қилиш ишлари йилдан–йилга кенг қамров олмоқда. Хусусан, қурилиш соҳаси ходимларининг фидокорона меҳнатлари натижасида мамлакатимизда бугун катта–катта замонавий турар жой мажмуалари, ишлаб чиқариш корхоналари, йўл–транспорт ва муҳандислик коммуникациялари тармоқлари, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ҳамда спорт объектлари каби муҳим инфратузилма иншоотлари барпо этилиб, халқимиз учун замонавий ҳаёт шароити яратишга хизмат қилмоқда.
Статистика маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида Қашқадарёда жами 7 триллион 673,8 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 102,7 фоизни ташкил этди.
Воҳамизда биринчи ярим йилликда амалга оширилган қурилиш ишларининг иқтисодий фаолият турлари бўйича тақсимланишига эътибор қаратадиган бўлсак, бино ва иншоотларни қуриш йўналиши ҳиссасига бунёдкорлик умумий ҳажмининг 75,2 фоизи, фуқаролик объектларини қуриш йўналишига 12,3 фоизи, ихтисослашган қурилиш ишларига 12,5 фоизи тўғри келмоқда.
Шаҳар ва туманлар кесимида қурилиш соҳасидаги энг юқори ўсиш суръатлари Қарши (123,8 фоиз) ва Миришкор туманлари (116,4 фоиз), вилоят маркази (112,5 фоиз) ҳамда Қамаши (111,2 фоиз) ва Чироқчи (110 фоиз) туманларида қайд этилди.