Қашқадарё газетаси Олам Автосаноатда яширин эшик тутқичларидан воз кечилиши мумкин
Олам

Автосаноатда яширин эшик тутқичларидан воз кечилиши мумкин

Хитой саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги автомобиллар ишлаб чиқаришда тўлиқ яширин эшик тутқичларидан фойдаланишни тақиқлашни таклиф қилаяпти. Бу транспорт воситалари хавфсизлигига оид янги талаблар лойиҳасида кўзда тутилган.

Ушбу ташаббус авариялар вақтида эшикларни очиб бўлмай қолиши хавфи билан боғлиқ. Бундай вазиятларда йўловчилар салондан   мустақил равишда чиқа олмаслиги, қутқарувчилар эса автомобиль ичига тезкорлик билан киришда қийинчиликларга дуч келиши мумкин.

Одатда, кузов сатҳи билан бир текис жойлашадиган ва зарурат туғилгандагина ташқарига чиқадиган яширин эшик тутқичлари, айниқса, электромобилларда кенг қўлланилади. Ишлаб чиқарувчилар улардан аэродинамик хусусиятларни яхшилаш ва автомобилларга замонавий кўриниш бериш мақсадида фойдаланади.

Бироқ бундай механизмлар фавқулодда вазиятларда панд бериши амалда кузатилган. Уларнинг кўпи электр юритмаси билан жиҳозланган. Шу сабабли жиддий йўл-транспорт ҳодисаси юз берганда, аккумулятор шикастланганда ёки автомобилнинг борт электр таъминоти узилганда тутқичлар ташқарига чиқмай қолади.

Exit mobile version