Қашқадарё газетаси Маънавият Адашганлар ва бидъат аҳли эътиқодидан холи, малол келтирадиган даражада узун ҳамда тушунарсиз даражада қисқа бўлмаган тафсир муаллифи
Маънавият

Адашганлар ва бидъат аҳли эътиқодидан холи, малол келтирадиган даражада узун ҳамда тушунарсиз даражада қисқа бўлмаган тафсир муаллифи

Қашқадарёга оид

Қашқадарё заминида туғилиб, илм-фан ривожига ҳисса қўшган олимлар силсиласига назар ташлар эканмиз, кўз ўнгимизда бепоён уммон гавдаланади. Улардан бири Ҳофизуддин Абулбарокат Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий (1232-1310) саналади.

Эшитган чиқарсиз, филология фанлари доктори Нафас Шодмонов айни пайтда Насафийлар ва Кешийлар тазкираси устида ишламоқда. Албатта, ушбу тўплам воҳамизнинг кўплаб маълуму машҳур алломаларини кенг жамоатчиликка танитиши баробарида аввал кўплар эшитмаган, билмаган уламо-ю ижодкорлар ҳақида маълумотлар беради.

Тазкирадан ўрин олган улкан сиймолардан бири Абулбарокат Насафий 1232 йилда таваллуд топган. Алломанинг ижоди сермаҳсул бўлса ҳам, ҳаёти ҳақидаги маълумотлар кам учрайди. Унинг етук олим бўлиб етишишида устозларининг меҳнати катта бўлган. Ана шундай устозлардан бири таниқли олим Абулважд шамсу-л-аимма Муҳаммад Кардарийдир. У Абулбарокат Насафийга тафсир, фиқҳ, калом каби шариат илмларини пухта ўргатади. Кардарий ҳам ўз вақтида «Ал-Ҳидоя» соҳиби Бурҳониддин Марғиноний ва «Фатобоин Қозихон» асарининг муаллифи Фахриддин Қозихон каби буюк устозлардан таълим олган.

Бундан ташқари, Абулбарокат Насафийнинг Ҳамидуддин Зарир Али ибн Али Ромиший ва Бадруддин  Хавоҳирзода Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдулкарим сингари устозлари ҳам бўлган.

Шундай машҳур устозлар илмидан баҳраманд бўлган Абулбарокат Насафий «Ҳофизу-д-дин», яъни «динни ҳимоя қилувчи» деган шарафли номга сазовор бўлган. Бундан эътирофга алломалардан икки кишигина сазовор бўлган бўлиб, булардан иккинчиси Ҳофизиддин Абдулфазл Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Наср Кабир   Бухорийдир. Бу икки олим ҳам етук устоз   Кадарийдан таълим олганлар.

Абулбарокат Насафийнинг ислом ҳуқуқшунослигига оид мўътабар асари – «Ал-вофий» («Тўлиқ»)дир. Бу асар Бурҳониддин Марғинонийнинг   «Ал-Ҳидоя»си қаторида туради. Мазкур фикрни Котиб Чалабийнинг  «Кашфу-з-зунун» («Гумонларни ечиш») асарида ўқиш мумкин.

Абулбарокат Насафий «Ал-Ҳидоя»га шарҳ ёзмоқчи бўлади, лекин ўша замоннинг буюк олимларидан Тожу-ш-шариъа уни бу фикридан қайтаради. Сўнгра, Абулбарокат Насафий фиқҳга оид «Ал-вофий» ва унинг шарҳи «Ал-Кофий» асарини ёзади. Бу билан у гўё «Ал-Ҳидоя» асарини тасниф этиб, унга шарҳ битгандай бўлади. Мазкур асар  бошқа машҳур китоблар қатори катта эътибор қозонади.

Абулбарокат Насафий «Умдату-л-ақоид фи-л-калом» («Калом илмидаги ақидалар асоси») асарига шарҳ ҳам ёзиб, уни «Ал-эътимод» («Таянч») деб атаган. Аллома асарлари: «Мадорику-т-танзил ва ҳақоиқу-т-таъвил фи-т-тафсир» («Тафсирдаги нозил бўлиш ва таъвил ҳақиқатларини англаш китоби»), «Манор-ул анвор фи усулул фиқҳ» («Усулул фиқҳда ёруғлик маёқ»), «Ал-кофий фи шарҳи-л вофий» («Вофий асарига кифоя қилувчи шарҳ»), «Канзу-д дақоиқ» («Нозик масалалар хазинаси») – сўнгги икки асар ҳанафий мазҳабининг фуруъ ал-фиқҳига оид манбалардир.

Абулбарокат Насафийнинг «Манору-л-анвор фи усулул фиқҳ» («Усулул фиқҳда ёруғлик маёқ») номли асари ислом ҳуқуқшунослиги асослари ва унинг қонун-қоидалари ҳақида ёзилган бўлиб, унда Қуръон ва ҳадис асосида ҳукм олиш, ижмо ва қиёсни қўллаш услублари каби масалалар баён этилган. У олимлар томонидан усулул фиқҳ соҳасидаги қисқа, лекин жуда фойдали асарлардан деб тан олинган, шу сабаб, бу асарга ёзилган шарҳлар асосида юртимиздаги диний таълим муассасаларида дарс берилади.

Абулбарокат Насафий «Манор» асарини ҳамду сано билан бошлаб, шариат асослари (усулу-ш-шариъа)ни тўртга – Қуръон, сунна, ижмо ва қиёсга бўлади, қолган масалалар эса шу тўрт манба асосида ижтиҳод қилинишини таъкидлайди.

Манбаларда айтилишича, усулул фиқҳни биринчи бўлиб, ёзма шаклда китоб ҳолига келтирган зот Шофеъий мазҳабининг асосчиси Имом Шофеъийдир. Сўнгра бошқа мазҳабларда ҳам мазкур соҳада бир қатор асарлар яратилган. Абулбарокат Насафийнинг «Манор»и ҳам шу соҳадаги катта асарлардан ҳисоблангани боис, унга кўплаб шарҳлар битилган. Абулбарокат Насафийнинг ўзи ҳам ушбу асарини шарҳлаган ва унга «Кашфу-л-асрор» («Сирларни очиш») деб ном қўйган. Абулбарокат Насафийнинг издошларидан Кофи Ақҳисорий уни таҳрир қилиб, мўъжаз бир китоб шаклига келтирган. Бундай шарҳлар қаторига Аҳмад ибн Абу Саид Ҳанафийнинг «Ҳуру-л-анвор фи шарҳи-л-манор» («Манорнинг шарҳига ёруғ маёқ»), Садуддин Абулфазоил Деҳлавийнинг (вафоти 1486-1487 йил) «Ифодату-л-анвор фи изои усул-л-манор» («Манор услубларини  тарқатишда нурлар фойдаси»), Шайх Шижоаддин Ҳибатуллоҳ ибн Аҳмад Туркистонийнинг (вафоти 1332-1333 йил) «Табассуроту-л-асрор фи шарҳи-л-манор» («Манорнинг шарҳида сирларни кўра олиш»), Қиёмиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Туркистонийнинг (вафоти 1348-1349 йил) «Жомиуъ-л-асрор» («Сирларни тўпловчи») каби асарларини қўшиш мумкин.

Абулбарокат Насафийнинг жуда кўп асарлари ва унга ёзилган шарҳлар Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказида сақланмоқда.

Абулбарокат Насафийнинг «Умдату-л-ақоид фи-л-калом» асари мухтасар ҳолда ёзилган бўлиб, илми каломга оид муҳим масалаларни ўзида қамраган. Унинг шарҳи – «Ал-эътиқод» ҳам олим томонидан ёзилган. Ўз даврида унга бошқа олимлар томонидан ўнлаб шарҳлар битилган. Булар қаторида Жамолиддин ибн Маҳмуд ибн Аҳмад Кавнавийнинг (вафоти 770/1368-1369 йил)  «Аз-зубда» («Қаймоқ») ва XIV асрда яшаган олим Аҳмад Ақшаҳарий Ҳанафийнинг «Ал-инқоз» («Халос этиш») кабиларни айтиб ўтиш мумкин.

Абулбарокат Насафийнинг аҳли илм орасида «Тафсиру-н-Насафий» номи билан машҳур бўлган ва ҳанафий мазҳабига мувофиқ битилган «Мадорику-т-танзил ва ҳақоиқу-т-таъвил фи-т-тафсир» («Тафсирдаги нозил бўлиш ва таъвил ҳақиқатларини англаш китоби») китоби бошқа асарлари орасида энг қимматлиларидан бири, десак, муболаға бўлмайди.

Чунки «Тафсиру-н-Насафий» дунё бўйича энг кенг тарқалган ҳанафий мазҳабига биноан ёзилгани, ундаги оятлар айнан мотуридия таълимотига биноан баён этилиб, ўша даврнинг илм марказлари – Бухоро ва Самарқанднинг олимлари фикрлари билан бойитилгандир. Тафсирда Имом Мотуридий сўзлари ва «Таъвилоту аҳли-с-сунна» тафсиридан фойдаланилади.  Шу билан бирга, фиқҳий оятлар шарҳида «индана» – «бизнинг наздимизда» ёки «бизнинг мазҳабимизда» каби иборалар кўп учрайди.

Тафсирнинг яна бир муҳим жиҳати, оятларнинг филологик таҳлили усталик билан амалга оширилгани, Қуръоннинг балоғат ва фасоҳати моҳирона очиб берилганидир. Бу учун Абулбарокат Насафий наҳв илмининг етук олимлари Имом Сибавайҳ, Имом Фарро фикрларидан кенг фойдаланган ва бир неча жойларида далил сифатида келтирган. Бундан ташқари, ўқувчи оятларни ҳар томонлама тушуниши учун 7 хил қироатдан истифода қилинган. Юқоридагилар сабаб бўлса керак, у илм аҳли орасида кўп мутолаа қилинади. Хусусан, Қуръон маъноларини ўзбек тилига ўгириб, «Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири» китобини ёзган Абдулазиз Мансур ҳам ушбу асардан унумли фойдаланган.

«Мадорику-т-танзил ва ҳақоиқу-т-таъвил» асари бир неча асрлардан бери мадрасаларда тафсир фанидан «Тафсиру-л-Байзовий», «Тафсиру-л-Жалолайн», «Тафсир ибн Касир» китоблари қаторида дарслик сифатида ўқитиб келинади. Бу дарсликлар орасида айнан ҳанафий мазҳабига оиди «Тафсиру-н-Насафий» бўлиб, қолганлари шофеъий мазҳабидаги тафсирлар саналади. Шу сабаб Қуръони каримни ҳанафий мазҳаби асосида ўрганмоқчи бўлганлар кўплаб маълумотларни мазкур тафсирдан олишлари мумкин. Ушбу асар охирги бор 1999 йилда Байрутнинг «Дор Ибн Касир» матбаасида нашр этилган.

Абулбарокат Насафий ўз тафсирининг   ёзилиш сабаби ҳақида китобнинг муқаддима қисмида шундай дейди: «Мендан яқинларим Қуръонни таъвил қилувчи, турли хил қироатлар ва ҳаракат услублари кўрсатилган, аҳли сунна вал жамоа ақидасига мувофиқ, адашганлар ва бидъат аҳли эътиқодидан холи, малол келтирадиган даражада узун ҳамда тушунарсиз даражада қисқа бўлмаган тафсир ёзишимни сўрар эдилар. Дастлаб иккиландим. Ниҳоят, Аллоҳнинг тавфиқ ва инояти ила тафсир ёзишга киришдим ҳамда оз фурсат ичида уни ёзиб тамомладим. Китобимни «Мадорику-т-танзил ва ҳақоиқу-т-таъвил» деб номладим. Аллоҳ барча ишларни енгиллаштирувчи, хоҳлаган нарсани қилишга қодир ва дуони тез ижобат қилувчи Зотдир».

Муҳаммад Заҳабий ўзининг «Ат-тафсир ва-л-муфассирун» китобида таъкидлаганидек, «Тафсиру-н Насафий»нинг ёзилиш услуби муфассир олим Қози Байзовийнинг «Анвору-т-танзил ва асрору-т-таъвил» («Қуръон нурлари ва таъвил сирлари») ва хоразмлик буюк ватандошимиз Маҳмуд Замахшарийнинг «Ал-Кашшоф» («Кашф қилувчи») тафсирларига ўхшашдир. Лекин Байзовий шофеъий мазҳабида ва Замахшарий мўътазилий оқимида бўлгани боис ақидавий ва фиқҳий оятлар шарҳида учала тафсир орасида катта фарқ борлигини таъкидлайди.

Абулбарокат Насафий тафсирининг кўп жойларида машҳур муфассир саҳоба Ибн Аббос ривоятларига таянади. Кейинги ўринларда эса, ўз навбатида, машҳур муфассир саҳобалар ва тобеъинлардан Ибн Масъуд, Анас ибн Молик, Ҳасан, Убай ибн Каъб Мужоҳид кабиларнинг ривоятларидан фойдаланади.

Абулбарокат Насафий ўз даврининг етук олимлари ичида катта шуҳрат қозонади. Абдулҳай  Лакнавий таъбири билан айтганда: «Абулбарокат Насафий ўз даврининг беназир алломаси сифатида фиқҳ ва усул илмларида ғоятда сарбаланд, ҳадис ва унинг маъноларини тушунишда барчадан устун бўлган». Ибн Ҳажар Асқалоний эса уни «Алломаи дунё» деган ғоятда шарафли ном билан тилга олган.

Абулбарокат Насафий ҳижрий 710, милодий 1310 йилда Бағдодга келади ва шу йили рабиъул аввал ойининг жума куни кечаси вафот этади. Аллома Исфаҳон яқинидаги Изаж (Хузистон ва Исфаҳон оралиғидаги шаҳар)да дафн қилинган.

БЕКЗОД тайёрлади.

Exit mobile version