Ҳуқуқий акция
Аҳолининг ҳуқуқий онг ва маданиятини янада юксалтириш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари моҳиятини кенг оммага етказиш мақсадида жорий йил 24 июнь куни Қарши давлат университети ҳудудида «Адолат сайли» акцияси ўтказилади.
Вилоят ҳокимининг 2026 йил 15 июндаги тегишли фармойиши билан адлия бошқармасининг бу тўғридаги таклифи маъқулланиб, «Адолат сайли» ҳуқуқий акциясини ўтказиш режаси тасдиқланди.
Унга кўра, «Адолат сайли»да иштирокчиларга турли масалалар, жумладан, кундалик ҳаётда кўп учрайдиган моддий ёрдам, ижтимоий нафақалар ва субсидиялар олиш, ногиронликни белгилаш, бизнесни бошлаш, коммунал хизматлардан фойдаланиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш, солиқ ва бир марталик тўловларнинг ҳисобланиши каби мавзуларда тартиб-тамойиллар, шунингдек, сўнгги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилади.
Аҳолининг кенг қатлами учун мўлжалланган тадбирда малакали юрист ва ҳуқуқшунослар, адвокатлар, нотариуслар, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг тажрибали мутахассислари жалб этилиб, улар мурожаат билан келган фуқароларни қабул қилади ҳамда кўтарилган масалаларни қонун доирасида ҳал этиш йўл-йўриқлари юзасидан маслаҳат, тушунтириш ва амалий кўмак беради.
Акция доирасида турли кўнгилочар тадбирлар, ҳуқуқий тест синовлари, бўш иш ўринлари ва китоблар ярмаркалари, бепул тиббий кўрик, ногиронлиги бўлган фуқаролар томонидан ишланган буюмлар кўргазмаси, хотин-қизлар учун «Ҳуқуқий маслаҳат», ёшлар учун «Ўқишга марҳамат» бурчаклари ташкил қилиш ҳамда сайёр давлат хизматлари кўрсатиш ва раҳбарларнинг сайёр қабулларини уюштириш ҳам кўзда тутилган.
Айни пайтда «Адолат сайли»ни мазмунли ва самарадор ўтказиш бўйича ташкилий тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Акцияда сиз ҳам иштирок этинг!
Ўз мухбиримиз