Қашқадарё газетаси Жамият Амир Темурнинг Хоразмда ҳибс этилган элчиси
Жамият

Амир Темурнинг Хоразмда ҳибс этилган элчиси

Қашқадарёга оид

Насафий ва Кеший алломалар орасида Мавлоно Жалолиддин Холидий Кеший алоҳида ўрнига эга. У Амир Сайид Кулолнинг шогирди бўлиб, Амир Темур бу шахснинг билими ва обрўйидан мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда фойдаланган. Мавжуд низоларни бартараф этиш мақсадида баъзи мамлакатларга элчи қилиб жўнатган.

Шарафуддин Али Яздий таъбири билан айтганда, илм ва тақвосининг етуклиги, дарс ва фатвосининг фазилати билан танилган бу зот Хоразм волийси Ҳусайн Сўфи ҳузурига элчи қилиб юборилгани ҳам маълум. Бу ҳақда Яздий яна шундай ёзади: «Мавлоно Жалолиддин Кеший хайрихоҳлик юзини Хоразм томон қаратди ва бу муҳим (вазифа)ни раҳм-шафқат йўли билан ҳал этмоқчи бўлди. У ерга боргач, донишманд уламо ва динпарвар пешволарга хос бўлган насиҳат ва хушмуомалалик билан сўз қотди, низони тубдан бартараф этиш ва фитна оловини ўчириш учун оятлар ва исботига ҳадислар келтирди».

Аммо Ҳусайн Сўфи бу оқилона сўзларга қулоқ тутмайди ва элчини қамаб қўяди. Бундан хабар топган Амир Темур тезда Ҳусайн Сўфига мактуб йўллайди. Унинг матнига қуйидаги шеърий тўртлик ҳам илова қилинган эди:

Подшоҳлар удумию яхшилар иши,

Наҳот шуни билмас  ул зукко киши.

Элчига ўлим йўқ, қамаб ҳам бўлмас,

Буни инкор қилган хирадманд эмас.

Ҳусайн Сўфи бу мактубни олгач, Мавлоно Абдуллоҳ Кешийни озод қилиб, ўз юртига жўнатишга мажбур бўлади.

Ўрта Осиёда кенг тарқалган «Чаҳор китоб» дарслигининг 2-қисми «Бидон», яъни «Ўрган», «Бил» деб номланган. Савол-жавоблар шаклида битилган ва ислом рукнлари ҳамда унга боғлиқ масалалар ҳақидаги бу асарни Мавлоно Абдуллоҳ Кеший ёзган деган тахминлар бор. 1913 йилда Тошкентда босилган «Чаҳор китоби туркий» дарслигининг сўнгсўзида шу ҳақда маълумот келтирилган.

Exit mobile version