Қашқадарё газетаси Фаолият “Аёллар дафтари”, рад этилган субсидия ва қўлбола инкубатор
Фаолият

“Аёллар дафтари”, рад этилган субсидия ва қўлбола инкубатор

Камбағалликдан фаровонлик сари

Табиатан, одамнинг феъли шундай: бир ишни биров-бировдан кўриб қилади, кимдир «мен сендан камми» деб бажаради, яна бошқалар ёрдам кутиб ўтиради. Аслида бу паллада ён-атрофида бўлаётган ўзгаришлардан илҳомланиб, ҳаракатга тушган киши мақсадга тезроқ эришиши ҳам бор гап.

Аҳоли даромадларини кўпайтириш, камбағалликни қисқартириш йўналишида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар аста-секин ўз самарасини бера бошлаган, кечагина бир  ишнинг бошини тутолмай юрган киши салгина туртки билан тадбиркорга, ишлаб чиқарувчига айланаётган бугунги даврда кимдандир ёрдам кутмасдан, бор имкониятини ишга солиб яхши яшашга интилаётган, ҳаётида ўзгаришлар ясаётган уддабуролар ҳам кўплаб топилади.

Кейинги йилларда Муборак тумани Кўҳна шаҳар маҳалласида йигирмага яқин оила паррандачилик билан шуғулланишни бошлади. Ана шу тарзда аҳолисининг асосий машғулоти чорвачилик бўлиб келган манзилда яна бир янги тармоқ ривожланмоқда. Бунга аввало маҳалладаги ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли вакилларига давлат томонидан тегишли дастурлар доирасида ажратилаётган субсидиялар асосида инкубаторлар тарқатилгани импульс берган бўлса, бошқа одамлар ҳам жўжа очириб, паррандачилик ортидан даромад топиш – қилса бўладиган юмушлигини англай бошлашди. 

– Натижадан умид қилмасанг бир ишни бошлашга журъат этиш мушкул экан, – дейди шу маҳаллада яшовчи Мунаввар Юлдошева. – Ана шундай кайфият менда ҳам ҳукмрон бўлгани учун фуқаролар йиғини масъуллари олиб келиб берамиз деган инкубаторни рад этдим. Тўғриси, уни ёрдам тариқасида олсангу, ишлатиб бир самара чиқармасанг уят-да.   Бу ҳақда эшитган укам Жаҳонгир «Ўзим сизга инкубатор ясаб берайми?» дея, уқуви бор экан, эски музлаткич асосида қўлбола қурилма тайёрлади. 

Шундан сўнг Мунаввар Юлдошева «бошқалар эплаяптику» дея паррандачиликка қўл урди. Жўжа очириб, аввалига парваришда қийналди, уқувсизлигидан панд еган пайтлари ҳам бўлди. Аста-секин эса йўл-йўриғини ўрганди.

– Тажрибалилардан сўраб, интернет орқали соҳага оид манбаларни топиб ўқиб, уқувим ошди, ўрганганларимни ўз ишимда синаб кўришдан қўрқмадим, – дейди у. – Ҳозир бир кунлик жўжаларнинг хўроз-макиёнини ажрата оламан, озиқлантириши, касалликларга қарши эмлаши юзасидан ҳам анча билимдон бўлиб қолдим. Бир мартада 250-300 та жўжа чиқариб, сўраганларга сотаяпмиз. Ўзимиз тухум учун сақлайдиган товуқлар сони ҳам кўпайиб бормоқда. 

Мунаввар Юлдошева маҳалланинг «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларидан бири эди. «Кўмак берамиз, қандай фаолиятни эплайсиз», дея эшигини қоқиб келган масъуллардан маслаҳатлар олди, мутахассислар иштирокида уюштирилган семинар, тарғибот тадбирларида қатнашди. Туртиниб-суртиниб, ишини топди.   

– Бу билан опа одамда ҳаракат бўлса, иштиёқ уйғонса қўлидан кўп иш келишини исботлади, атрофдаги аёлларга намуна кўрсатди, – дейди шу маҳалла хотин-қизлар фаоли Ҳусния Нормуродова. – Қанча кўп одамда Мунаввар Юлдошевада бўлгани сингари иш бошлашдаги умидсизлик руҳини тадбиркорлик кайфиятига ўзгартира олсак, ютуқ бизники. Ҳозир у киши фақат паррандачилик билан чекланиб қолмасдан уйида савдо дўконлари, тўй ва базмлар учун     буюртма асосида пишириқлар тайёрлаб беришни ҳам бошлаган. Шу тариқа тўрт нафар хотин-қизни ёнига олиб, ишли қилди.

Бугун жамиятда аёлларга эътибор юксалган, уларни қўллаб-қувватлаш кучайгани натижасида халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаол бўлаётган хотин-қизлар салмоғи ортмоқда. Улар орасидан чиққан кўзга кўринган тадбиркорлар ҳам талайгина. Шу тарзда аёлларимиз мамлакат тараққиёти йўлидаги ислоҳотларнинг узвий иштирокчисига айланиб бормоқда, оилалар фаровон бўлиши, иқтисодиёт юксалишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.  

Маълумотларга кўра, ўтган йили Муборак туманида 2 минг 331 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари» рўйхатига олинган. Улардан 850 нафарининг бандлиги таъминланиб, 97 нафарига тадбиркорлик йўналишида иш бошлаши учун имтиёзли асосларда кредилар ажратилиши таъминланган. Жорий йилда эса ижтимоий дафтарга киритилган 1 минг 748 нафар хотин-қиз  билан белгиланган тартибда ишланмоқда. Уларнинг ҳам ҳаёти Мунаввар Юлдошеваники каби ўзгариш топса, бундан аввало ўзлари, қолаверса, бутун жамият манфаатдор бўлади. 

Шоҳиста БОЗОРОВА

Exit mobile version