Бу ёруғ оламда ечилмаган ягона сир бўлса, у ҳам АЁЛдир. Аёл буюклиги, нафосати, гўзаллиги олдида ўзини таниган ҳар қандай одам бош эгади, эҳтиром кўрсатади – она, опа-сингил, рафиқа, дунёнинг устуни ўлароқ аёл зоти ҳар қанча эъзозга арзийди.
Аёлни эъзозлаган киши борки, ўзи ҳам ҳурмат кўради. Турмушида тайин, ҳаётида мазмун бўлади. Аксинча бўлса-чи? Аёл қадр топмаса, жамиятда ўрни бўлмаса-чи? Бундай жамият охир-оқибат таназзулга юз тутади, ахлоқан тубанлик чоҳига қулайди.
Ушбу ҳақиқатни француз адиби Ги де Мопассан қаламига мансуб «Азизим» романи мутолааси асносида яна бир бор англайсиз.
Романда ХИХ аср 80-йилларида Шимолий Африка ва Осиё мамлакатларида мустамлакачилик сиёсатини юритаётган Париж сиёсатдонлари, сотқин, малайга айланган журналистлари, корчалонлари, айшу фароғат, маишатбозлик тарафдорларининг ахлоқи, хулқ-атвори, давлат, бойлик эгаси бўлиш йўлидаги ранг-баранг ҳийлаю найранг, лўттибозликлари аёвсиз киноя, истеҳзо билан кўрсатиб берилади. Бузуқликни – бузуқлик, телбаликни – телбалик, айнишни – айниш деб билмай қўйган башанг, олифта тоифаларнинг қалтис, хатарли кечмишлари ўткир тил билан тасвирланади.
Сараланган сатрлар
* * *
Гапимга ишон, ўзингни билағон қилиб кўрсатишдан осони йўқ. Ҳамма гап ўзингнинг нодонлигингни бошқаларга ошкор қилиб қўймаслигингда. Думингни тутқазма, гапни айлантир, четга бур, хижолат чекиладиган вазиятларга тушма, тўсиқларни айланиб ўт ва қомусларни рўкач қилиб бошқаларнинг оғзига ур, мисини чиқар.
* * *
Соғлиғинг – давлатинг, бошқаси ҳеч нарсага арзимайди!
* * *
Хоним юзини унга қаратди.
– Қадрдон дўстим, мен ошиқ бўлиб қолган эркакни тан олмай қўяман. У тентак бўлиб қолади: бундан ҳам ортиқ – у хавфли одамга айланади. Мени аёл сифатида яхши кўрадиганлар ёки атай ўзини шундай кўрсатадиганлар билан ҳамма муносабатларимни тўхтатаман…
Мен яхши биламан, муҳаббат сизга – очликка ўхшаган бир ҳолат, мен учун эса у руҳий муносабатга ўхшаш бир нарса, сиз эркаклар бунга ишонмайсизлар. Сизлар ишқнинг зоҳирий кўринишларига эътибор берасизлар, менга эса унинг руҳий жиҳати керак.
* * *
Жоҳил халқларнинг шеъриятида ватанпарварлик оҳанглари ҳақидаги том-том мулоҳазалардан кўра, юракнинг кенгайиши, қора сон ёки булардан ҳам маъқулроғи, мушакларнинг қуруқшаб қолиши каби касалликлар кўпроқ аҳамиятга молик деб қаралади.
* * *
Умр – тоғ. Кўтарилиб бораркансан, ўзингни бахтиёр сезасан, чўққиларга назар ташлайсан, лекин чўққига чиқиб улгурмасингдан дарров пастга тушадиган вақт бўлиб қолади, олдинда эса фақат ўлим бор. Чиққанда секин чиқасан, тушганда бирпасда ўзингни пастда кўрасан.
* * *
Биласизми, шундай кун келадики, – кўплар учун у тезда келади, – унда сиз кулги нималигини ҳам унутиб қўясиз, ўшанда қаерга қараманг, нимага назарингиз тушмасин, барининг ортида ўлим турганлигини кўрасиз.
О, сиз ҳали «ўлим» сўзининг ўзи нима эканлигини англамайсиз! Сизнинг ёшингизда бу сўз ҳавойи бир нарсадай кўринади. Менга эса у жуда даҳшатли бўлиб туюлади.
Ҳа, бир кун келиб ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ бирдан у хаёлингда гавдаланади, уни тушуна бошлайсан, шунда бутун ҳаётинг ўзгариб, ўзгача маъно касб этади.
* * *
Пульми? Нимага? Хотинларни қўлга киритиш учунми? Ҳайф! Суллоҳлик билан овқат ейиш, семириш ва кечалари боднинг оғриғига чидолмай бақириб чиқишгами? Яна нима қолди? Шуҳратми? Лекин севгидан маҳрум бўлганингиздан кейин шуҳратнинг сизга нима кераги бор? Шундай бўлгач, яна сизга нима керак?
* * *
Ҳайкаллар, нарсалар қуйилган қолипларни асраб қолиш мумкин, улардан нарсаларни бошқатдан ясаш мумкин, бироқ менинг жисмим, менинг чеҳрам, менинг хаёлларим, истакларимни бошқа тирилтириб бўлмайди. Шуниси ҳам борки, яна миллионларча, миллиардларча худди меникига монанд бир неча квадрат сантиметр сатҳга жойлашадиган бурни, кўзлари, манглайи, ёноқлари, дудоқлари бўлган мавжудотлар дунёга келади, уларнинг жони ҳам менинг жонимга ўхшаган бўлади, лекин фақат мен қайтмайман ва у сон-саноқсиз махлуқотлар мендан бошқа ҳеч нарса ололмайдилар.
* * *
Нимаики кўкрагингизда тошдек осилиб турган бўлса, ундан тезроқ қутулишга ҳаракат қилинг, бир зўр бериб ўзингизни қўлга олинг-да, ҳали тирик экансиз, ўзлигингиздан кечинг, манфаатларни улоқтириб ташланг, фикрларингиздан қайтинг, одамзотдан ўзингизни четга олинг, нарсаларнинг туб моҳиятига назар ташланг – ана шунда сиз романтикларнинг натуралистлар билан олиб борган баҳслари, бюджет тўғрисидаги мунозаралар икки пулга қиммат эканлигини билиб оласиз.
* * *
Нега биз бунчалар азоб чекиб яшаймиз? Бу эҳтимол шунинг учундирки, биз оламга руҳимиз эҳтиёжларини қондиргали эмас, танимизнинг талабларини бажо этгали келамиз. Бироқ биз тафаккур қобилиятига эгамиз ва бизнинг тобора камол топиб борадиган онгимиз тирикликнинг турган-битгани рўё эканлиги билан сира чиқиша олмайди. Одми одамларга қаранг: улар бошларига бир бахтсизлик тушмагунча ўз тақдирларидан ғоятда мамнун яшайдилар, улар дунёнинг ғамини чекиб ўтирмайдилар. Махлуқотлар ҳам шундай, қайғуни билмайдилар.
* * *
Ҳеч қачон бировларнинг ишига аралашмаслик керак. Одамларни ўз виждони билан иш қилишга қўйиб бериш керак. Ҳамма шу қоидага риоя қилиши лозим.
* * *
Наҳотки пасткаш одам дуэлда отишгани билан пасткаш бўлмайин қолса? Мана энди аллақандай бир ифлоснинг ҳақорати туфайли софдил бир одам кўкрагини ўққа тутиб бериши керак. Нима учун?
* * *
У ҳамма одамлар каби бирмунча вақт яшади, еди, ичди, ўйнади, кулди, нималардандир умидвор бўлди, кимларнидир севди. Ҳаёт шундай! Яна бир неча кундан сўнг уни буткул йўқлик дунёси ўз ҳукмига олади. Оламга келасан, вояга етасан, ўзингни бахтиёр сезасан, нималарнидир илҳақ кутасан, кейин ўлиб кетасан. Сен ким бўлмагин: эркакмисан, аёлмисан, суриштириб ўтирилмайди, ҳайё-ҳуйт деб ер юзидан ғойиб бўласан, ёруғ дунёни қайтиб курмайсан. Шуни била туриб ҳам ҳар биримиз ўлмасликни истаймиз, ўлимга чап беришга ҳаракат қиламиз. Ҳар биримиз коинот ичра коинотмиз ва ҳар биримиз чириб кетамиз, янги куртакларга озиқ бўламиз. Ўсимликлар, махлуқотлар, одамзот, юлдузлар, оламлар – бари туғилади, ўлади, бошқа бир нарсаларга айланади. Лекин биронта ҳам мавжудот қайтиб дунёга келмайди – у қўнғиз бўладими, одам ёки сайёра, фарқи йўқ!
* * *
Мақсадига эришган одамни етти чақирим наридан билса бўлади. Ҳаётини эндигина бошлаган одам ҳақида эса бир нарса дейиш қийин.
* * *
Хотинлар доимо ҳаётда бор нарсалардан бошқачароқ, антиқароқ нарсаларни орзу қиладилар.
* * *
Мадлена ҳам унинг тиниқ феруза кўзларига тикилиб турар, кўзларини ундан узмас, ғалати қилиб тикилар, гўё улардан бир нарсани ўқимоқчидай, инсон миясининг ҳеч ким етолмайдиган қоронғу пучмоқларига етиб бормоқчидай бўларди. Бу пучмоқлар, одатда, биз ўзимизни тутолмай қолган кезларда фикримиз чалғиб турган маҳалларда, ўзимизни идора қилолмай қолганларимизда, шу кўз очиб-юмгунча ўтиб кетадиган ва юрагимизнинг туб-тубларида сақланаётган сирларни ошкор қилиб қўядиган дамларда бирдан ўз пардасини кўтариб қўяди.
* * *
Шунда улар яна бир-бирларига тикилишиб қолдилар, иккаласи ҳам бир-бирининг юрагида кўмилиб ётган сирни билишга, гапни нимага бураётганларини англашга, яширин фикрларини уқишга уринардилар, уларнинг кўзлари бир-бирларининг виждонларини яланғоч қилиб кўрсатадиган сассиз, лекин алангали бир сўроқ билан йилтираб турарди. Бу бир ёстиққа бош қўйиб ҳам бир-бирларига бегона бўлиб қолган одамларнинг ғалати, сирли курашининг нақ ўзи эди, зотан, улар доимо бир-бирларидан шубҳаланиб, бир-бирларини кузатиб, қадам олишларини таъқиб этиб юрадиган кишилар қавмидан бўлсалар-да, лекин барибир бирининг балчиққа ботган юраги, иккинчисига мудом номаълум бўлиб қолаверади.
* * *
У кўз очиб-юмгунча ўтиб кетган бир неча кун ичида қироллардан ҳам қудратлироқ сармоядорларнинг бирига, жаҳонга ўз ҳукмини ўтказишга қодир ҳукмдорларнинг бирига айланиб қолди, – бундай сармоядорлар қаршисида эгилмаган бошлар, одатда, эгилади, одам гапирадиган гапини ҳам гапира олмайдиган бўлиб қолади, чиллаки чиллакини кўриб чумак уради, деганларидай, буларни кўриб, булардан ибрат олиб, шу тобгача инсон юрагида яшириниб ётган пасткашлик, тубанлик ва кўролмаслик каби иллатлар бирдан бош кўтариб қолади.
* * *
Булбул йўғида зоғ булбул бўлган экан. Биласизми, биродар, булар ҳаммаси жуда ақли қисқа одамлар, улар сиёсат билан бойлик орттиришдан бошқа нарсани билмайдилар. Булар шу қадар тор одамларки, ҳатто улар билан ёзилиб гаплашолмайсан, сиз билан мен учун қимматли бўлган гаплар уларга бегона. Уларнинг ақлини балчиқ босиб кетган, тўғрироғи, ифлосланиб қолган.
НАСРИДДИН тайёрлади.
