Қашқадарё газетаси Олам Аёл эри сабаб ишдан бўшатилди
Олам

Аёл эри сабаб ишдан бўшатилди

Хитойда суд иш берувчи ўз ходимини унинг турмуш ўртоғи рақобатчи фирмада ишлаши важи билан ишдан бўшатганини ноқонуний деб топди ва бунинг учун компания жабрланувчига 100 минг доллар миқдорида товон пули тўлайдиган бўлди, деб ёзади South China Morning Post манбаси.

Кўчмас мулкни бошқариш компаниясида қарийб 20  йилдан бери ишлаб келган аёл ишхонасидан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида хабарнома олган. Иш берувчи унинг турмуш ўртоғи рақобатчи фирмада бош директор лавозимида ишлашини, бу эса бизнес учун «салбий оқибатлар» келтириб чиқарганини маълум қилган.

Шундан сўнг ходим ишдан бўшатилгани учун товон пули талаб қилиб, компания устидан судга мурожаат қилган. Судда иш берувчи томони операцион менежер лавозимида ишлаган аёл махфий маълумотларга кириш имкониятига эга бўлганини таъкидлаган. Ходимнинг ўзи эса бундай имкониятга эга бўлмагани ва фақат ёрдамчи вазифаларни бажарганини айтган. Шунингдек, у турмуш ўртоғи амалда рақобатчи компанияда ишламаслигини, турли тадбирларда иштирок этишда қулай бўлиши учун ўзини шу фирма ходими деб таништиришини билдирган.

Суд иш берувчи томонидан аёлнинг турмуш ўртоғи унинг лавозимидан компания манфаатларига зарар етказиш учун фойдаланганини тасдиқловчи етарли далиллар тақдим этилмагани учун даъвони қаноатлантирган.

Exit mobile version