Қашқадарёга оид
Қашқадарё воҳаси кўплаб буюк зотлар, дунё таниган олиму умароларга бешик бўлган. Улардан бири Фатҳ ибн Шуҳраф Кешийдир. У зот улуғ муҳаддис, ўз даврида «зоҳид», «обид» номлари билан шуҳрат қозонган, муаррих Шамсиддин Заҳабийнинг таъбири билан айтганда, ислом оламидаги илк сўфий шайх бўлган.
«Насафийлар ва Кешийлар» тазкирасида баён этилишича, Фатҳ ибн Шуҳраф Кешийнинг туғилган вақти VIII аср охирлари – IX аср биринчи ярмига тўғри келади. У Абдулҳамид Кеший, Имом Бухороий, Имом Аҳмад каби машҳур муҳаддислар билан бир даврда яшаб, улардан ҳадис ривоят қилган.
Кўпгина араб манбаларида Фатҳ ибн Шуҳраф Кешийнинг туғилиб-ўсган жойи Кеш шаҳри эканлиги қайд этилган. Тарихчи хатиб Бағдодий «Тарихи Бағдод» асарида муҳаддиснинг Самарқанд яқинидаги Кисс, яъни Кеш шаҳридан эканлиги ҳақида ёзган. Ибн Муллақаннинг «Табақотул-авлиё» асарида эса қуйидагилар келтирилади: «Фатҳ ибн Шуҳраф ибн Довуд Кеший Мувароуннаҳрдаги Нахшаб (Насаф)га яқин бўлган Кеш шаҳрида туғилган. Ниҳоятда тақводор, ибодати чиройли ва зоҳид бўлиб, ўттиз йил давомида нон истеъмол қилмаган эди».
Муҳаддис олим ҳаёти давомида улуғларнинг юксак эътирофларига сазовор бўлган. Жумладан, Аҳмад ибн Ҳанбал уни «Хуросондан Фатҳ ибн Шуҳрафдек бирор киши чиқмади», дея эътироф этган. Муфассир ибн Касир эса «Фатҳ ибн Шуҳраф сўфий шайхлардан бири бўлиб, каромат ва ҳол соҳиби эди. Ҳикматли ва манфаатли гапларни кўп айтарди», деб ёзади.
Фатҳ ибн Шуҳраф Кеший айтади: «Бир кун тушимда Али ибн Абу Толибни кўрдим ва у кишига: «Эй мўминларнинг амири, менга насиҳат қилинг», дедим. Ҳазрат Али шундай дедилар: «Қандай ҳам яхши! Бойлар Аллоҳ таоло розилиги учун камбағалларнинг мажлисларида тавозеъ билан ўтирсалар», дедилар».
Фатҳ ибн Шуҳраф Кеший 887 йилнинг шаввол (март) ойида Бағдодда вафот этган. Олимнинг шогирди Абу Муҳаммад Жарийрий: «Фатҳ ибн Шуҳрафнинг жасадини юваётган чоғимизда унинг ўнг тараф терисининг остки қисмида «Ла илаҳа иллаллоҳу, хилқатун лиллаҳи ва лиллаҳи ва илайҳи» ёзувларининг пайдо бўлганини кўрдик», дея гувоҳлик беради.
Хатиб Бағдодий ва бошқа муаррихлар маълумотига кўра, Фатҳ ибн Шуҳраф Кеший Бағдод шаҳрининг жануби-ғарбидаги, муҳаддис Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мақбараси ёнида дафн этилган. Кешийнинг жанозаси 33 марта ўқилган ва ҳар бир ўқилган жаноза намозида камида 25-30 минг киши қатнашган. Мазкур маълумотлардан Фатҳ ибн Шуҳраф Кешийнинг ўз даври мусулмон оламида юксак обрў-эътибор ва шуҳрат соҳиби бўлганлиги кўринади.