Қашқадарё газетаси Олам Банкни ғайриинсонийлик ва кексаларга ҳурматсизликда айблашди
Олам

Банкни ғайриинсонийлик ва кексаларга ҳурматсизликда айблашди

Мексикада тўшакка михланиб қолган 96 ёшли аёл унинг шахсини тасдиқлаш учун банкка олиб келинди. Бу ҳақда Oddity Central манбаси ёзган.

Қарилик касаллигидан азият чекиб, ўзи юра олмай қолган кекса Фиделия Васкес Нуньо тез ёрдам замбилида BBVA банки филиалига келишга мажбур бўлгани хабари ортидан ушбу молия муассасаси кучли танқидларга учраган.

Пенсионер аёлнинг оиласи масъулларга барча керакли ҳужжатлар, жумладан, расмий вакилдан ишончнома ва қоғозларни тақдим этган. Бироқ банк барибир биометрик таниб олиш тизими орқали мижоз шахсини тасдиқлаш учун унинг ўзи шахсан муассасага келишини талаб қилган. Яқинлари сўзларига кўра, қариянинг турли вақтларда олинган фотосуратларидаги номувофиқлик туфайли муаммо юзага келган. Шу сабаб у олти ой давомида ўз пенсия пулини ололмай келган.

Молия муассасаси маъмурияти ҳеч бир муқобил ечим – на онлайн текшириб аниқлаш, на жойига чиқиб хизмат кўрсатишни таклиф этмаган. Шундан сўнг кекса аёл филиалга замбилда олиб келинган. Воқеа жойидан олинган фотосурат ва видеолар тезда ижтимоий тармоқларда тарқалгач, фойдаланувчилар банкни ғайриинсонийлик ва кексаларга ҳурматсизликда айблашган.

Шундан сўнг оила бир нечта назорат органларига расмий мурожаатлар йўллаган ва улар томонидан инсон ҳуқуқларининг бузилиши эҳтимоли билан молия муассасасига нисбатан текширув бошланган.

Exit mobile version