Сараланган сатрлар
Анча йил муқаддам ёзувчи Шойим Бўтаевнинг “Ҳайкал” номли ҳикоясини ўқигандим. Рамзий маъноларни ўзида жамлаган ушбу битикда мустабиднинг ҳайкалини қаерга ўрнатиш ҳақида баҳс кетади. Бир тарафга қараб ўрнатилса, мустабиднинг қўли аёллар қамоқхонасига, тескарига қаратса, эркаклар қамоқхонасига ишора қилиб туради. Хуллас, ҳайкал қаерга қараб жойлаштирилмасин, ўша томонда қамоқхоналар қурилган бўлади. Ҳикоя бутун бошли мамлакатни “халқлар турмаси”га айлантирган собиқ совет тузумига аччиқ истеҳзо экани билан ёдда қоларди.
Адибнинг “Шўродан қолган одамлар” қиссасида ҳам бош қаҳрамон қамоқхона назоратчиси. Ота-онаси умид билан қўйган исмини, Маркс, Энгелс, Ленин, Сталин каби “доҳий”ларга азбаройи эҳтиром юзасидан Мелс дея ўзгартирган, тузумга чинакам содиқлик билан хизмат қилган шахс. Кўр-кўрона эътиқоди шу даражадаки, хотини бир парча нон, ун сўраб қўшнилардан тиланиб юрган чоғда, ҳатто очлик, ғам-ташвишдан вафот этганда ҳам дарҳол кўзи очилмайди. Ўғли ёшлик қилиб, шериклари билан ўғриликка аралашиб қолганда, жазони енгиллаштириш ҳақида эмас, номини шарманда қилгани учун ўғлидан қутулишга уринади. Хотинининг жанозасига ўғлини ўзи қоровуллик қилиб, қурол ўқталиб олиб келади.
Қамоқхона назоратчиси – собиқ тузумга қулдай итоат қилганларнинг умумлашма образи. Бундайлар учун орият, ғурур, оила, номус деган тушунчалар ёт, зиммасига юкланган вазифасини сидқидилдан бажарса бўлди – ундан бахтли одам йўқ.
“Шўродан қолган одамлар” қиссаси совет тузуми қулаши арафасидаги воқеликлар ҳақида ҳикоя қилади. Одамлар оч, ишсиз, тайинли мақсади йўқ, бир-бирига меҳр-оқибат йўқолган, ўғри билан тўғрининг ҳақ-ноҳақлигини ажратиш қийин…
Муаллиф асарида “собиқ тузум ёмон эди, қийналдик, эзилдик” деган навбатчи гапларни ёзиб ўтирмайди, мустабидликнинг нақадар шафқатсизлигини бир оила мисолида маҳорат билан кўрсатиб беради.
Совет тузуми ҳақида сўз борса, “гугурт бир тийин эди, нон фалон тийин эди” дея оғзининг суви қочиб, ҳамон тамшанаётган кимсалар ҳар замонда олдидаги ялоғига суяк ташлаб туриладиган занжирбанд итга ўхшашади – шундан бахтиёр, ҳар ҳолда ялоқда суяк бор! Бўйнидаги занжир, бой берилган озодлик ва иродаси ўзгаларга боғлиқ экани ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Бундайларга “Шўродан қолган одамлар”ни тутқазиш керак.
* * *
Кампири тушмагур шунақа кампир эдики, бунақасини етти иқлимда саҳро кезиб, сув кечиб ҳам қидириб топиб бўлмасди. Ўзи кўриб-билиб турсаям, ўзининг кўриб-билганига эмас, бировнинг айтганига ишониб кетаверарди. Унинг кўзи, кўнгли билан тилининг орасида унчалик тузук муносабат ўрнатилмаган эди-ю, лекин қулоғи билан тили жуда-жуда топишган, апоқ-чапоқ бўлиб кетишган, ғов бўла олгулик барча унсурларни ўртадан кўтариб ташлашган эди.
* * *
Ишқилиб, етмиш йилми, етмиш беш йилми фақат ичидаги иллатларни боқиб-парваришлаб, семиртириб юборганидан улар ажриқ томиридай ботинини ўраб-чирмаб олишган, бечора энди қутулолмай ҳалак эди. Томир суғурилганда ўзи билан анча-мунча тупроқ илаштириб чиққан каби бунда ҳам кичкинагина бир иллатни ўз-ўзича ўлдириш мушкул; анча-мунча қон йўқотишга, йўқотилганининг ўрнини тозаси билан алмаштириб туришга тўғри келар эди.
* * *
Ёғ еганда ёт яхши, қон ичганда қариндош – одамнинг одамлиги шунда билинади.
* * *
Инсон ҳаёти ҳақида том-том китоблар битган нависанда жаноблари; сиз бунча кўп куюнасиз, бани башарият тақдиридан бунчалар оҳ урасиз, курраи арзни кичик каллангизга жойламоққа нечук уринасиз, хаёлингизни бунчалик юксакликларга парвоз эттирасиз, бунча кўп ёзасиз, бир жағингиз очилса нималарни гапириб ташламайсиз, алмойи-алжойи услубларингиз ҳақида бунча кўп сафсата сотасиз, қачон анави юмуқ кўз-ёпиқ деразани жиндаккина бўлса-да очиб бир қатим нур эндирасиз; бу юмуқ кўз-ёпиқ дераза ортини босиб кетган моғорларни қандай кўра олдингизки, айтиб берасиз?
* * *
Бировларнинг дард-ғамлари ҳақида сўзлаётганда энг аҳмоқ-овсарларни ҳам донишманд қиёфасида кўриб, панд-у насиҳатларининг оқилоналигини эшитиб қойил қолмай иложингиз йўқ.
* * *
Майли, уйқуям ёмон нарса эмас, айниқса, баъзи бир ишларни кўриб, одамнинг умуман уйқудан уйғонгиси келмайди.
* * *
Мана, бу йигитчалар кўзларидан чақмоқ чақнаб ўтиришипти, қоринлари оч бўлсаям кучлари тўлиб-тошиб ётипти – ҳаётнинг нима эканлигини, унинг машаққатларини ҳозирдан билишади. Фақат, ўғрилик қилишгани чатоқ. Буларга имкон яратиб бериш керак, буларга шароит яратиб бериш керак – лекин, қани ўша имкон-у шароит?!
* * *
Болаларимиз мактабни битириб нима иш қилишларини, қаёққа боришларини билмай қоляптилар. Икки-уч йил аввал мактабни тугатганлар ҳам беҳуда кўча чангитиб, ароқ ичиб юришипти, ўзлари билмаган ҳолда турли-туман жиноятларга қўл уришяпти. Жамият бунга йўл қўйиб бермоқда. Катта бир қишлоқда бирорта ишлаб чиқариш корхонаси, маданий маскан йўқ; ароқ, сигарет сотадиган катта-кичик дўкончалар сон-саноқсиз.
* * *
Бу ўша – аввалдан қайсар, яккафеъл одам! Дунё эврилиб, шўро ҳукумати умрини яшаб бўлгани ҳаммага аён кўриниб қолгани билан иши йўқ, ҳамон маслаг-у эътиқоди мустаҳкам, тил тугуни ечилиб, кўпириб-тошишлари авжида.
* * *
Нафсиламрини айтганда, бу ердагилар ўзларини дунёга тенгдош-тенгқур ҳисоблашар, шу тариқа абадиятга етиб дунёни ҳам қаритиб-йўқотиб юборишга аҳд қилгандай кўринишарди. Энди бўлса, қариб-қартаяётган дунёга маъюс-лоқайд боққанча унинг ўзгариб қолаётганига, ўртада нимадир йўқолаётганига лол-у ҳайрон эдилар; тилларида аниқ-тиниқ ифодалаб беришолмаса-да, улар дунё бизни алдади, деган хаёлга боришган, ҳаммалари қандайдир асабийликка, жиззакиликка, умидсизликка берилишганди.
* * *
Яхши оилалар таомилидан кундай равшанки, эр-у хотин қўш ҳўкиз. Катта ҳўкизнинг ғазаби қўзиганда кичигининг пилдирпис бўлганча ўчоқ бошигами, кўчагами йўрғалаб қолиши қанчалик самара берса, кичик ҳўкизнинг бидиллаши баробарида каттасининг нимадир қилиши ҳам фойдалидир.
* * *
– Биз урмаймиз, сўкмаймиз, – дейишарди қамоқхона ходимлари маҳбусларни кўргани келганларга. – Ҳукумат уларга ойлик бермасаям овқат беради, паёгини кечиктирмайди – бўлди-да, яна нима керак? Ҳа-а, балли! Ана-а, анави одам деҳқон. Э, ким билсин, деҳқон ҳам тушаркан-да, экинзоридан бир тўп кўкнори топиб олишипти, шуни бўйнига қўйиб юборишган. Азбаройи худо, ўзим экканим йўқ, шамол уруғини қаердандир опкелиб ташлагандир-да, дейди. Ким билсин. Ўша одамдан, қаер яхши экан, деб сўраб кўринг-чи? Индамайди, индамайди-ю, лекин ичида бу ернинг яхшилигини тасдиқлаб туради. Ейишга нони бор, паёги бор энг муҳими. Далани кўрмайди, холос, керак бўлса, баъзи-баъзида далагаям опчиқиб турамиз – яна нима керак?
* * *
Ёмоннинг тиригиям бир бало, ўлигиям бир бало, деб тўғри айтишган.
* * *
Бир тузум тугаб, иккинчисига ўтадиган мана шунақа бурилиш паллаларига энг бахтсиз одамларнинг ҳаёти тўғри келиб қолади.
* * *
Йиғи инсонни ҳолсиз қилиб қўяр эканми? Унинг ичидаги ёвуз ва қаҳри қаттиқ кучларни вақтинчалик ҳайдаб юборармикан ёки йиғи? Ёки инсоннинг ўзи жуда ҳолсиз ва кучсиз, ичидаги ўша ёвуз ва қаҳри қаттиқ кучлар туфайли ҳаётнинг барча кўргиликларини енгиб ўта олармикан?
* * *
Аллақачонлар тарқаб ҳамма ёқни босиб олган вабо ёхуд қандайдир тузалмас касаллик асоратларининг узундан-узоқ изтиробларини енгиш билан оворадек таассурот уйғотишарди. Жон талвасасида алангайи оташга айланганларнинг қуруқшаган лабларига томчи сув томизиш ўрнига, уларга метин ирода ва чидамлиликдан сабоқ берувчи эскириб кетган сўнгги плакатларнинг кўзга яқин жойларга илиб қўйилгани ҳам шундан дарак берарди.
* * *
Энди улар чўчқабоқарнинг қуш тумовига учраган товуқлари учун катак бўлишдан бошқасига ярамаслиги юзага келтирган табиий манзара эндиликда бундай қамоқхона-турмалар тўзиб-йўқолиши гумонларини тасдиқлаётгандек эса-да, очиқ ёз кунлари маҳбуслар қамоқхона бошлиғи уруғ-қаёшлари ва таниш-билишларининг ёввойи алаф қоплаган томорқаларида сабзи ўташ ва шолғом яганалашдан ташқари бошқа оғир ишларга ҳам жалб этилиши бунақа жойларнинг мангу зарурлигини исботларди.
* * *
Кейинги икки-уч йилда, айниқса, қиш-қировли кунларда одамлар сал нарсагаям тарновдаги сумалакдай “чирт” этиб узилиб, жўнаворишмоқда. Уларнинг бундай мўрт бўлиб қолганликлари гўрковни бир жиҳатдан қувонтирса, иккинчи жиҳатдан ташвишга солади. Қувонтирадиган жойи шундаки, гўрков бошқалар қатори ишсиз қолмайди, бир бурда нон илинжида ўзини урён ҳар томонга урмайди, бемалол ишлаб, еб ётади. Ташвишга соладиган жиҳатига келсак, ҳозиргига ўхшаб суллоҳлар кўпайишиб бормоқда. Бундайларни ҳам теппа-текинга кўмасан, ҳам ерни эгаллаб ётишади, турган-битгани зарар. Экин-тикин қилинадиган жойлар борган сари камаяверади.
* * *
Кўзларидан томчи-томчи ёш думалаётганини у пайқамади – ҳеч ким ҳеч қачон ҳеч кимдан домангир бўлолмайди; вужудни қоплаган чанг-тўзонлару занглар бир томизғи билан ювилиб кетади; яратган инсоннинг хатти-ҳаракатлари, еган-ичгани, жисми учун жавоб бермайди; қачон зарурати туғилса, уни яна ўзиники қилиб олади, яна ўзига қайтаради, бунинг учун бир томизғи кифоядир – у хоҳ томчи шабнам шаклида бўлсин, хоҳ томчи кўзёш – қачон лозим бўлса, қачон лозим кўрса, шунда мўъжиза юз бериб, барча беҳудаликлар ва бехудликларга чек қўяди. Шу мўъжиза туфайли ёришган йўл, ойдинлашган манзил инсонга ҳеч ким ҳеч қачон ҳеч қандай шайтоний ҳийла-найранглар билан тортиб олиши мумкин бўлмаган азалий тахт-у бахти қайда эканлигини кўрсатиб беради – буни қачон лозим кўради, биз билмаймиз, била олмаймиз, даъво қилишга ҳам ҳаққимиз йўқ – бу ёлғиз Ўзигагина аёндир.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.