Навоийнинг улкан мероси бепоён уммон экани ва бу уммондан фақат дуру гавҳар териш мумкинлиги тўғрисида адабиётшунослар бисёр фикр юритишган. Ҳайратланарлиси, у давлат ва жамоат арбоби сифатида ҳам ҳавас қилгулик даражадаги сифатларга эга бўлган. У ўзи орзу қилган комил инсон даражасида яшашга ва ёзишга бир умр интилган, десак муболаға бўлмайди.
Алишер Навоий сиймоси ўзбек адабиётидаги бир қанча асарларда маълум даражада ўз ифодасини топган. Бу борада Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг «Навоий» романи алоҳида ўрин тутади. Буюк сўз санъаткори ҳаёти ва фаолиятига оид чизгилар китобхонни бефарқ қолдирмайди.
Сараланган сатрлар
* * *
Давлатнинг молияси не ҳолда, қўшин не аҳволда, мадрасаларда толиби илмлар, олим ва фозилларнинг тирикчиликлари қандай, ҳар нав амалдорлар пойтахтда, туманларда, вилоятларда халққа не турда муомала қилурлар; деҳқоннинг рўзғори нечик, косибнинг кори нечик – мана бу вазифаларни ақл ва идрок кўзи билан кўриб, тадбир ва салоҳият билан ҳал қилмоқ керак.
* * *
ҳар қандай мазҳаб жанжалларидан юқори турмоқ лозим. Ягона ҳусни мутлоқ мавжуддир. Қуёшнинг нурида, денгизларнинг жўшқинида, тоғларнинг муаззам жуссасида ва япроқларнинг титрашида унинг жамоли жилвасини кўрамиз. Кўнгилни унинг ишқи, ёди билан тўлдирмоқ керак.
* * *
Токайгача инсонлар ваҳшат саҳросида қолурлар! Инсон барча махлуқотнинг тожидир. У шарафли, соф, гўзал яшамоғи керак. Давлат арбоблари ақл ва адолатни шиор қилсалар, халқни парвариш этсалар, ҳаётнинг зангини олтинга айлантирмоқ мумкин.
* * *
Золимлар билан муроса қилмоқ жиноятдир.
* * *
Дунёда уч нимарса уч нимарсасиз қоим бўлолмагай: мол – бетижорат, давлат – бесиёсат, илм – бебаҳс… Баҳс асносида фикрларнинг зарбаларидан ҳақиқатнинг чақмоғи ёнғусидир…
* * *
Унинг эътиқодича, халқ илмга бегона инсонлардан иборат бир гуруҳ эди. У илм орқасида расо инсон бўлиш мумкинлигига ишонганидан, халқни ҳар ерда, ҳар ишда жаҳлнинг қурбони, деб тушунар эди. Унинг бу қарашлари, қаноатлари ҳозир халқ бўрони ичида ост-уст бўлди. Катта, фавқулодда воқеа қаршисида инсон ҳар нарсани унутиб, ёлғиз шу воқеанинг ҳаяжони, сезгисига берилганидек, ёш олим ҳам бутун вужуди билан халқ фикрига, халқ дардига қизиқди.
* * *
Қони, эти, тирикчилиги, ери, тили, тарихи бир бўлган бир халқ нима учун икки душман гуруҳга бўлиниб, бир-бирининг қонини тўкади? Нима учун бутун бир халқнинг азамат дарахти илдизларига болта урадилар? Бу йигитлик, қаҳрамонлик, зафарми, ажабо? Шоир қалбининг яраси билан тарихни ўйлайди. Яқин тарихнинг ўзиёқ унинг кўзига фоже манзараларни беҳисоб қаторлаштиради. Темурнинг кўзлари абадий юмилиб, жаҳонгирнинг жасади ер бағрини қучмасдан буруноқ авлодлари орасида рўй берган қонли талашлар, жангларни ёдлайди. Тож-тахт учун бўлган ўзаро урушлар соясида мамлакатнинг парчаланишидан, ободонликнинг емирилишидан, халқнинг беҳуда қирилишидан ўзга бирон натижа, бирон маъно кўрмайди.
* * *
Ҳақ сўзни айтган оғизларни тош билан қонатмоқ эмас, ҳақиқат тамалини қулатмоққа кўтарилган қўлларни кесмоқ зарур.
* * *
Халқнинг молини, жонини бўрилар ихтиёрига топширилса, улар бу қонхўр махлуқлар дастидан фиғон кўтарса, уларга қулоқ солмаслик адл-инсофдан эмас. Таҳдид ва сиёсат эмас, меҳрибонлик даркор. Халқ билан бўлғуси муомалада қиличга эмас, адл кучига суянмоқ, халқни жабр-зулмдан қутқармоқ лозим. Зеро, халқ шундоғ бир дарёйи азимки, у тошса, анинг мавжидан на шоҳнинг қасри, на дарвешнинг кулбаси қолур, у шундоғ бир ўтки, унинг бир учқуни туташса, на хашакни қўяр, на фалакни… Бас, яхшилик қилмоқ керак: элнинг, юртнинг бахти барқарор бўлса, салтанат ҳам бехатар бўлур.
* * *
Ижод дарди – қалбнинг қаърида уйғониб, бутун вужудни ларзага солган оғриқ Навоий учун энг ширин лаззат, она алласи каби юпантирувчи, қуёш каби ҳаёт ва қувонч бағишловчи бир куч эди. Шунинг учун у самимий, табиий бир шавқ билан енгил ёза олар эди. У чинакам сўз сеҳрбози! У ҳар қандай ўжар фикрни, руҳнинг энг ингичка, энг тутқич бермас жилваларини, юракдаги ҳисларнинг мавжларини сўз орқали ёрқин тажассумлантирар, қатрада дарёларни мавжлантирар, учқунда қуёшларни айлантирар, ишқдан ҳаёт ясар, оддий ҳаётдан эса улуғ, тийран афсоналар тўқур… У мингларча йилги маданиятни, асрларнинг фикр бойлигини қамраган шоир эди. Унинг шеърий даҳоси араб, эрон ва туркий халқларнинг санъат хазинасига, фикр заминига чуқур илдиз отиб, унинг абадий кучидан гуллаган эди.
* * *
Биз форс тилининг қудрат ва аҳамиятини, у тилдаги асарларнинг ҳусни ва салобатини ҳеч вақт инкор этмадик. То гўдакликдан бошлаб форс тилида ҳам қалам сурмоқдамиз. Аммо тилимизнинг афзаллиги биз учун улуғ ҳақиқатдир. Биз гўдакликда бу ҳақиқатнинг ишқини кўнглимизга жо қилганмиз, ўлганимизгача бу ишқни сақлаймиз! Шаҳарларни, қишлоқларни, саҳро ва тоғларни тўлдирган эл-улусимиз, уруғ-аймоғимиз бор, унинг ўз завқи, фаҳми-идроки бор. Биз элимизнинг завқини, табиатини назарда тутиб, унинг ўз тилида қалам сурайликки, унинг кўнгли фикр гуллари билан тўлсин. Туркона соз билан тараннум этайликки, элнинг юраги мавжга келсин. Сўз гулшанида ўзга эллар қаторида бизнинг элимиз ҳам баҳраманд бўлсин. Форс ашъори элимизнинг завқи учун бегонароқдир. Энди оталаримиз, боболаримиз, эналаримиз тилига назар солсак, унинг форсдан бағоят баланд даражада экани бир ҳақиқатдир.
* * *
Инсон учун кўнгилнинг софлиги, бойлиги керак. Гулнинг тўни қирқ парча бўлса ҳам, у гулдир! Илмни халққа берингиз, татаббу ва тафаккур билан илмни кенгайтирмоққа ҳаракат қилингиз! Илм кўмиғлиқ хазина эмас, жонли дарахтдир, ўсмоғи, гулламоғи, мева бермоғи керак!
* * *
Шундай аёллар бўладики, улар ишқни эътиқод каби муқаддас тутадилар. Бу аёллар кўнгилнинг эзгу орзуси учун фақир йигитнинг хароб кулбасини шоҳона саройлардан ортиқ кўрадилар. Увада кийимли содда чўпонни шаҳзодаларга алишмайдилар. Улар бутун борлиқлари билан бир мақсадга интиладилар. Агар мақсад муяссар бўлмаса, унинг дардини бутун умр ўзларига ҳамшира қиладилар.
* * *
Йигит учун мардлик, қаҳрамонликдан ўзга улуғроқ, олийроқ бир фазилат борми? Юрт ва давлат учун ўт ва сув кечиб, зафар байроқларимизни, қуёш байроғи каби, баланд кўтаручи олижаноб баҳодирлар керак. Лекин инсон ҳар бир ҳунарга, ҳар бир машғулотга холис ният билан, самимият ва ишқ билан киришмоғи лозим. Ишқ бўлмаса, киши ҳеч бир ишда муваффақият кўра олмас.
* * *
Чақмоқ қанча баландда чақнамасин, эгри бўлгани учун, албатта, ернинг қаърига борур. Шамки, тўғри, адилдир – куйса ҳам бошдан-оёқ нур бўлиб куюр.
* * *
Қайси даврларда қайси сабаблар билан юртлар обод бўлган, эллар шод-хуррамлик кўрган ҳам қайси замонларда ва не сабаблардан мамлакатлар ҳалок бўлган – буларни ўрганмоқ даркор. Ақл ва адолатнинг ёруғ кундузини, зулм ва жаҳолатнинг қора тунини ҳеч бир илм тарих каби равшан кўрсата олмаган.
* * *
Шу нарса муҳаққақки, подшоҳ хизматидаги инсон гунг ва шол бўлиши керак экан. Қабоҳатларга кўз юммоқ талаб қилинар экан. Сирни фош этмоқчи бўлган тил кесиларки, бу ҳол ҳаммадан мушкулдир.
* * *
Навоий сокин ижодий ҳаёт орзуси билан ёнди. Расмий давлат вазифаларидан қарийб бўшади. Фикр ва ғайрат тошқинини «Хамса»га ағдармоққа жазм қилди. Бироқ халқ ишидан, курашлар билан тўла қайноқ ҳаётдан четда тура билармиди? Мамлакат ҳаётининг тўлқинлари уни кун сайин кучлироқ тортиб кетади. «Бош қашиғали вақт йўқ!» Деҳқончилик қилиб, ҳосилни камбағал оилаларга, етим-есирларга тарқатиш, чўлларда работлар қурдириш, тақир ерларга сув чиқариб обод этиш, халқнинг арз-додини тинглаш, йўл-йўриқ кўрсатиш, илм ва санъат аҳлига раҳбарлик қилиш каби ишларнинг ҳаммаси вақт ва кучни қамрайди. Бунга қарамасдан, Навоий «Хамса» устида ажойиб, фавқулодда бир чидам ва ғайрат билан қалам юритди.
* * *
Хазина давлат учун, бадандаги қон каби, зарурдир. Аммо, бир ёқдан, тўпламоқ, иккинчи ёқдан, совурмоқ билан хазина тузиб бўлмас. Ҳотамтойликни билиб қилмоқ лозим. Ёмғурни қуриб-қақшаган боққа эмас, элтиб тоққа қуйган булутни сахий, дейилмас. Даставвал хазинани эл манфаати учун тўкмак керак. Зироатни, ҳунар ва санъатларни ривожлантирмоқ, тижоратга эътибор бермоқ керак. У вақт, масалан, ҳалол меҳнат қилган деҳқоннинг омбори ҳосилга тўлгани каби, хазинангиз ҳам зарга тўлур. Ўзга чоралар билан хазина бойитмоқ оқилона ҳаракат эмаслиги ҳар ким учун равшан.
* * *
Ҳақиқий илм фалак мушкулларини ҳал қилмоққа, сирларни кашф этмоққа йўл кўрсатур. Ақлнинг кучига ишонингиз, сизга ҳар вақт у раҳбар бўлсин. Беш-ўн китобни кўриб, олимлик даъвоси билан лоф урмоқдан сақланингиз!
* * *
Мунофиқлар ҳақиқатдан қўрқадилар. Ҳақгўйлик улуғ фазилатдир. Лекин зарур вақтдагина тилга эрк бермоқ лозим. Шуни унутмангки, подшоҳга яқин турмоқ, оғзини очган аждаҳога яқин турмоқ билан баробар!
* * *
Золимлар борки, фаришта тўнини киядилар. Шайхлар борки, банг хаёлотини элга каромат, деб сотадилар. Жоҳиллар борки, китоб қўлтиқлаб олимлик даъво қиладилар. Мамлакат бошида тили билан дили бир бўлган, ёлғиз халқ манфаатини ўйлаган, олий руҳли, пок виждонли инсонлар турмас экан, ҳаёт сабзаси тобора сўлур.
* * *
Беҳуда қон тўкмак, юртни парчаламоқдан азим гуноҳ йўқ! Қалбаки дўстлик, қардошлик кули остида душманлик оловлари ёнғинга айланур. Енг учидаги заҳарли ханжарлар кинли, ғазабли қўлларда бирдан ярқирар.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.
