Ўзбекистон – бағрикенг диёр
16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан юртимиз бўйлаб ўтказилаётган Бағрикенглик ҳафталиги доирасида Қашқадарёда ҳам кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Сана тарихига назар ташласак: 1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО ташкилотига аъзо мамлакатлар томонидан Бағрикенглик тамойиллари декларацияси қабул қилинди ва унда «Бағрикенглик – бу дунёмиз маданиятларининг бой хилма-хиллигини, ўзимизни ифода этиш шаклларимизни ва инсон шахсиятининг намоён бўлиш усулларини ҳурмат ва қабул қилиш ва тўғри тушуниш» эканлиги қайд этилди. Орадан бир неча ой ўтгач, БМТ Бош Ассамблеяси ўз резолюцияси билан жаҳон ҳамжамиятига 16 ноябрда Халқаро бағрикенглик кунини нишонлаш ва мазкур сана муносабати билан кенг жамоатчилик иштирокида тегишли тадбирлар ўтказишни таклиф қилди. Ушбу таклиф дунёнинг кўплаб мамлакатлари, шу жумладан, бағрикенглик азалий қадрияти саналган Ўзбекистон халқи томонидан ҳам маъқулланди.
Бир неча йилдирки, Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан юртимизда Бағрикенглик ҳафталиги ўтказилар экан, унинг асосий мақсади турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшлар онгида бағрикенглик ғоясини чуқур сингдиришдир. Шу боис ҳам вилоятимизда ҳафталикнинг очилиши Қашқадарёда ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатликда яшаб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган турли миллатлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.
Қарши шаҳридаги «Дўстлик ва ННТлар уйи»да «Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик» шиори остида «Ўзбекистон – бағрикенг диёр» мавзусига бағишланган давра суҳбати ҳамда қардош халқлар ёзувчи ва шоирлари, рассомларининг бадиий асарлари кичик кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбирда унинг асосий ташаббускорлари – вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қашқадарё бўлинмаси мутасаддилари, шунингдек, воҳамизда фаолият юритаётган араб, рус, татар-бошқирд, тожик, туркман миллий маданий марказлари ва бир қатор ННТ фаоллари иштирокида жамиятимизда миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида қилинаётган кенг қамровли ишлар ҳақида сўз юритилди. Миллий маданий марказларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ёшлар орасида бағрикенглик ғояларини самарали тарғиб қилиш бўйича фикр алмашилди.
Ҳафталикнинг иккинчи кунида вилоятимиздаги миллий-маданий марказлар ва бошқа мусиқий жамоалар вакиллари «Ўзбекистон – бағрикенг диёр» номли ажойиб концерт дастурини намойиш этишди ҳамда «Яшил макон» лойиҳаси доирасида «Дўстлик ва ННТлар уйи» ҳовлисида «Дўстлик дарахтлари» кўчатларини ўтқазишди.
– Концертда марказимиз ҳузуридаги «Кояш» ансамблининг турли ёшдаги аъзолари айнан Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган ва «Биз – ҳар хилмиз, биз – биргамиз» деб номланган адабий-бадиий композицияни намойиш этишди, – дейди вилоят татар-бошқирд миллий маданий маркази фаоли, «Дўстлик» ордени соҳиби Равиль Ихсанов. – Турли миллат вакиллари томонидан биргаликда экилган «Дўстлик дарахтлари» эса, менимча, умумий уйимиз Ўзбекистон тараққиётига ҳамкорликда қўшаётган ҳиссамиз рамзидир.
Шунингдек, 10-16 ноябрь кунлари давом этадиган Бағрикенглик ҳафталиги доирасида вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида «Китобхонлик бизни бирлаштиради» номли китоблар кўргазмалари, «Биз бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз» мавзусига бағишланган давра суҳбатлари, миллий таомлар, либослар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари намойишлари ва танловлари, «Ўзбекистон – бағрикенг диёр» номли концертлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўз мухбиримиз