Қашқадарё газетаси Маънавият БИЗ ҚАЛБАКИ ПУЛ ЯСОВЧИЛАРДЕК КУН КЎРЯПМИЗ
Маънавият

БИЗ ҚАЛБАКИ ПУЛ ЯСОВЧИЛАРДЕК КУН КЎРЯПМИЗ

Сараланган сатрлар

Ёшлигида Биринчи жаҳон урушига борган ва урушнинг чинакам даҳшатларини кўрган, бутун умр босқин фожиаларини бадиий акс эттирган немис адиби Эрих Мария Ремаркнинг “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ”, “Уч оғайни”, “Жаннатдаги соялар”, “Қарзга олинган умр”, “Ортга йўл”, “Лиссабондаги тун”, “Қора ёдгорлик” асарлари мавзулари ранг-баранглиги баробарида ифода услубининг ўзига хослиги билан ажралиб туради. Адибнинг 1945 йилда биринчи марта АҚШда чоп этилган “Зафар дарвозаси” романида фашистлар зульмидан яшириниб ўзга мамлакатларда яшириниб яшашга маҳкум кишилар ҳақида ҳикоя қилинади.

Бош қаҳрамон Равик ҳам худди Ремарк каби урушда қатнашган, кейинчалик натсистларга қарши кайфияти сабаб гестапо томонидан ҳибсга олинган. Конслагердан қочиб, Парижда яшашни маъқул кўрган. Моҳир жарроҳ бўлишига қарамай, фуқаролиги ҳақидаги ҳужжати бўлмагани боис тиббий хизмат кўрсатишга ҳуқуқи йўқ. Яшириниб яшагани баробарида хавф остида операциялар қилишга тўғри келади. Бир неча марта мамлакатдан чиқариб ҳам юборилади. Сиёсатдонлар тинчлик битимлари ҳақида бонг ураётганига қарамай одамларда эртанги кунга ишонч йўқ, аммо улар негадир жуда боқибеғам, гўё фалокат уларни четлаб ўтадигандай кайфиятда яшашади.

Маълумки, Зафар дарвозаси Наполеон Бонапарт даврида ғалабалар шарафига қурилган ёдгорлик бўлиб, кейинчалик Франция миллий рамзларидан бирига айланган. Арк остида Биринчи жаҳон урушида ҳалок бўлган номаълум аскар қабри ва абадий олов жойлашган.

Ремарк бир вақтлар ғалабалар рамзи бўлган ёдгорлик мисолида уруш арафасидаги Европанинг таназзулини бадиий акс эттиради.

* * *

Бошингизга не савдолар тушмасин, асло юрагингизга яқин олманг. Бу дунёда ташвишланишга арзийдиган нарсалар унчалик ҳам кўп эмас.

* * *

Унутиш. Зап ғаройиб сўз-да! Ҳам даҳшат, ҳам таскин, ҳам рўё мужассам. Унутмасдан ким яшай олади? Аммо ким ҳам истаганини унута олади? Юракни пора-пора қилгувчи хотиралар қуйқаси. Йўқотадиган нарсаси қолмаган инсонгина озод бўла олади.

* * *

Ҳаёт деган неъмат бошқаларни деб яшаш учун ҳам берилган. Одам тафтини одам олади. Шунинг учун жиндаккина бўлсаям савоб иш қилсанг, бир жойинг камайиб қолмайди. Аксинча, одамга куч беради.

* * *

Ўтган ишни орқага қайтаролмайсиз. Ҳеч кимни ўзгартиролмайсиз. Йўқса, ҳаммамиз авлиё бўп кетардик. Тақдир бизни мукаммал қилиб яратмаган. Кимки комил бўлса, улар ҳаммаси ўтиб кетган одамлар.

* * *

Бош деворга тақ этиб урилганда ҳамма Худо деб қолади. Думи қисилганда дуога қўл очган қанча худосизларни кўрдим.

* * *

Одамнинг нияти катта, амали эса кичик бўлади. Инсон боласининг кулфати ҳам, жозибаси ҳам шунда.

* * *

Тақдир инъом этган рутубатли ҳаёт ҳар қанча кўркли туюлмасин, ҳадемай ўтиб кетади. Ҳаммаси омонат. Аслида нима омонат эмас? Бу бевафо дунё олислардан қора тортиб келаётган дарвозаларни ёпиб турувчи бир олачалпоқ мато, холос.

* * *

Моржлар ҳақида эскидан қолган масал бор: юзлаб морж қирғоқда ётишган экан, овчи келиб қолибди-да, жониворларни биттама-битта сўйил билан тинчита бошлабди. Агар бирлашганларида эди, овчини эзиб-янчиб ташлашарди, бироқ улар тобора яқинлашиб келаётган ғанимни кўриб туриб ҳам, ётган жойларидан қилт этишмади, овчи эса атиги бир қадам нарида қўшниларини ўлдираётганди. Оврўпа моржларининг тарихи ҳам ана шунақа. Тамаддуннинг қонли заволи. Инсон ҳуқуқларининг ранги ўчган. Арзимас чойчақага сотиб юборилган бутун бошли қитъа. Яқинлашиб келаётган тўфон. Биргина фойда кўришни кўзлаётган беҳаловат тужжорлар. Вулқон четидаги жирканч рақс. Қурбонликка ҳайдаб олиб кетилаётган халқлар. Қўйлар қурбонликка сўйилади, бургалар тирик қолади. Ҳар доим шундай бўлган.

* * *

Фариштага айланасанми, масхарабозгами ё жиноятчигами, ит ҳам пайқамайди. Айтайлик, тугманг узилиб кетди, буни дарров ҳамма кўради. Бу дунё бунча тентакнамо бўлмаса.

* * *

Биз қалбаки пул ясовчилардек кун кўряпмиз. Тинчлик истаймиз дейишади-ю, ҳарбий заводлар қуришади. Ўзларини инсон ҳақ-ҳуқуқлари учун курашувчи қилиб кўрсатишади-ю, конслагерлар қуришади. Сиёсий ихтилофлар адолат ниқоби остида юз беради, сиёсий босқинчилар ўзларини валинеъмат қилиб кўрсатишади. Озодлик – сўзини ўтказишни яхши кўрадиганларнинг тумтароқли шиорига айланиб улгурди.

* * *

Эҳтимолдан узоқ бўлган тахмин мантиққа энг яқини бўлади.

* * *

Касалхонада одам ўзини монастирда юргандек сезади. Энг оддий нарсаларнинг қадрига ета бошлайсан. Ўз оёғингда юраётганинг, тўйиб нафас олаётганинг, ёруғ дунёни ўз кўзларинг билан кўраётганингга шукрона айтасан.

* * *

Бахт оёғимизнинг остида. Энгашиб, териб олиш керак, холос.

* * *

Ҳар доим яшириниш мумкин бўлган парда топилади; ҳар бир бошлиқнинг бошлиғи бор; кўрсатма, фармойиш, буйруқ, булардан ҳам бешбаттари кўп бошли аждар – одоб-ахлоқ – зарурият – аччиқ ҳақиқат – жавобгарлик; яна алламбало номлари бор бундай ниқобларнинг. Оддий одамгарчилик қонунларини айланиб ўтиш учун ҳар доим ана шунақа ниқоблар топилади.

* * *

Ҳатто умрингни ҳавога совурган бўлсанг-да, отилган гилзадай қўл силтаб кетолмайсан. Вақт-соати келганда, ҳаёт кураш учун керак бўлади. Ўзинг учун эмас, ҳатто қанчалик ташна бўлмагин, қасос номи ила эмас ёхуд бутун башар учун эмас – қандай бўлмасин, бу дунёни қон ва ботқоқдан олиб чиқиш керак. Токи кўксингдаги муштдайгина жон уриб турган экан, курашни қайтадан бошлашдан ҳайиқма.

* * *

Вақтни уйқуга сарфлаш ҳайф. Уйқудалигингда умр сувдай оқиб кетади.

* * *

Севгининг шарофати билан аёл кишининг ақли расолашади, эркак киши эса ақлини йўқотади.

* * *

Кенг қулоч ёйиб бошлаган ишда майдалашиб ўтириш ярамайди.

* * *

Худди эртаклардагидек, мурод-мақсадга етиб яшаш бирам яхшики!

* * *

Бир танишим бор эди, хотини қазо қилганда, хонасига қамалиб олиб, то дафн ўтгунча шахмат жумбоғини ечиб ўтирган. Уни дийдаси қаттиққа чиқаришган, лекин у хотинини жонидан ортиқ яхши кўрарди. У шунчаки ўзини қаёққа қўйишни билмай қолган. Қайғусини аритиш учун эрта-ю кеч ўзи билан ўзи шахмат ўйнаб ўтираверган.

* * *

Бир парча қоғоз! Ҳаммаси шу бир парча қоғозга боғлиқ. Бурнининг тагига суқиб кўрсатсанг бас – бутун бошли оилани чавоқлаб ташлаган қотилмисан, банкни ўмарган босқинчимисан, фарқи йўқ, итдан тарқаган ўша заҳоти етти букилиб узр-маъзур қилиб, ҳурмат-иззат билан кузатиб қўяди. Ҳозирги кунимизда ҳатто Исо Масиҳнинг ҳам паспорти бўлмаса, турмага тиқишарди. Сирасини айтганда, у ўттиз уч ёшгача ҳам яшамасди – ундан илгарироқ ўлдириб юборишарди.

* * *

Хавф-хатарга кўмилиб яша, деганди Нитше. Муҳожирлар бу ўгитга амал қилишади. Иложсизликдан, албатта.

* * *

Башарият тарихи қон ва кўзёшлар ҳисобига ёзилган. Қонга беланган минглаб ҳайкал орасида онда-сонда эзгуликнинг оқ тусида ярқирайдиганлари учраб қолади. Сафсатабозлар, фирибгарлар, биродаркушлар, падар-кушлар, худбинлар, мутаассиблар – ҳаммаси бир гўр – бандасига муҳаббат номи ила бир-бирига қарши қилич кўтарган. Барча замонларда сабр-қаноатли халқлар, элатлар бир-бирига қарши гижгижланган, императорлар, эътиқодлар, ақлдан озган соҳиби тожлар номи ила қон тўкилган. Бу хунрезликлар ҳали-ҳамон тўхтамайди.

* * *

Арслон кийикни ов қилади, ўргимчак – пашшани, тулки – товуқни. Одамзод эса ер юзида муттасил жанг қилиб, ўз қавмидагиларнинг қонини тўкади. Нега?

* * *

Одамлар чарчаб, ҳеч нима билгилари келмай, “Менга бунинг дахли йўқ!” дейишдан нарига ўтолмаётганлари учун ҳам қабиҳлар қутуриб кетган.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version