Қашқадарё газетаси Олам Биз ҳар куни фойдаланадиган баъзи буюмлар бактериялар ўчоғи бўлиши мумкин
Олам

Биз ҳар куни фойдаланадиган баъзи буюмлар бактериялар ўчоғи бўлиши мумкин

Ошхона сочиғи, ювин-чайин губкалари, ҳаммом гилами, тиш чўткаси, телефон, масофадан бошқариш пультлари ва дўконлардаги харид учун аравачалар тутқичи ўзида кўк йиринг таёқчалари ва тилларанг стафилококк каби хавфли бактерияларни сақлаши мумкин. Бу ҳақда Вестминстер университетининг тиббиёт микробиологияси бўйича катта ўқитувчиси Манал Муҳаммад The Conversation нашрига маълум қилган.

Олимнинг қайд этишича, харид учун аравачалардан ҳар куни ўнлаб одамлар фойдаланади, бироқ уни камдан кам дезинфекция қилишади. Шу боис унинг тутқичида микроблар тўпланади. Ошхона сочиғи ва губкаси, ҳаммом гилами кабилар ҳам энг нотоза уй-рўзғор буюмларидан бўлиши мумкин.

«Ғовакли, нам ва кўпинча озиқ-овқат маҳсулотлари билан қоришиб ётадиган губка – бактериялар кўпайиши учун идеал шароит. Кўп марталик ошхона сочиғи ҳам тезда микроблар ўчоғига айланади. Тадқиқот ичак таёқчалари ва сальмонелла матода бир неча соат давомида қолиши мумкинлигини кўрсатди», дея огоҳлантирган мутахассис.

Эксперт сўзларига кўра, кесиш тахтасида пичоқ қолдирган майда бўлакларда бактериялар тўпланиши мумкин. Агар у яхши ювилмаса, ичак таёқчалари ва сальмонелла қуруқ юзада соатлаб яшайди ҳамда соғлиқ учун хавф туғдиради. Қўл телефонидан тез-тез фойдаланиш ҳам юқори ҳарорат туфайли уни бактериялар кўпайиши учун қулай жойга айлантиради. Меҳмонхона телевизорларининг масофадан бошқариш пультлари ҳам шундай хавф мавжуд буюмларга киради.

Exit mobile version