27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
«Қашқадарё» (собиқ «Қашқадарё ҳақиқати») газетаси… Бу нашр ташкил этилганига юз йилдан ошди.
Бир асрдан зиёд даврда бу отахон газетанинг шонли тарихи пайдо бўлди, ўзига хос қадриятлари, ибрат мактаби шаклланди.
Бежизга мамлакат нашрлари орасида биринчи бўлиб «Олтин қалам» халқаро танлови Бош Миллий мукофотига сазовор бўлмаган-да у…
Байрам арафасида эски хотираларни титкилаб, мана шу улуғвор мактаб меҳригиёси ва оҳанрабосидан баҳраманд бўлган инсонлар, таҳририят ичида ва атрофида кечган қизиқ воқеалар, заҳматкаш ва дилкаш газетчиларимизнинг кундалик қувонч ва ташвишлари ҳақида ҳикоя қилмоққа жазм қилдик…
Майда туйғулардан устун садоқат
Айни пайтда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида бўлим бошлиғи сифатида фаолият юритаётган оқсоқол журналист Абдужалол Тайпатовнинг ҳам зуваласи «Қашқадарё»да пишган.
Абдужалол ака шундай ҳикоя қилади:
– Сувон Соқий деган устозимиз бўларди. Раҳматли самимий ва дилкаш, беғараз инсон эди. Шоиртабиат, ўзи ҳам шеърлар ёзарди. Ёшлар у кишини яхши кўрар, кези келса, суянарди.
Сувон ака бўлим мудири, мен қўлида ишлардим. Таҳририятга Косондан бир йигит шикоят қилиб келди. Фиғони фалакка чиққан, кўз ёшларини тўхтата олмасди. Айтишича, ярим тунда беш ёшли қизчаси иситмалаган. Олдин қишлоқ, кейин туман шифохонасига олиб боришган. Қилинган муолажалар фойда бермай, қизча вафот этган.
Таҳририятнинг топшириғи билан Косонда бўлиб, воқеани ўрганиб келдим. Қизалоқнинг ўлимида шифокорларни эътиборсизликда, ўз касбига совуққонликда айблаб, мақола ёздим.
Сувон ака менга «мулло» деб мурожаат қиларди.
– Мулло,- дея сўради сафардан қайтган куним. – Хўш, нима бўлган экан?
– Врачлар айбдор, – дедим. – Ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаган. Мақола ёзаяпман.
– Тўғри қиласиз. Боплаб уринг! – далда берди устоз.
Мақолани тайёрлаб, устозга ўқиш учун бердим. Шу пайт унинг шаҳар телефони жиринглаб қолди. Хонадан чиқиб турдим. Кейин у кишини бош муҳаррир чақирди. Бироздан сўнг Сувон ака мен ўтирган хонанинг эшигини очиб:
– Мулло, юринг-чи, «облздрав»нинг бошлиғи сўраяпти экан. Борайлик-чи? – деди.
Йўл-йўлакай устоз вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бошлиғини яхши мутахассис сифатида ҳурмат қилиши, танишлигини айтди.
Бошқарма бошлиғи бизни қабулхонага чиқиб кутиб олди.
Сувон ака мени таништирди. «Ёш, келажаги бор, қалами ўткир йигитларимиздан», деб қўшиб қўйди.
Бошлиқ яхши иш бўлмагани, зарур чоралар кўрилаётгани, айбдорлар албатта жазоланишини айтиб, иложи бўлса, воқеани матбуотга олиб чиқмасликни илтимос қилди. Бундан кейин ҳамкорликда ишлашини билдириб, гап орасида бирон хизмат-пизмат бўлса, бемалол келишим мумкинлигини ҳам қистириб ўтди.
Сувон акани яхши танишини, жуда ҳурмат қилишини алоҳида уқтирди.
Устоз бирон нарса денг, дегандек менга бурилди, мен ерга қарадим.
Таҳририятга қадар иккаламиз ҳам жим келдик. Хонага киргач:
– Хўш, мулло, энди нима қилдик? – дея сўради.
– Мақолани ўқиб кўринг-чи? Менимча, берганимиз маъқул. Марҳум қизчанинг ота-онаси бироз таскин топармиди? – дедим мужмалланиб.
Сувон ака индамай стол четида турган қўлёзмани олди…
Эртаси куни бош муҳаррир ҳузуридаги «планировка»да Сувон ака қаттиқ туриб менинг мақоламни «номер»га беришни талаб қилди. Ўша пайтларда вилоят газеталари ҳафтада беш марта чоп этиларди. «Холис ва ҳаққоний ёзилган», деди у.
Танқидий мақола «Мен сизни кечирмайман, дўхтир!» сарлавҳаси билан эълон қилинди ва вилоятда анча-мунча шов-шувга сабаб бўлди.
Кейинроқ тушундим. Ўша пайтда устоз ёш, бошловчи журналистнинг кўнглига қарамасдан, мақоланинг бир-иккита камчилигини топиб, қайтариб берса ҳам бўларди. Аммо Сувон ака ёш ҳамкасбининг кўнглидаги адолатга бўлган ишончни, касбга бўлган ихлосни сўндиргиси келмади. Касбга садоқати майда туйғулардан устун келди…
Корректордан чиққан ҳоким
Не-не таниқли кишилар бу мактабдан учирма бўлмади, дейсиз…
Масалан, Нормурод Нарзуллаев, Самар Нур, Хосият Лутфуллаева, Сирожиддин Рауф, Чори Латипов, Ҳаким Сатторий, Амир Худойберди сингари таниқли шоир ва ёзувчилар, журналистлар ўз фаолиятларини мана шу нашрдан бошлашган. Бизга берган интервьюларидан бирида вилоятнинг таниқли тадбиркори, раҳматли Назира Шодмонова олтмишинчи йилларда шу таҳририятда машинистка бўлиб ишлагани ҳақида ғурурланиб гапириб берганди.
Ўтган асрда Китоб ва Ғузор туманлари, вилоят ҳокими лавозимларида самарали фаолият юритган фидойи инсон Озод Пармонов ўз фаолиятини газетадан бошлагани ҳақида кўпчилик билмайди.
Бу хусусда таниқли олим Абдираҳим Эркаевнинг ўтган йили чоп этилган «Озод давр эпкинлари» китобида шундай ёзилган:
«Озод адабиётга қизиқиб қолди. 6-7-синфдан Қамаши тумани «Коммунизм учун» газетасига қишлоғида, колхозида бўлаётган янгиликлар ҳақида турли хил хабар шаклидаги мақолалар ёзиб жўната бошлади.
…Озод Пармонов Тошкент давлат университети журналистика факультетига ўқишга топширди. Аммо ўша йили кўплаб ҳавасманд ижодкор-абитуриентлар қаторида у ҳам конкурсдан қайтди…
Барча ёзган-чизган, чоп этилган мақолаларини олиб, Озод Қарши шаҳрига, вилоят газетаси – «Қашқадарё ҳақиқати» таҳририятига йўл олди…»
Бу хусусда Озод Пармоновнинг ўзи шундай ёзади: «Газета редактори, салоҳияти ўта баланд Йўлдош ака Умаров мен билан суҳбатлашиб, чоп этилган ишларимни ўқиб, корректорликка ишга қабул қилди. Кейинчалик таниқли шоирга айланган Исмоил Тўхтамишев ҳам ўқишга киролмасдан корректорликка ишга олинди. Бирга ишладик.
Ўша йили Абдулла ака (Абдулла Орипов назарда тутилмоқда – Н.Э.) билан таҳририятда танишганман. У киши ота-юртга келган чоғида, албатта, таҳририятга кирарди. Исмоил Абдулла ака билан яхши таниш экан. Бу ерда Абдулла аканинг қаламкаш дўстлари кўп экан… Самад Қодиров, Рўзижон Нурматов, Сувон Соқиев, Абди Пардаев, Темир ва Баҳром Шойқулов каби кўзга кўринган журналистлар билан ҳар галги учрашувлар ҳавас қиларли даражада самимий ўтарди.
Эсимда, Абдулла ака Исмоил иккаламизга юзланиб: «Укаларим, корректор – газетанинг юзи, ойнасидир. Сизлар масъулиятли жойда ишлаяпсизлар, бўлғуси журналист корректорликда тобланади», деди. Биз иккаламизга Тошкентга борганда, албатта, у киши билан учрашишни тайинлади. Исмоил бир йилдан кейин журналистикага ўқишга кирди. Абдулла аканинг содиқ шогирдига айланди. Мен эса бошқа йўналишдан кетдим».
«Тўйга айтиб келдим, дадаси»
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида таҳририятда масъул котиб ўринбосари бўлиб ишлаган Мадат Примов (охиратлари обод бўлсин) деган киши билан содир бўлган қизиқ воқеани устозларимиз мароқ билан ҳикоя қилишади.
Мадат ака хонасида навбатдаги соннинг макети (намунаси)ни чизиб ўтирган экан, хонасига турмуш ўртоғи кириб келибди. Мадат ака олис тоғ туманидан келиб, ижарада яшаб, ишлар, қишлоғига ҳафтасига бир бориб келар экан.
– Тўйга айтиб келдим, – дебди янга. – Уйдагилар ўғлингизнинг хатна тўйини белгилашди…
– Эсинг жойидами? – дебди Мадат ака масъул котибларнинг «строкомер» деб аталадиган махсус чизғичини жаҳл билан макет устига уриб. – Газета чиқадиган кун экан-ку…
Тўқсонинчи йиллар охирида иқтисодиёт бўлими мухбири бўлиб ишлаган, ғузорлик Аҳад ака Муҳаммадиев билан кечган худди шунга ўхшаш воқеага ўзим гувоҳ бўлганман.
Кечқурун бош муҳаррир Бўри Норқобиловнинг хонасида саҳифаларни муҳокома қилиб тургандик. Навбатчи Аҳад Муҳаммадиев кириб қолди.
Анча вақт бир чеккада қимтинибгина турди.
– Бирон гапингиз борми? – сўради бош муҳаррир. – Саҳифаларни ўқиб тугатдингизми?
– Йўқ, ҳали иккита бет корректурада, – деди Аҳад ака ўнғайсизланиб.
– Унда тезлаштирмайсизми? Қаранг, соат ҳам йигирма икки бўляпти…
– Шу десангиз, – деди Аҳад ака тортинибгина кулимсираб. – Ғузорда… қишлоқда… уйимизни сел обкетибди…
– Нима-а-а-а? – бош муҳарриримиз кўзойнаги остидан Аҳад акага ҳайрат билан боқди. – Сел обкетибди?
– Ҳа, – деди Аҳад ака яна қимтиниб. – Худога шукр, ҳамма соғ-омон… Фақат уйимиз кетибди…
– Унда нега бемалол ўтирибсиз? – деди Бўривой ака хавотири ошиб. – Тезда уйга жўнанг… Тавба, қанақа одам бу…
Аҳад ака елка қисиб, эшик томонга йўналди. Сўнг ўгирилиб аста сўради:
– Газета нима бўлади?
«Ўттиз йўллик» хабар
Газетчи аёлларга, қизларимизга осон тутманг…
Хизмат сафари, мақола ёзиш, навбатчилик заҳматлари. Оила, рўзғоргаям улгуриш керак…
Дилбар Кенжаева – мана шундай заҳматкаш опаларимиздан бири.
Бир куни раҳбар уни ҳокимликдаги нуфузли йиғилишга жўнатди.
Опа жуда кеч қайтди. Ҳамма чарчаган, саҳифалар тайёр, фақат опанинг хабарини кутяпмиз.
Одатларини яхши билганликлари учун масъул котиб Олим Тошев опанинг хонасига атай бориб, огоҳлантириб қайтди:
– Дилбар опа, биринчи бетдан 30 йўл жой қўйганмиз, ўт-тиз йўл, ўт-тиз!!!
Орадан икки соатлар ўтди ҳамки опа тугатай демайди.
Ниҳоят сабр косамиз тўлиб-тошган пайтда опамиз қўлларида анча қалин қоғозлар билан котибият эшигида пайдо бўлдилар:
– Олимжон, узр, саҳифа бўлди…
Абдулла акани Ғузорга жўната кўрманг…
Газетачилик машаққатини енгишнинг энг оддий йўли – самимий ҳазиллар эди. О, таҳририят ҳангомаларию аскиялари! Кулгидан деразалар зириллаб кетарди. Эслаганинг сари дилинг яйрайди, беихтиёр юзингга табассум югуради…
Ботир Темиров деган бетакрор журналистимиз бор эди (яқинда бериб қўйдик… Охирати обод бўлсин!)
Тили нордонгина, ҳазиллари жуда беғубор эди…
Абдулла Бобоёров деган қамашилик журналист пенсия ёшига яқинлашганида бир муддат «Қашқадарё»да ижтимоий сиёсат бўлимида ишлади. Жуда меҳнаткаш одам эканлар.
Ўша йили баҳорда томорқачилик мавзуси трендга чиқди. Одатдаги кампаниябозлик бошланди. Шу мавзуни хуш кўрадиган Абдулла аканинг куни туғди. Уч-тўрт кунлаб йўқолиб кетиб, саҳифа-саҳифа мақола жўнатадилар…
Бир гал сермаҳсул акамизни Қамашига хизмат сафарига жўнатдик. Одатдагидай уч кун ном-нишонсиз кетиб, томорқачиликдан бир неча туманлар манзилларидан бир саҳифа мақола топширдилар.
Саҳифанинг остида «Абдулла Бобоёров, Қамаши – Яккабоғ – Шаҳрисабз – Китоб» деб ёзилган эди.
Буни ўқиган Ботир ака одатдагидай ҳозиржавоблик билан ҳазилни «қалпоқ» қилиб қўйди:
– Нуриддин, кейинги сафар Абдулла акани Ғузорга жўната кўрманг…
– Нега энди?
– Нега бўларди, кейин бир ой йўқолиб кетиб, томорқачиликдан шундай ёзиб келадилар: «Абдулла Бобоёров, Ғузор – Деҳқонобод – Бойсун – Термиз – Мозори Шариф – Кобул…»
«Хонтахтанинг тагида»ги журналист
Тўқсонинчи йилларнинг охири, таҳририятда энди иш бошлаган кезларим эди.
Ўша пайтларда урф бўлган мавзуда – илғор хўжалик раиси ҳақида очерк ёзган кекса журналистларимиздан бири уни ярим тунда ўрнидан туриб, ташқарига айланиб келгач, хотинига об-ҳавонинг авзойи ёмонлигидан, далада пахта қолиб кетаётганлигидан шикоят қилган ҳолда тасвирлабди.
Ёшлик – ғўрлик экан-да, билиб-билмасдан устозга қалтисроқ савол бериб юборибман:
– Шу гапларингизга ўзингиз ишонасизми? Раиснинг ярим тунда хотинига айтган гапини қаердан эшитдингиз? Ўша пайтда сиз қаерда эдингиз – хонтахтанинг тагидами?
Тез орада устозлар мендай «бетгачопар»нинг адабимни беришди – каминани, келганига икки ярим йил тўлмаган, ҳали талабалик нуқси кетмаган ёш қаламкашни жуда масъулиятли ва оғир лавозим – масъул котибликка кўтариб қўйишди. Бағрикенгликни қаранг, тавсия берганлар орасида ўша «хонтахта тагида»ги журналист ҳам бор эди…
«Ундан кўра «чаласавод» денг…»
Табиийки, таҳиририятда ишлайдиган барча ижодий ходимларнинг мутахассислиги журналист бўлавермасди. Масалан, мендай филологлар кўпчилик эди. Тарихчилар, таржимонлар, техник-муҳандислар, кимёгар-биологлар, агрономлар, иқтисодчилар ҳам топиларди бизда…
Шу мавзуда кечган бир воқеани узоқ йиллар таҳририятда маънавият бўлими муҳаррири бўлиб фаолият юритган истеъдодли қаламкаш Толиб Темиров (ҳозир аэропортда ишлаяпти) давраларда кўп эслайди.
– Биласизлар, мен – тарихчиман, – дейди у. – Таҳририятга азбаройи шеъриятга қизиқишим туфайли келиб қолганман.
Бир куни менинг навбатчилигимда бош муҳаррирга киритилган саҳифада нозикроқ хато ўтиб кетгани аниқланиб қолди.
Бўри Норқобилов машҳур актёр Ёдгор Саъдиевникига ўхшаган салобатли овози билан томоқ қириб, ўринбосарини койий кетди:
– Кўзларинг қаерда сизларнинг? Сиз – бир чаласавод, анови турган масъул котибингиз – яна бир чаласавод… Мана бунингиз…
Бош муҳаррир қаҳр тўла кўзларини менга тикди. Кўзларимни чирт юмиб, аста бошимни қуйи солдим. Совуқ тер босди. Ўринбосарларини аямаган одам мени нималар деса…
– Бунингиз бир … «тарихчи» бўлса…
Балки, раҳбар ўзларича мени авайлагандир… Аммо ўша пайтда бошимдан бир челак сув қуйилгандай бўлди. Йўқ, шу пайтгача танлаган соҳам билан фақат фахрланиб келганман. Устоз ҳам аслида тарихни жуда қадрлайдиган одам…
Бироқ гап келганида аямай савалаб қолдилар-да…
«Ундан кўра эл қатори «чаласавод», денг, Бўривой ака…»
«Дунё гўзал»лигининг сабаби
Таҳририятда узоқ йиллар бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган Номоз Аҳмедов – содда, беғубор инсон.
Таҳририятда деярли ҳар куни иш қизғин бўлар, баъзан тушликни ҳам хонанинг ўзида, саҳифа ўқиб туриб қилишга тўғри келарди… Бўлганида «перашка», йўғида қоқнон…
Бир куни босмахона билан боғлиқ муаммо бўлди. Ранглар чаплашиб, суратлар яхши чиқмаган эди.
Номоз ака – ўринбосар, камина – масъул котиб раҳбардан қалампирли дашномларни олиб, пойи-пиёда босмахонага жўнадик. Ўша пайтда босмахона маъмурияти идорамиздан тўрт-беш бекат нарида эди. Ишни битириб ортимизга қайтар эканмиз, Номоз ака атрофдаги баҳор тароватидан завқланиб, ҳаяжон билан сўзлаб келарди:
– Қаранг, шаҳримиз қандай чиройли бўпкетибди. Манови ҳашаматли биноларни қачон қуриб қўйишди? Манави дарахтлар, гулларни қаранг… Қуёшнинг порлашини кўринг… Осмонга, булутларга… анави чиройли опаларга қаранг…
– Номоз ака, дунё кўзингизга бунчалар чиройли кўринаётганининг сабабини айтайми? – дедим устознинг ҳайратларини зимдан кузатар эканман. – Яқин ўрталарда куннинг бу пайтида Сиз кўчада бўлмагансиз. Хонадан кўчагаям чиқиб туринг-да, ҳатто маҳбусларга ҳам икки соат тоза ҳавода сайр қилишга имкон беришади…
«Ғоя» бор, «Қоя» бор ва яна…
Таниқли адиб ва ношир Темирпўлат Тиллаев ҳам бир муддат шу ерда ишлади.
Унинг биринчи навбатчилиги роса қизиқ бўлган. Кун ботяпти ҳамки, бош муҳаррирга саҳифа ўтмаяпти. Мусаҳҳиҳлардан сўрасам, «навбатчи Темир акага берганмиз», дейишди.
Темир аканинг стулига узун плаши осиғлиқ турибди. Ўзи йўқ. Телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермади. Охири излаб-излаб 8 та саҳифани у кишининг тортмасдан топиб олдик. Буклаб, ичкаридан ичкарига тиқиб ташланган экан.
Шу куни навбатчимиздан дарак бўлмади. Ишни ўзимиз тугатдик.
Эртаси куни изоҳ сўрадик.
Темирпўлат ака бамайлихотир жавоб берди:
– Э, ҳали газета кеча чиқиши керакмиди? Мен қаердан билай? Нашриётда китобларни ойлаб бемалол кўраверардик-да…
Одатда бош муҳаррирга кириб, ажойиб ғоялар бериб чиқарди ташаббускор акамиз. Аммо ижросига келганда ўзларини излаб қолардик… Шу боис «Ғоя» деган улуғ нисбага «мушарраф» бўлганди.
Буниям тарихи қизиқ. Бир куни бош муҳаррир Нарзулла Равшановнинг (охирати обод бўлсин) хонасида уч-тўрт киши суҳбатлашиб тургандик.
Хонада Темирпўлат Тиллаев, Шомурод Шаропов ва… кўпчилик унча хушламайдиган, лаганбардор бир киши ўтирарди.
Меҳнат таътилида бўлган Номоз Аҳмедов раҳбарга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўраб қолди. Сўнг «ёнингизда кимлар бор?», деб сўради.
Нарзулла ака аввал Тиллаевга томон қараб: «Ғоя бор…», Шароповга қараб: «Қоя бор…», деди.
Охири бояги нусхага томон ўгирилиб, кулди:
– Яна «Соя» ҳам бор экан…
II миз III бўлган кеча
Бу тафсилотларни бугун ижтимоий тармоқларда ижод қилаётган, хато ўтказиб қўйса, пинаги бузилмайдиган «эъжодкор»ларга сабоқ учун ҳам ёзяпман…
Газета чоп этилганидан кейин биз – навбатчидан тортиб, мусаҳҳиҳ, саҳифаловчи оператор, масъул котибгача барчамиз уни ички хавотир билан варақлаймиз. Кўнгилда ҳамиша бир ҳадик бўлади: «Ишқилиб хато ўтиб кетмадимикан?»
Бу ҳадик аввало масъулият меваси бўлса, бошқа сабаблар ҳам йўқ эмас эди. Нозикроқ хато кетган газеталар баъзан босмахонада қайтадан босилар, баъзан эса почтадан ва киосклардан йиғиштириб олиниб, ортга қайтариларди. Харажати… хатога йўл қўйганларнинг бўйнига тушарди.
Шу билан қутулсангиз-ку, майли. Ҳайфсан олиб, 6 ой мукофотсиз қолардингиз.
Бу билан ҳам қутулмаслигингиз мумкин. Агар илгари ҳам интизомий жазолар билан «сийланган» бўлсангиз, жарималарни тўлаганингиздан сўнг кўчага ҳайдалар эдингиз.
Шунақа. Газетчиликни чидаганга чиқарган.
Бу воқега 15 йилдан ошди. Аммо кўпчилигимиз ҳамон эслаб юрамиз…
Январнинг сўнгги кечаларидан бири. Газета босмахонага топширилган, одатдагидан эртароқ босиб бўлинган, ҳамма кетишга тараддудланаётган эди.
Бир пайт саҳифаловчимиз Умиданинг ранги қув ўчиб, хонамга газета кўтариб келди.
– Хато ўтибди, ёмон хато… – деди бармоғи билан саҳифага нуқиб – Эҳ, қандай адашдим… Корректурадагилар ҳам эътибор қилишмабди…
Кўрдим. «Журналистика соҳасида «Олтин қалам» Бош Миллий мукофоти III халқаро танлови…» деган сарлавҳа «II халқаро танлови…» бўлиб турибди-да… яна биринчи ва ички бетда такрорланган.
Уффф… Иккинчи танлов Бош мукофотини жамоамизнинг ўзи олган-ку. Қандай ўтиб кетган бўлса…
Нима бўпти, дерсиз? Биздаги талабчан муҳитда бу фожианинг ўзгинаси эди.
Илож йўқ. Бўйинни эгиб, раҳбарга газетани олиб кирдик.
Бош муҳаррир Нарзулла Равшанов роса дарғазаб бўлди, хатога йўл қўйган саҳифаловчи, навбатчи, навбатчи муҳаррир, мусаҳҳиҳ, мусаҳҳиҳ ёрдамчисини жазолаш бўйича билдирги ёзишимни буюрди.
– Билдирги ҳам, жазолаш ҳам қочмас, газетани тузатишимиз керак, – дедим унга.
– Ўн икки минг тираж босилиб бўлган, – деди Нарзулла ака хуноби ошиб. – Қайта босасиз-да. Нимаям қилардингиз энди…
Секин босмахонадан хабар олдим. Босмахона ходимлари бир йўли бор, аммо жуда қийин эканлигини айтишди.
Хуллас, улар қўрғошиндан қуйилган, эски даврлардан қолган бир неча муҳрча тарзидаги I рим рақамини топиб беришди. Уни қора бўёққа ботириб, II ёнига босиб чиқилса, III ҳосил бўларди. Аммо жуда эҳтиёткорлик билан…
Тепага қайтиб чиқиб, аввал раҳбарни кўндирдим. У ишонқирамай «билганингизни қилинг», қабилида қўл силтади. Кейин ижодий залимизга кириб, ҳаммага эълон қилдим: «Ҳурматли ҳамкасблар, хатони тузатса бўлар экан. Кимнинг вақти ва имкони бўлса, ҳашарга!»
Ишонасизми, хатога сира дахли бўлмаганлар, ҳатто ҳисобчию хўжалик ишлари мудиригача ҳашарга тушибди. Пастда 12 минг ададли газета тоғдай уюлиб ётарди. Кимдир машина чақириб, 500 тасини уйига олиб кетди. Кимдир варақлаб турди, кимдир муҳр босишга тушди.
Қорли изғирин тун, босмахона цехи муздай совуқ эди. Мусаҳҳиҳ опамизнинг этигидан сув ўтган экан. Оёғи музлаб қолай деса ҳам ишни тарк этмади. Ҳашарчиларга кечки овқат учун сомса топиб келтирдик. Ҳамманинг қўли, юзи, бурни қора, сомса кавшаб, бир-бирига қараб кулади…
Ниҳоят аҳиллик ва оқибат ғалаба қилди. Эрта тонгдан хато тўлиқ бартараф этилиб, газета почта ходимларига топширилди…
«Биз – келажакмиз!»
Тўқсонинчи йиллар охирида анча ислоҳотчи бўлган бош муҳаррир Норқобилов газетани компьютерлаштирди, офсет усулида босишга ўтилди. Шунингдек, анча-мунча ёш мухбирларни ишга олди: Ботир Темиров, Ҳулкар Норқобилова, камина… Кейинроқ Толиб Темиров, Азиз Нурий (Азиз 16 ёшда эди ўшанда…), Камолиддин Каримов, Собир Нарзиев…
Бу анъана ва ислоҳотлар Нарзулла Равшанов раҳбарлик қилган йилларда анча ривожланди: газета рангли чиқа бошлади, Назарали Тиллаев, Сарвар Очилов, Баҳодир Ҳалимов, Баҳодир Мусаев, Асрор Аллаёров, Динара Ортиқова, Феруз Холмирзаев, Нилфия Нуриддинова… бир қатор ёш овозлар кашф қилинди, тарбияланди…
Ҳар бирлари ўз йўлларини, услубларини топиб олишди бу ерда… Нуфузли ижодий танловларда муваффақият қозонишди.
Бир куни анча қизиққон бўлган истеъдодли шоир укамиз Баҳодир Ҳалимов (Баҳодир Баҳром) бош муҳаррир билан тортишиб қолди.
Баҳодир олис тоғ туманидан сафардан қайтиб, ишнинг натижаси ҳақида раҳбарга ҳисоб бергани кирган экан. Қаттиққўл Нарзулла ака ишни чала қилганини айтиб, унга туманга қайтиб кетишини буюрди.
Алам ва ғазабдан дадилланган шоиримиз тўғри раҳбарнинг тепасига бориб, шундай деди:
– Менга қаранг, ўртоқ бош муҳаррир, тан оласизми, йўқми, Сиз – ўтмишсиз, биз – келажакмиз!
Шундай дея эшикни ёпиб чиқиб кетди…
Нарзулла ака шу гапидан кейин уни ҳайдаб юборса керак, деб ўйлаган эдик. Аксинча, раҳбарнинг шоирга ҳурмати ошди. «Мана шундай дадил ёшлардан ҳақиқий журналист чиқади», деди завқ билан…
Дарвоқе, жаноб «Келажак» кейинроқ анча йиллар пойтахтда турли нашрларда, «Маҳалла» телеканалида ишлади, Шаҳрисабз тумани ҳокимининг матбуот котиби бўлди, ҳозир «Ишонч» газетасининг вилоятдаги мухбири… Катта шоир ҳам!
Газета – бу…
Бундан 7 йил муқаддам ижтимоий тармоқдаги гуруҳда айрим блогерлар газетчиларга роса «тош» отишди.
Нима эмиш – газетадагилар мажбурий обуна ортидан кун кўрадиган текинхўрлар эмиш. Газета эса ўчоққа тутантириқ ёки яна бирнималарга ярармиш холос… Уларнинг даври тугаганмиш…
Юракни оғритадиган таъналар эди. Мана бу мисраларни ўша гуруҳда ёзгандим. Менимча, шу ўринда такрорлашнинг мавриди келди…
«Газета – бу Қадрият. Гарчанд бугун қадрини сал йўқотган бўлса ҳам… Қадриятидан узилганлар ҳалокатга маҳкум.
Газета – бу Тарих. Эски аксиома: тарихи йўқнинг келажаги йўқ. (Дарвоқе, Ленин, Сталин, Брежнев сурати бор газетадан ҳам ҳикмат топиш мумкин).
Газета – бу Бонг. Вақтида жадидлар айнан у орқали миллатни уйғотган, кўзини очган. Бугун атрофимизда урчиб кетган «трол»лардан фарқли ўлароқ ҳалқум эмас, халқим деган…
Газета – бу Келажак. Бир кун келиб одамлар авом «пресса»сидан зерикиб, асл публицистикани соғиниб қолишади. Ҳеч бўлмаса, Хослар…
Газета – бу Қозон. Кўпнинг ризқи қайнаган қозон. Оғзи куйган бориб қозонга тупурмайди.
Газета – бу Профессионаллик. ОАВдаги ва ижтимоий тармоқлардаги бошқа «про-про»лар ундан кейин пайдо бўлган.
Газета – бу Тил, Имло, Этика.
Газета – бу Ота. Бир умр симли телефон хизматида ишлаб, бола-чақа боққан, кексайганида айфонни билмагани учун ўз болаларига мазах бўлган ота…
Газета – хокисор Жабрдийда. Мажбурий обуна ортидан семирганлар учун У жавоб бермайди.
Газета – бу Театр саҳнаси. Кинодан баландроқ ва… муқаддас.
Газета – бу Шошмақом. Уни эшитмаганлар ва тушунмаганлар учун у айбдор эмас.
Газета – бу Трамплин. Минглаб ТВчилар, радиочилар, блогерлар учун…
Газета – бу Мактаб. Муаллими кўчада янтоқ чопиб, Россияга бориб келган шогирди минган машинанинг чангида қолган…
Газета – бу Дарё. Кимдир хас ташлагани билан булғаниб қолмайди. Оқаверади!»
* * *
Битикларимизга нуқта қўйиш жуда оғир кечди. Ахир қанчадан-қанча масрур ва маҳзун ҳикояларимиз қолиб кетяпти…
Ҳали кўп ёзамиз шекилли…
Таниқли ёзувчи Хайриддин Султоннинг «Навоий 30» деган асари бор. Пойтахтдаги шу манзилда жойлашган ижод масканлари ҳаётидан ҳикоя қилинади бу китобда…
Мен ҳам, насиб этса, шу даргоҳнинг фарзанди сифатида «Қашқадарё»нинг бетакрор мактаби, беназир одамлари ва безавол йўли ҳақида шундай руҳдаги китоб ёзишни ният қилганман…
Унгача азиз «қашқадарё»чиларимни касб байрами билан табриклайман!
Сизлар – зўрсизлар, қадрдонларим… Зўрсизлар!!!
Олтин қаламларингиз янада ўткир бўлаверсин!
Нуриддин ЭГАМОВ,
журналист