1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Шавкат МИРЗИЁЕВ:
Донишмандлар айтганларидек, мамлакат аввало ердан ризқ-насиба ундирадиган деҳқонлар, халқни ёвдан, турли ёвузликлардан ҳимоя қиладиган аскарлар, ёш авлодга таълим ва тарбия берадиган фидойи муаллимларнинг саъй-ҳаракати билан обод ва фаровон бўлади.
Ёшларнинг ўз келажак ҳаёти чизгиларини белгилаб олишида устознинг ўрни беқиёс. У билим улашади, қалбларда маънавият чироғини ёқади, ўғил-қизларимиз кўзлаётган юксак марраларга етиб бориш йўлларини ёритади. Шу боис ҳам халқимиз азалдан ўқитувчиларни ардоқлаб, «устозлик – саодат, устозлик – шараф» дея улар меҳнатини улуғлаб келади.
Китоб туманидаги 50-мактабнинг математика фани ўқитувчиси Парвоз Элмирзаев меҳнаткаш, касбига садоқатли ва ишидан натижа чиқариш учун астойдил изланадиган устозлардан бири. У 25 йилдан буён вилоятнинг олис бир қишлоғидаги ўрта таълим ташкилотида ёшларга илм ўргатиш масъулиятини елкасига олиб, юзлаб шогирдлар тайёрлаб келмоқда.
– 1995 йилда мактабни бирга битирган 56 нафар синфдошимиз орасидан икки нафаримиз олийгоҳга кирдик, – дейди Парвоз Элмирзаев. – Ўша вақтларда бу қишлоғимиз учун катта воқеа эди. Ўқидим, бироз ўйинқароқлик билан ўтган талабалик даври якунлангач, ўқитувчилик фаолиятим бошланди. Шунда бу касб нақадар шарафли, масъулиятли ва машаққатли эканини англаб етганман.
Устознинг фикрича, ҳар бир ўқувчи камолотида аввало тарбия асосий ўрин тутади. Агар бола тарбияли, илмга чанқоқ бўлса, билим ҳам унга осон кўчади. Шу нуқтаи назар билан Парвоз Элмирзаев фаолият олиб бораётган мактабда ўқувчилар 9-синфдан кейин қизиқиши ва қобилиятига қараб сараланади. Касб-ҳунарга мойиллар ўрта-махсус таълимга йўналтирилади, олий таълимга интилувчилар эса шу мақсадда тайёрланади. Натижада мактаб битирувчилари сафидан олийгоҳларга кириш кўрсаткичи ортиб келмоқда.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилишга, тизимга илғор халқаро тажрибаларни олиб киришга жиддий эътибор қаратилаяпти. Шу билан бирга ўқитувчиларнинг мавқеини кўтариш, жамиятдаги ўрнини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар ҳам амалга оширилди. Маошлар сезиларли ошди, улар фаолиятини рағбатлантириш, қўллаб-қувватлашга қаратилган замонавий дастурлар жорий этилди, дарсликлар мазмунан янгиланди. Устозларнинг касбий малакаси оширилиб, улар учун яратилаётган ижтимоий имтиёзлар педагоглик касбига бўлган қизиқишни кучайтириб юборгани ҳам бор гап.
Парвоз Элмирзаев бу ўзгаришларга гувоҳ ва таълимдаги ислоҳотларнинг бевосита фаол иштирокчиси ҳамдир. Унинг сўзларига кўра, 2015 йилгача олийгоҳларга тайёрлаган шогирдларидан бор-йўғи уч нафари педагогликни танлаган. Бироқ бугунги кунда вазият кескин ўзгарди, мисол учун, мактабнинг шу йилги битирувчиларидан 13 нафари педагогика йўналишига ўқишга кирган.
– Математика фанларнинг шоҳидир, – дейди устоз. – Унга ҳар бир соҳада эҳтиёж бор. Шу боис дарсларимни ҳаётий мисоллар билан боғлайман. Бинобарин, математикани яхши ўзлаштирган ўқувчи ҳаётда ҳам қийналмайди.
Унинг чорак асрлик фаолияти самараси ҳозирда турли соҳаларда иш олиб бораётган юзлаб шогирдлари мисолида яққол намоён бўлмоқда. Ишига садоқат ва меҳр билан ёндашган устознинг меҳнати давлат томонидан ҳам муносиб эътироф этилди. У 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Президентимизнинг тегишли фармонига кўра, «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
– Президентимизнинг таълим соҳаси ходимлари билан мулоқотида қатнашиб, жабҳада яратилаётган кенг имкониятлар, юксалишни яқиндан ҳис этдим, – дейди Парвоз Элмирзаев. – Мукофотдан ифтихор туйдим, бу менга бир вақтнинг ўзида янада катта масъулият ҳам юклади.
Устоз бундан буёғига ҳам шогирдларига сифатли таълим бериш, улар юксак натижаларга эришиши учун бор куч-ғайратини сафарбар этиш ниятида.
Баҳодир ҲАЛИМОВ
