Сараланган сатрлар
Шундай асарлар борки, улар орқали адиб мансуб халқни, элатни яхши кўриб қоласиз, ҳурматингиз ошади. Тўлепберген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов, Муратбай Низанов, Кенгисбой Каримов китоблари қорақалпоқ халқининг буюклигини намоён этиши баробарида узоқ ва яқин ўтмишнинг кўпчиликка қоронғи саҳифаларидан сўз очади. Бугун Кенгисбой Каримов қаламига мансуб “Оғабий” романи ҳақида сўз юритамиз.
Асарда ХИХ аср қорақалпоқ халқи ҳаётидан лавҳалар бадиий тасвирланади. Бош қаҳрамон – Эрежеб Қулчи бий ўғли Оғабий тарихий шахс бўлиб, ўз халқининг эркин ва озод ҳаёти учун гоҳо қўшнилар билан дипломатик муносабатлар олиб борган, гоҳо жангу жадалларда от сурган. Унинг номи қорақалпоқ халқи юрагида баҳодир ва донишманд йўлбошчи сифатида абадий қолган.
Мутолаа давомида ўқувчилар қорақалпоқ халқининг тарихи, урф-одатлари, бепоён чўлларнинг сўлим ва бешафқат табиати, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳақидаги қизиқарли ҳамда янги маълумотларни билиб олади.
Роман икки китобдан иборат бўлиб, бири “Кўч”, иккинчиси “Ота юрт” деб номланади. “Кўч”ни ўзбек тилига таниқли шоир Рустам Мусурмон ўгирган. Кўч – йўлга чиқиш, сафарга отланишдир. Карвон – маълум бир йўловчилар ёки савдогарлар тоифасининг бир юртдан бошқа юртга йўл олган, юк ортилган туялар, отлар, аравалар сафи бўлса, кўч – бир элнинг бутун борлиғи, мол-дунёси, аҳолисидир. Олис йўлда кўчни турли бало-қазолардан, офату таҳдидлардан омон-эсон олиб ўтиш, кўзланган манзилга тўкис-тугал етказиш учун халққа доно, узоқни кўрадиган, қийинчиликлар ва хавф-хатардан қўрқмайдиган ботир йўлбошчи керак. Қулчи бий ва унинг ўғли Оғабий зиммасидаги масъулият айни шундан иборат эди.
Хўш, қорақалпоқлар қаерга ва нима сабабдан кўчишади?
Маълумки, қорақалпоқларнинг халқ сифатида шаклланиш жараёни узоқ асрларга бориб туташади. Бижанаклар, ўғузлар, қипчоқлар, қирғиз, Олтин Ўрда, қозоқ, туркман ва ўзбек қабила бирлашмалари билан турли даражадаги алоқалар қорақалпоқ халқи тарихида муҳим ўрин тутган. Бугунги кунда қорақалпоқлар Қорақалпоғистон Республикасидан ташқари Фарғона, Хоразм, Навоий, Бухоро вилоятларида, қўшни Туркманистон, Қозоғистон, Россия, Афғонистон, Эронда истиқомат қилишади. Баъзан сиёсий, баъзан ижтимоий-иқтисодий сабаблар “қора бўркли”ларнинг ёйилиб яшашига сабаб ҳозирлаган.
“Оғабий” романида қайд этилишича, Бухоро амири Шоҳмурод Қўқон хонлигидан бўладиган ҳамла ёки юришларнинг олдини олиш учун чегарадош ерларга жанговар қипчоқ – қорақалпоқ уруғларини кўчириб жойлаштириш, зарур бўлган пайтда уларнинг кўмагига таяниш, шу йўл билан мамлакат тинчлигини сақлашни мақсад қилади. Шунга биноан, оқсоқол Қулчи бийни ҳузурига чорлаб, минг уйли – икки минг уйли қорақалпоқларни кўчириб келишни тайинлайди.
Аммо отасининг ўрнига тахтга ўтирган Амир Ҳайдар манғитларга кўпроқ суянар, шу боис аскарлар билан аскарбошилар ичида манғитлар кўпчиликни ташкил этарди. Манғитлар ва қипчоқлар ўртасида арзимас сабаб туфайли юзага келган келишмовчилик оқибатида Қулчи бий ўз уруғдошларини ота юрти – Чимбой сари қайтариб кетишга мажбур бўлади.
“Олти элат қорақалпоқнинг пешонасига кўчиб-кўниш юриш ёзилганмикан? Хитой билан қипчоқ, Қўқон ва Бухоро орасида, кенагас билан манғитлар Бухоро ва Хоразм ўртасида жойлашиб, кўчиб-қўнади.
Ёзда сув бўйига кўчса, қишда қишловга қайтади. Ўтроқлашиб, деҳқончилик қилишга бўйинлари ёр бермайди. Амударёнинг оёғидагилар Хивага фуқаро бўлиб, Чимбой, Қўнғирот, Давқора атрофларида деҳқончилик қилишади, дарёнинг қуйилишидаги кўллар ва денгиз ёқалаганлари балиқ ва ов овлаб, мол боқади”; “Душмандан қўрқиб от бошини тортмаган, ғайбар эл эдик. Уруғ-уруғ бўлдик, элат-элат бўлдик, ер талашдик, яйлов талашдик, бийлик талашдик. Бунинг оқибатидан қут кетиб, ют келди. Туркистонни ота юрт билиб яшаётган қорақалпоқни жунғор келиб бир чопса, кичик юз келиб яна бир чопди-да, Туркистондан кўчишга сабабчи бўлди”, дея асар қаҳрамонлари тилидан кўчишнинг турфа сабаблари келтирилади.
“Оғабий” романини ўқиб чиқинг – ютқазмайсиз.
***
Ҳей, оналик меҳригиёси, сен одамзод яралгандан буён шум тақдирнинг тошига ким неча марта шишадек урилиб, зарра-зарра бўлиб синсанг ҳам худди ўзи ёнган кулнинг ичида қайта тирилиб чиққан қақнус мисоли яна қайта бино бўлиб, ўз тилсимларинг билан одам боласини лолу ҳайрон этаверадиган қандай меҳригиёсан ўзи?
***
Қандай гуноҳ қилса ҳам ҳар ким икки оёқли одам, барибир Худонинг бандаси. Бу ёлғончи дунёда одамни йўлдан оздирадиган, гуноҳ қилишга ундайдиган шайтоннинг қанчадан-қанча томошалари турибди. Чопқир от, сулув аёл, олғир қуш, югурик този, янги тўн… Булардан бошқа яна қанча эрмаклар тўлиб ётибди. Соқоли селкиллаган мўйсафид одамнинг қўлига тушган бир тиллани кўриб, ёш боладек қувонганини кўп марта учратган. Бойлик ва мартаба-чи? Бойлик ва мартаба одамни қимиз ичгандек маст қилиб юборганини ўзи ҳам бошидан неча марта кечирмаганмиди?
***
Отасиз етим зор етим, онасиз етим хор етим.
***
Кўп қўрқитади, чуқур чўктиради.
***
Ҳар бир жониворнинг ҳаётда бошидан кечирган воқеалардан тўплаган тажрибаси бўлади. Уни одамлар “ҳийла” ёки “айёрлик” деб атайди. Масалан, тулкини ҳийлакор, айёр деб устидан куламиз. У қандай қилиб ҳийлакор ва айёр бўлиб қолган? Албатта, яшаш учун, емиш топиш, хавфдан қутулиш учун. Шумликни, ҳийлакорликни кимдан ўрганган? Бошидан ўтказган воқеалардан олган тажрибалари ўргатади, бошқа ким ўргатарди?
***
Қашқирда йўлбарснинг юраги, бир одамнинг ғайрати, ўн итнинг ақли бор.
***
Итнинг эгаси бўлса, бўрининг Худоси бор.
***
Бош ёрилса, бўрк ичинда, қўл синса, енг ичинда.
***
Кўчган ерда косовинг қолади.
***
Зар билан оқ девнинг кўзини ўярсан.
***
“От чопмайди, боб чопади” дейдиганлар ҳам топилади. Бу гапга қўшилиб бўлмайди, албатта. Зотсиз от чопганда қаёққача борар эди. Шундай деймиз-у, аммо Маҳтумқулининг “Хўрозбон қўлига тушса олғир боз, Қанотин қайирар, қадрин не билсин. Бир чўпон қўлига тушса бир олмос, Чақмоқ тоши қилар, қадрин не билсин” деганидай, насли тоза, зотдор, туёғининг шамол бор хоназот сайисига тушмаса, узоқ чопмайди, боби билан совутилиб, тери қотирилиб, ортиқча семиртирилмай парвариш қилинмаса, отнинг оёғига ё ем тушади, ё қадамини нотўғри босиб, оёғи майиб бўлади, ё ёғ босиб, қизиб кетиб йўлда қолади.
***
Пойлаган ёв олмай қўймас.
***
Келгунча қўноқ эр уялади, кейин қўноқ ер уялади.
***
Энг катта хавф икки оёқли махлуқлардан келади, улардан ҳар балони кутса бўлади, уларнинг қўлидан ҳамма ёмон иш келади.
***
Бу ёнга тортса, ҳўкиз ўлмоқчи, у ёнга сурса, арава синмоқчи.
***
Олисда бўлса кишнашган, яқинда бўлса тишлашган.
***
“Сақлансанг, сақларман” деган. Шунинг учун ғафлатда қолмаслик керак. Минсанг, кўлик-уловинг, есанг, томоғинг, элнинг хазинаси ва бойлиги бўлган молни қўриқлаш, уни чўл йиртқичларига, оч бўриларга олдирмаслик учун керак бўлса, чибин жонни гаровга қўйиш зарур. Ҳа, шундай қилиш зарур. Деҳқончилик қиладиган ери йўқ, боғи йўқ, молидан бошқа бойлиги йўқ саҳро халқи мол бошининг омонлиги учун бўрими, бошқа ёввойи ҳайвонми, дуч келган махлуқ билан юзма-юз олишувга ҳамиша тайёр туриши даркор.
***
Инсоннинг бир қобилияти бор. Бу яхшими, ёмонми, бироқ у ҳар қандай шароитга мослашиш уқувига эга.
***
Бир-бирига уйғунлашиб, инсоннинг ўйлаганидай бўлиб ўтадиган воқеалар, нима деганда ҳам, камида юз йилда, ҳеч қурса икки юз йилда бир марта юз берар-ов.
***
Юзбоши айтган эди: “Қийин-қистовли пайтларда дарёга от солсанг, иложи бўлса, чопиб келган от совигунча сувга туширма, сабр қил, тери қотсин, шундан сўнг сувга сол. Оғир кийим, совут, этикни ечиб ташла, азиз бошинг омон бўлса, кийим ҳам, мовут ҳам, этик ҳам топилади. От сузиб бораётганда устига ўтирма, жудаям чарчаган бўлсанг, ёлига осилиб, ёнидан суз”.
***
Ўттиз икки тишдан чиққан сўз ўттиз икки элга тарқалади.
***
Элнинг оғзин тиймоққа эллик қари бўз керак.
***
Ўтрикчи ўликни гувоҳ тутади.
НАСРИДДИН тайёрлади.