Қарши шаҳрида “Битта халқ, битта оиламиз” шиори остида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир турли миллат ва элат вакилларини бир майдонга жамлаб, мамлакатимизда қарор топган дўстлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яна бир бор яққол намоён этди.
Унда араб, рус, тожик, татар-бошқирд, туркман каби маҳаллий турли миллат вакиллари ўзларининг урф-одатлари, қадриятлари, анъаналари, миллий либослари ва маданиятини намойиш этдилар.
– “Битта халқ, битта оиламиз” шиори замирида ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат мужассам, – дейди араб миллий маданий маркази раҳбари Давлат Ёмғиров. – Ана шундай тадбирлар барчамизни мамлакатимизда тинчлик ва барқарорлик муҳитини асраш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга ундайди. Бир юрт, бир мақсад ва бир оила сифатида аҳил яшаш юртимизнинг энг катта куч-қудрати ва келажак тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.
Миллий қўшиқ ва рақслар, халқ амалий санъати намуналари ҳамда маданий чиқишлар иштирокчиларга катта таассурот қолдирди. Бундай тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат, турли миллат ва элат вакилларига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини янада юксалтиришга, энг муҳими, юртимизда тинчлик, тотувлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.
Шоҳиста БОЗОРОВА