Ирландияда аёл 75 ёшли миллионер фермерга турмушга чиқиб, эртаси куни катта меросга эга бевага айланди. Бу ҳақда Daily Mirror манбаси хабар берган.
Айтилишича, Жо Гроганга 2023 йилнинг январида қон саратони ташхиси қўйилган. Шу йили 14 апрелда у ўзидан 26 ёш кичик бўлган парваришловчиси Лиза Флаэрти билан яширинча турмуш қурган. Миллионернинг қариндошлари на тўй ҳақида, на никоҳ ҳақида эшитишмаган.
Никоҳ расмийлаштирилган куннинг эртасида фермер вафот этган. Натижада Лиза Флаэрти бир кунлик никоҳ ортидан қиймати 5,5 миллион еврога баҳоланган 89 гектар майдонли фермани мерос олган.
Шундан буён марҳумнинг оиласи расмийлардан қариндошининг тўсатдан вафот этгани бўйича текширув ўтказишни талаб қилиб келади. Бироқ мамлакат ҳукумати Жо Гроган ўлимига инфекция сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини маълум қилиб, мурожаатни рад этмоқда.